Саҳнада, гастрол сафарларида ва қизил йўлакда мукаммал кўринишга эга бўлиш учун машҳурлар ҳар нарсага тайёр. Айримлар спорт ва мувозанатли овқатланишни танласа, бошқалар ўта жиддий турдаги парҳезни маъқул кўради: улар қалампирли коктейллар ичади, нонуштага каперс ейди ва бир муддат тўлиқ очлик эълон қилади. Қуйидаги мақолада машҳур хонанда ва актрисаларнинг энг ноодатий, аммо хавфли бўлган парҳез сирларини жамладик.
Бейонсе — заранг сиропи ва лимонли диета

“Орзумдаги қиз” фильми учун тайёргарлик кўриш пайтида Бейонсе саҳна либосларида идеал кўриниш учун экстремал детоксга мурожаат қилган. Унинг 10 кунлик ягона “таоми” уйда тайёрланган лимонад бўлган: ичимлик оддий сув, лимон шарбати, бир чимдим қалампир ва заранг сиропидан иборат эди. Куннинг қолган қисмида хонанда бошқа ҳеч қандай таом истеъмол қилмаган.
Ушбу оғир парҳез туфайли Бейонсе бир ҳафта ичида 9 килограмм йўқотган, аммо у огоҳлантиради:
“Бундай детокс барчага бирдек мос келавермайди ва умуман олганда, детокс — вақтинчалик чора. Мен тавсия қилган “лимонадли парҳез” организмни тозалаши мумкин, лекин танани чарчатиб қўяди.
Мерайя Кери — фақат лосос балиғи ва каперс

Мерайя Кери чиройли кўриниш учун кўп нарсага тайёр — у ҳатто ошқозоннинг бир қисмини олиб ташлаш операциясини ҳам ўтказган. Хонанда учун парҳез қилиш одатий ҳолатга айланган. Керининг энг ғайриоддий диетаси бу атиги икки маҳсулотдан иборат меню: лосос балиғи ва каперсдир. Таомга у ҳеч қандай гарнир, ширинлик ёки соус қўшмайди.
Нутрициологлар нуқтаи назаридан лосос балиғи — оқсил ва фойдали ёғ манбаи, каперс эса ўсимлик толаларга бой сабзавот, унда оз миқдорда углеводлар бўлади. Аммо бундай тартиб ҳатто кучли ирода эгаларини ҳам қийнаб қўйиши мумкин. Шифокорлар огоҳлантиради: оқсилга бой диеталар тез натижа беради, бироқ буйраклар ва бўғимларга жиддий зарар етказишини ҳам инобатга олиш зарур.
Мадонна — макробиотик парҳез

Хонанда Мадонна 60 ёшдан ошган бўлса-да, унинг қадди-қоматига ҳатто 30 ёшли аёллар ҳам ҳавас қилади. Унинг сири темир интизом ва макробиотик диетадан иборат. Кўп йиллардан бери хонанда шакар, спиртли ичимликлар, қаҳва, гўшт, тухум ва сут маҳсулотларини истеъмол қилмайди. Мадоннанинг рационида тўлиқ дон маҳсулотлари, сабзавотлар, дуккаклилар, балиқ ва денгиз маҳсулотлари бор. Ҳар бирини аниқ нисбатда ўлчаб, калорияларни ҳисоблаб истеъмол қилади.
Макробиотик парҳез — бу нафақат овқатланиш усули, балки ҳаёт фалсафасига асосланган ёндашув. Унинг асосий мақсади танани ички мувозанатга олиб келиш, организмни тозалаш ва табиий ҳаёт тарзига қайтиш. Бу диета қадимги Шарқ фалсафасига таянади ва Японияда айниқса машҳур. Асосий қоидалари:
- Ярим вегетариан парҳез: гўшт, тухум ва сут маҳсулотлари истеъмолдан чиқарилади ёки минимал даражада ейилади;
- Асосий озиқ-овқатлар: бутун донлар, сабзавотлар, дуккаклилар, ёнғоқлар, баъзида балиқ ва денгиз маҳсулотларидан иборат;
- Қайта ишланмаган маҳсулотлар: имкон қадар табиий, консервантларсиз овқатлар танланади;
- Туз ва шакар чекланган: айниқса оқ шакар ва қайта ишланган туз истеъмол қилинмайди;
- Овқатланишда онгли ёндашув: овқатни шошилмай, хотиржам ва фақат оч қолгандагина ейиш керак.
Риз Уизерспун — нонушта, тушлик ва кечки овқат учун болалар пюреси

Актриса Риз Уизерспуннинг ноодатий парҳез усули бор: унга кўра, нонушта, тушлик ва кечки овқат ўрнига болалар пюреси истеъмол қилинади. Ҳар бир овқат учун бир нечта банкачалар ейилади, кунига максимал 1200 килокалория бўлиши лозим. Туз, шакар, кофеин ва бошқа соуслар мутлақо чекланади.
Бундай парҳез, албатта, тезда бир неча килограмм вазн йўқотишга ёрдам беради, аммо уни узоқ давом эттириб бўлмайди. Чунки организмга ўсимлик толали моддалар ва муҳим озуқалар етиб бориши шарт, акс ҳолда турли касалликлар юзага келади. Актрисанинг ўзи ҳам бу усулни вақтинчалик қўллайди:
“Энг асосийси — кўпроқ ҳаракат қилиш ва ортиқча овқатланмаслик”, дейди у.
Изоҳ (0)