АҚШда ноқонуний бўлиб турган ўзбекистонликларни қайтариш чоралари кўрилгани хабар қилинган эди. АҚШ ички хавфсизлик вазири бунинг учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди.

“Биз Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга 131 нафар ноқонуний муҳожирни ўз ватанига қайтариш учун самолёт жўнатишга раҳбарлик қилгани учун миннатдорлик билдирамиз. Хавфсизликни мустаҳкамлаш ва қонун устуворлигини таъминлаш бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттиришни интиқлик билан кутамиз”, дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.
Хабарда маълум қилинишича, Ўзбекистон билан ҳамкорликда депортация қилинган 131 нафар мигрантлар орасида ўзбекистонликлардан ташқари, қозоғистонлик ва қирғизистонлик фуқаролар ҳам бўлган. Fox News телеканалининг хабар беришича, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари Ўзбекистонга келиши билан ватанига жўнатилган. Фуқароларнинг барчасини АҚШдан қайтариш харажатлари Ўзбекистон томонидан қопланган.
АҚШда ноқонуний бўлиб турган фуқаролар 30 апрель куни Uzbekistan Airways’нинг Нью Йорк—Тошкент йўналиши бўйича махсус чартер рейсида олиб келинди.
АҚШда ноқонуний бўлиб турганлар депортация қилиниши
АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти ноқонуний мигрантларни судсиз депортация қилишга рухсат берган. Трамп сайловолди кампаниясидаёқ муҳожирларни оммавий депортация қилишга ваъда берган. 2025 йил февралида Коста Рика Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон ва Ҳиндистон каби давлатларнинг АҚШдан депортация қилинган 200 нафар фуқаросини қабул қилишга рози бўлди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов дипломатик ваколатхоналар Ўзбекистоннинг барча фуқароларига, улар қаерда бўлишидан қатъи назар, ҳар томонлама ёрдам кўрсатишини айтди. 2025 йил февралида 7 нафари Нью Йорк—Тошкент йўналиши бўйича Ўзбекистонга олиб келинди. Март ойи бошларида яна 10 нафар фуқаро АҚШдан Ўзбекистонга қайтарилди.
Депортация қилинадиган Ўзбекистон фуқаролари сони 975 кишини ташкил этмоқда. Умумий ҳисобда, турли давлатлардан 1 445 549 нафар чет эл фуқароси чиқариб юборилади. АҚШдан 2023 йил сентябрдан 2024 йил сентябргача Ўзбекистонга 572 киши депортация қилинган.
АҚШда мигрантлар учун ўз-ўзини депортация қилишга мўлжалланган илова ишга туширилган. CBP Home деб номланган мобил илова ноқонуний мигрантларга ҳибсга олинмасдан, мамлакатни мустақил равишда тарк этиш имконини беради. Улар кейинчалик қонуний равишда қайтиб келиши мумкин бўлади.
Изоҳ (0)