Қозоғистонда айрим фуқаролар урушга боришга даъват этувчи варақалар олгани, уларда Россия Мудофаа вазирлиги ва алоқа маълумотлари кўрсатилганини айтмоқда. Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳолат юзасидан текширув бошлади. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда урушга даъват варақалари акс этган фотосуратлар тарқатилмоқда. Бундай суратларни фуқаролар Tengrinews таҳририятига ҳам юборган. Бундай варақалар Остона, Олмаота, Атирау кўчаларида олингани айтилган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари нима дейди?
Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳозирда кўрсатилган варақаларни интернетга жойлаштириш ҳолатлари бўйича текширув ўтказмоқда.
Шу билан бирга, уларнинг шаҳарлар ва ҳудудларда жисмоний тарқалиши ҳақидаги маълумотлар тасдиқланмади, дейди МХҚ.
Шунга асосан варақалар фақат интернет орқали юборилган бўлиши мумкин. Ички ишлар вазирлиги ҳам варақалар тарқатиш ҳолатларини аниқламаганини маълум қилди.
Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда пул мукофоти эвазига бошқа давлатлар қуролли кучлари билан шартнома тузишни таклиф қилувчи материалларни жойлаштириш ҳолатлари мавжуд, дея қўшимча қилди вазирлик.
Ушбу ҳолатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва махсус органлар томонидан текширув ўтказилмоқда.
Қозоғистонда урушда қатнашганларга қандай жазо қўлланади?
Ички ишлар вазирлиги фуқароларга Қозоғистон қонунчилигига риоя қилишни ва жиддий ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларда иштирок этмасликни қатъий тавсия қилади.
Қозоғистонда фуқароларнинг ёлланиш аломатлари бўлмаган ҳолда бошқа давлатнинг қуролли тўқнашуви ёки ҳарбий ҳаракатларида қасддан ноқонуний иштирок этиши учун 5 йилдан 9 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган (Жиноят кодексининг 172-моддаси).
Агар иштирок ёлланма жангчи сифатида баҳоланса (Жиноят кодексининг 170-моддаси), жиноят оғирлигига қараб, 7 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш, шунингдек, Қозоғистон фуқаролигидан маҳрум қилиш (ёки фуқаролигидан маҳрум қилмасдан) ва мол-мулкни мусодара қилиш жазолари кўзда тутилган.
Яқинда Ички ишлар вазирлиги қозоғистонликларни пул мукофоти олиш мақсадида хориждаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашганлик учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантирган.
2022 йилдан буён Қозоғистонда фуқароларининг хориждаги жанговар ҳаракатларда иштирок этгани учун 97 та жиноий иш қўзғатилган: бештаси 170-модда ва 92-модда бўйича. Яъни камида 97 нафар қозоғистонлик хориждаги ҳарбий можароларда қатнашган.
Изоҳ (0)