Ҳиндистон Покистон билан муносабатлардаги кескинлик фонида кемага қарши ракеталарни синовдан ўтказди. Бу ҳақда Ҳиндистон ҳарбий-денгиз флоти вакили хабар берди.

Ҳарбий-денгиз флотига кўра, бу “платформалар, тизимлар ва экипажнинг узоқ масофага аниқ ҳужумлар уюштиришга тайёрлигини тасдиқлаш ва намойиш этиш” мақсадида ўтказилган. Синов сўнгги кунларда Покистон билан юзага келган кескинлик фонида амалга оширилди.
Бунга 22 апрель куни бир гуруҳ террорчилар баҳсли Жамму ва Кашмир ҳудудида тинч аҳоли ва сайёҳларга қарата ўт очгани сабаб бўлган. Ҳужум оқибатида 30 га яқин одам ҳалок бўлган. Ҳиндистон ҳужумни Покистон билан боғламоқда. Покистон ҳукумати ҳужумчилар билан алоқаси борлигини қатъиян рад этмоқда.
Ҳиндистон Покистонни террорчиларни қўллаб-қувватлашда айблаб, кескин чоралар кўрган. Жумладан, Аттари назорат-ўтказиш пункти ёпилди. 1960 йилги Ҳинд дарёси сувларидан фойдаланиш бўйича битим дарҳол тўхтатилди. Битим тузилган йили томонлар сиёсий зиддиятларга қарамай, сув ресурсларини тенг тақсимлашга келишиб олган эди. Покистон бу ҳаракатни уруш эълон қилиш деб баҳолаган ва Ҳиндистон учун ҳаво ҳудудини ёпган.
Покистоннинг Исломобод ва бошқа шаҳарларида ўнлаб намойишчилар Ҳиндистоннинг шартномани тўхтатишига қарши норозилик намойишига чиқиб, ўз ҳукуматидан жавоб чораларини кўришни талаб қилган.
Уруш эҳтимоли
Ҳиндистон ва Покистон чегарасида кетма-кет учинчи кеча отишмалар давом этмоқда. Шу билан бирга, Покистон Мудофаа вазирлиги мамлакат Ҳиндистонга қарши ҳарбий ҳаракатларни бошламаслигини таъкидламоқда.
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди 27 апрель куни миллатга мурожаатида Нью Деҳли сайёҳларни ўлдиришда айбдорларни жазолашини айтган.
Дунё икки ядровий давлат — Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги қарама-қаршилик кучайиб бораётганидан хавотирга тушиши керак, деди Покистон мудофаа вазири Хаважа Асиф.
Унинг фикрича, бу можаро “кенг кўламли уруш”га айланиб кетиши мумкин. Шу билан бирга, Асиф низони музокаралар йўли билан ҳал қилиш мумкинлигига умид билдирди.
Изоҳ (0)