Жорий йил 1-чорагида мамлакатдан чет элга кўчиб кетганлар сони 2024 йил мос давридагидан камайди. Бу ҳақда Статистика қўмитаси маълумот берди.

2025 йил январь—март ойларида Ўзбекистондан хорижий давлатларга 2 371 киши доимий яшаш учун кўчиб кетган.
Қўмитанинг бу галги таҳлилида фуқаролар қайси давлатларга кўпроқ кўчиб кетаётгани тўғрисида рақамлар келтирилмаган. Масалан, 2024 йил биринчи чоракда 2 586 киши чет элга кўчган. Шундан 2 125 нафари Россияни танлаган. Кейинги ўринда Қозоғистонга борувчилар улуши нисбатан кўпроқ бўлган (357 киши).
Охирги 15 йилда фуқаролар энг кўп кўчиб кетган давлатлар Россия ва Қозоғистон бўлган.
Қўмита таҳлилига қараганда, 2021 йил илк чорагида Ўзбекистондан 4 094 киши, 2022 йил мос даврида 1 137 киши, 2023 йил январь—мартида 4 053 киши хорижга кўчган.
Сўнги йилларда аҳоли орасида чет элга кўчиб кетувчилар улуши қисқариб бормоқда. Масалан, 2010 йилда мамлакатдан қарийб 44 420 киши чет элга кўчганди. Орадан бир йил ўтиб (2011 йилда), бу рақам янада катталашган ва 50 816 нафарга етган. 2015 йилгача чет элга кўчганлар сони 30 000 нафардан ортиқ бўлган. Кейинги даврда мазкур кўрсаткич камайиб борди:
- 2016 йилда — 28 069 киши;
- 2017 йилда — 20 772 киши;
- 2018 йилда — 19 006 киши;
- 2019 йилда — 13 229 киши;
- 2020 йилда 13 648 киши чет давлатларга доимий яшаш истагида кўчиб кетган.
2023 йилда 17 336 нафар, 2024 йилда 10 842 нафар ўзбекистонлик хорижга доимий истиқомат қилиш учун кўчган. Ўтган йили четга кўчганларнинг асосий қисми — 81,1 фоизи Қозоғистон, 14,8 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келган. Умумий олганда, охирги 15 йил ичида 405 минг нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари хорижий давлатларга доимий яшаш мақсадида кўчиб кетган.
Изоҳ (0)