22 апрель куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Самарқандга келди. Уни Ўзбекистон ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов кутиб олди. Россиялик мулозим Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан ҳам учрашди.
Лавровнинг кутилмаганда Ўзбекистонга сафар қилгани сабабини сиёсий таҳлилчилар турлича талқин қилмоқда. Айримлар бунга ой бошида бўлиб ўтган “Марказий Осиё—Европа Иттифоқи” биринчи саммити туфайли эканини, бошқалар эса Россиянинг Афғонистондаги режаларига боғлиқлигини айтяпти. “Дарё” ушбу мавзуда экспертларнинг фикрлари билан қизиқди.
Ғарбдан хавотир ва сиёсий ишора
Россия ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган маълумотларда, учрашувда икки томонлама кун тартибидаги масалалар ҳамда Россия президенти Владимир Путиннинг 2024 йил 26—28 май кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида Москва ва Тошкент ўртасида имзоланган ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш бўйича келишувлар ижроси атрофлича кўриб чиқилган.
Шу билан бирга, тақдим этилган расмий маълумотда қўшимча 2 та муҳим масала тилга олинган. Улардан бири — Ўзбекистоннинг Россия бошчилигидаги Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)даги фаолияти ва АЭС қуриш масаласи. Иккинчиси эса Афғонистон.
Россия ТИВ раҳбари Ўзбекистон ҳукумати билан ўтказилган музокаралардан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида, Россия Ғарбнинг Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳукмронлик ўрнатишга уринишларига кескин қарши эканини очиқ баён қилди.
“Биз ҳамкорлик жараёнларини сиёсийлаштиришга, у ёки бу гуруҳ давлатлари томонидан ушбу ва бошқа геосиёсий маконларда ҳукмронлик ўрнатишга уринишлар билан боғлиқ мафкуравий элементларнинг киритилишига мутлақо қаршимиз. Афсуски, иккинчи турдаги уринишлар ғарблик ҳамкасбларнинг ёндашувларида яққол кўзга ташланади. Европа Иттифоқи аъзолари бу ерда айниқса ажралиб туради”, деган Лавров.
Лавровнинг бу оҳангдаги гапларини — Кремлнинг минтақа давлатларига йўллаган огоҳлантирувчи сигнали деб таърифлаш мумкин. Айниқса, россиялик мулозимнинг Самарқанд шаҳридаги “Мотамсаро она” ҳайкали пойида кўрсатган сиёсий ҳаракати — бунга ишорадир.

Москва нега Афғонистонга қизиқиб қолди?
Маълумки, бир неча кун олдин Россия Олий суди Бош прокуратуранинг “Толибон” фаолиятига қўйилган тақиқни тўхтатиб туриш тўғрисидаги даъвосини қаноатлантирди.
Бу билан Россия “Толибон”ни террорчилик рўйхатидан чиқарди. Бундан ташқари, охирги кунларда Кремль расмийларининг Кобулга сафарлари анча кўпайиб қолди.
Табиийки, савол туғилади: нега Россия “Толибон”ни террорчилик рўйхатидан чиқарди? Россия бу билан қандай мақсадларни кўзлаган бўлиши мумкин?
“Дарё” эксперти, сиёсатшунос Мухтор Назиров юқоридаги саволларга қуйидагича жавоб берди.
“Европа Иттифоқи ва Хитой ҳамон Марказий Осиё транспорт йўлакларини ривожлантиришда рақобат ёки ҳамкорлик қилаётганликларини аниқлашга уринаётган бўлса-да, Россия Афғонистон билан алоқаларни фаол равишда мустаҳкамламоқда ва бу айни “Ҳиндистон калити”ни олишга, яъни Ҳинд океанига чиқишга интилмоқда. Бу расмий Москва ва Кобул ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишида намоён бўлмоқда.
Ҳозирда Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиёнинг транспорт ва энергетика тизимларини бирлаштиришга қодир бўлган Евросиё инфратузилма марказларининг янги ҳеартланд (“юраги”)га айланмоқда ва бу жараён ортида турган давлатлар минтақавий кун тартибига таъсир кўрсатиши мумкин.
2025 йил 15 февраль куни Афғонистон жамоат ишлари вазири Муҳаммад Исо Сани Россиянинг Кобулдаги элчиси Дмитрий Жирнов билан учрашувда стратегик аҳамиятга эга Саланг магистралини реконструкция қилиш ва 1958—1964 йилларда қурилган, тахминан 4200 метр баландликдаги Саланг довони орқали жанубий ва шимолий ҳудудларни боғлайдиган янги йўл туннели — “ҳаёт йўли” қурилиши муҳокама қилди.
Шунингдек, Россия ускуналари, қурилиш техникаси ва материалларини етказиб бериш масаласи ҳам кўриб чиқилди. “Толибон” делегацияси ташаббусларни муҳокама қилиш учун Россияга ташриф буюришни режалаштирмоқда”, дейди у.

