Россиянинг АвтоВАЗ компанияси Ўзбекистон бозорига Lada Granta ва Iskra моделлари билан қайтишни режалаштирмоқда. “ТАСС”нинг хабар беришича, бу ҳақда компания раҳбари Максим Соколов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, АвтоВАЗ экспорт бозорларида ўз иштирокини тиклаш ва кенгайтиришни бошлайди.
“Биринчи навбатда, албатта, бу Беларусь бозори, 2022 йилгача бўлган савдо ҳажмларимизни тиклаш режалаштирилган Ўзбекистон ва Қозоғистон”, деб таъкидлаган Максим Соколов.
Компания раҳбарининг таъкидлашича, Lada Granta ишлаб чиқаришдан аста-секин воз кечилади ва 19 апрель куни Толяттида серияли ишлаб чиқарилиши бошланган Lada Iskra ишлаб чиқариш ҳажмини оширилади. Ҳозирча АвтоВАЗ Lada Granta моделига талаб мавжудлигини ҳисобга олиб, уни ишлаб чиқаришни давом эттираверади.
Ўзбекистонда Lada автомобиллари
Ўзбекистонда 2020 йилда Roodell дилерлик тармоғи орқали 5 мингдан ортиқ Lada автомобиллари сотилган. Lada автомобилларини серияли ишлаб чиқариш 2021 йилда бошланганди. Маҳаллий бозор учун учта модел — Vesta, Largus, XRay автомобилларни йиғиш ишлари Жиззах эркин иқтисодий зонасида жойлашган ADM Jizzakh автомобиль заводида йўлга қўйилганди.
2022 йилда Ўзбекистонда Lada автомобилларини ишлаб чиқаришнинг тўлиқ циклини йўлга қўйиш лойиҳаси устида ишланаётгани маълум қилинди. Концерн Жиззахда йилига 30 мингтагача автомобиль ишлаб чиқаришни режалаштирганди.
2023 йил апрелида АвтоВАЗ раҳбари Максим Соколов Ўзбекистонда Lada Vesta янги моделини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режасини эълон қилди. Ўша йилнинг сентябрида АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси АвтоВАЗни санкциялар рўйхатига киритди.
Изоҳ (0)