Қозоғистон шаҳарларида 9 май куни Россиянинг “Ўлмас полк”ига ўхшаш юришлар ўтказишга рухсат берилмади. Бу ҳақда Current Times хабар берди.

Хабарга кўра, мамлакатнинг энг йирик шаҳри — Олмаота маъмурияти тадбирни ўтказишдан бош тортган. Рус тилида сўзлашувчи аҳоли улуши катта бўлган Павлодар ва Петропавловскда эса расмийлар акцияни интернетда ўтказишни ва фронтчиларнинг фотосуратларини махсус LED-экранларга жойлаштиришни таклиф қилган.
Амалдорлар тақиқ сабабини бўш майдонларнинг йўқлиги билан изоҳламоқда. Тақиқни четлаб ўтишга ҳар қандай уриниш рухсатсиз митинг сифатида баҳоланади. Бу жаримага тортиш ёки ҳибсга олишга олиб келиши мумкин.
“Ўлмас полк”ни қўллаб-қувватловчилар Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевга СССР байроғи билан мурожаат йўллаган. Улар ўзларини “ғалаба ворислари” деб атаган ва совет рамзларида ҳеч қандай қинғирлик йўқлигини таъкидлаган.
9 май куни Олмаота кўчалари бўйлаб “Ўлмас полк” намойиши ўтказилишини истаймиз, унинг муқобили Қозоғистонда “Ботирларга таъзим” деб аталади. Биз ушбу ватанпарварлик туйғуларини намойиш этишга рухсат беришлари учун президентга ва барча маҳаллий ҳокимият органларига мурожаат қилмоқдамиз, деган улар мурожаатида.
Улар ҳокимият вакилларини “антисоветчилар” деб атаган ва тақиққа қарамай юриш ўтказилишидан огоҳлантирган.
Талдиқўрғон, Қизилўрда, Туркистон, Уралск, Атирау ва Қўстанайда ғалабанинг 80 йиллигини нишонлаш режалаштирилмаган. Қозоғистон пойтахтида ҳам худди шундай вазият.
Остона ҳокими Женис Қосимбек кимдир “Ўлмас полк” ташкил этмоқчи экани ҳақида биринчи марта эшитаётганини айтган. У 7 май куни кўп йиллик танаффусдан сўнг шаҳарда авиашоули ҳарбий парад ўтказилишини эслатган.
Петропавловскда ўзларини “кўнгиллилар” деб атаётган одамлар пайдо бўлган. Улар қозоғистонликларни Россия рубли эвазига юришда қатнашишга жалб қилмоқда.
Украинадаги урушнинг 9 майдаги юришларга таъсири
Қозоғистон шаҳарларида “Ўлмас полк” юриши охирги марта 2019 йилда ўтказилган. Кейин коронавирус пандемияси туфайли икки йил давомида оммавий тадбирлар ўтказилмаган.
2022 йилда Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг, акция “Ботирларга таъзим” деб номланган, Георгий ленталар эса миллий рамзлар билан алмаштирилган.
Шунга қарамай, юриш деярли бир хил — Иккинчи жаҳон уруши байроқлари ва қозоғистонлик фахрийларнинг портретлари туширилган колонна ўтишига ўхшаган. 2023 ва 2024 йилларда расмийлар “дунёдаги нотинч вазият, провокациялар эҳтимоли ва мамлакатдаги оғир сув тошқини билан боғлиқ вазият” сабабли юришни бекор қилган.
Қозоғистонликлар юришларга муносабат айнан Украинага босқин туфайли ўзгарганини айтмоқда.
Уруш, албатта, таъсир қилади ва баъзида пропаганда нарративларидан қандай фойдаланиш мумкинлигини кўрсатади. Баъзан ўтган воқеаларни такрорлаш, реванш олиш зарурати каби ғояларни асослаш учун аждодларимизнинг қаҳрамонлик йўлини эслатишдан фойдаланиш мумкин, дейди олматилик фуқаролик фаоли Алнур Ильяшев.
Айрим сиёсатшунослар ҳам ўзгаришларни Қозоғистоннинг Украинадаги уруш билан боғлиқ ассоциациялардан узоқлашишга уриниши билан боғламоқда. Чунки Россияда “Ўлмас полк”га энди Украинадаги урушда қатнашганларнинг портретлари олиб келинмоқда.
Изоҳ (0)