Қайд этиш керакки, 2025 йил 8 апрель куни Россия Федерацияси ва Ўзбекистон транспорт вазирлиги, шунингдек, “Россия темир йўллари” акциядорлик жамияти ва “Ўзбекистон темир йўллари” ўртасида Трансафғон темирйўли лойиҳасини амалий амалга оширишни бошлаш бўйича ҳужжатлар имзоланган эди.
Унга кўра, 2025 йилда Россиянинг ихтисослашган лойиҳа ташкилотлари ўзбекистонлик ҳамкасблари билан биргаликда келишилган йўналишлар бўйича Трансафғон темирйўлини қуриш лойиҳасининг техник-иқтисодий асослари бўлимларини тайёрлашни, шу жумладан юк ташиш ҳажмлари ва иқтисодий самарадорлик прогнозларини аниқлашни таъминлайди.
Ҳозирда Трансафғон магистралида 2 та йўналиш белгилаб олинган. Булар: Мозори Шариф—Ҳирот—Диларам—Қандаҳор—Чаман ва Термиз—Наибобод—Лўгар—Харлачи.
Ушбу лойиҳаларни муҳокама қилиш бўйича биринчи сессия 2025 йил 15—16 май кунлари Қозон шаҳрида ўтказиладиган “Россия—Ислом дунёси” форуми доирасида бўлиб ўтиши режа қилинган.
Сиёсатшуноснинг қўшимча қилишича, Россия Афғонистон орқали йўналишларни диверсификациялаштириш тарафдори.
“Қозоғистон ва Туркманистон ҳам Афғонистон орқали йўналишларни фаол илгари сурмоқда. Қозоғистон Туркманистон ва Афғонистон билан ҳамкорликда темирйўлнинг Афғонистон ҳудудидаги “Тургунди—Ҳирот—Қандаҳор—Спин Булдак” участкаларини қуришда, материаллар ва муҳандислик ечимлари билан таъминлашда иштирок этишга тайёрлигини билдирган. Бу ғарбий йўналиш ҳисобланади.
2024 йилнинг июль ойида ушбу йўлакни ривожлантириш бўйича Россия, Қозоғистон, Эрон ва Туркманистон ўртасида, жумладан, Трансафғон темирйўлининг ғарбий тармоғидан фойдаланиш бўйича йўл харитаси имзоланган эди. Эҳтимол, барча иштирокчилар ўз ресурсларини битта йўналишда жамлаши мумкин. Термиз—Мозори Шариф—Кобул—Пешовар шарқий тармоғи фаол илгари сурилганини ҳисобга олсак, энди томонлар Ҳирот ва Қандаҳор каби вилоятлар ҳудуди орқали ғарбий тармоққа мойил бўлиши мумкин.
Россия Марказий Осиёда трансафғон лойиҳалари (транспорт ва энергетика) орқали ўз иштирокини мустаҳкамламоқда, чунки минтақа давлатлари Россияни Жанубий Осиё мамлакатлари, шунингдек, потенциал равишда Яқин Шарқ ва Шарқий Африка билан боғлайдиган стратегик транзит хабига айланиши мумкин”, дея таъкидлади Мухтор Назиров.
Сиёсий таҳлилчи, Жаҳон иқтисодиёти дипломатияси университети қошидаги Истиқболли халқаро тадқиқотлар институти катта илмий ходими Наргиза Умарова “Дарё” журналисти билан суҳбатда, АҚШ Россия учун Афғонистонга кириш йўлларини очиб бераётганини, Россия эса фақат Ўзбекистон орқали Афғонистонга кириши мумкинлигини айтди.
“Россиянинг Афғонистонда фаоллашувига Америка тўсқинлик қилмайдими? Ҳозир АҚШ ўзига асосий рақиб сифатида — Хитойни кўрмоқда. Чунки Россия нафақат темирйўл қурмоқчи, балки Афғонистонга инвестиция киритмоқчи. Хитой Афғонистондаги минерал ресурс конларини деярли эгаллаб олди. Россия Афғонистондаги иқтисодий фойда келтирувчи тўлиқ Хитой қўлига топширишни истамайди. Ўз навбатида Америка ҳам.
Эътибор берсангиз, ҳозир АҚШ Хитойни барча жойдан сиқиб чиқаришга интилмоқда. Афғонистонда Америка билан Россия манфаатлари ҳамоҳанг келмоқда. Айни шу омил туфайли Қўшма Штатлар Россиянинг бу ҳудудга кириши учун йўл очиб бермоқда. Россия эса Ўзбекистонсиз Афғонистонга кира олмайди.
Бу билан АҚШ минтақада Россиянинг таъсирини кучайтириб юбормайдими, деган савол туғилади. Аслида, Америка бу орқали Марказий Осиё давлатларида кучайиб кетган Хитой таъсирини қирқишни кўзламоқда”, деди Умарова.
Хулоса қилганда, Лавровнинг Ўзбекистонга ташрифи 2 та муҳим омил юзасидан амалга оширилган бўлиши мумкин. Биринчиси — минтақа мамлакатларининг Европа Иттифоқи билан яқинлашувидан хавотир. Иккинчиси — Афғонистон билан боғлиқ истиқболдаги лойиҳалар.
Изоҳ (0)