Ўзбекистонга Қозоғистон орқали етказиладиган Россия газининг йиллик ҳажмини 2038 йилгача 11 миллиард куб метргача ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон энергетика вазири Ерлан Аккенженов маълум қилди.

Россия газининг Ўзбекистонга транзити 2023 йил октябрь ойида йўлга қўйилган. Шу йили 1,28 миллиард куб метр газ етказиб берилган.
2024 йилда 5,6 миллиард куб метр, 2025 йилда 7,3 миллиард куб метрга етказиш ва 2038 йилга бориб 11 миллиард куб метрга ошириш режалаштирилган, деди Аккенженов.
Кўрсатилган ҳажмлар “Газпром” ва Қозоғистон ҳукумати ўртасидаги стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битимда назарда тутилган. Россия ва Ўзбекистон ўртасида ҳажмларни ошириш бўйича шартнома ҳали тузилмаган.
Аккенженовнинг сўзларига кўра, 2025 йилда Қозоғистон Хитойга 36,2 миллиард куб метр ўзбек ва туркман газининг транзитини таъминлайди, бу ўтган йилги даражага тўғри келади.
Ўзбекистонга Россиядан газ импорти
2023 йил 7 октябрдан Ўзбекистон Қозоғистон ҳудуди орқали “Марказий Осиё—Марказ” газ қувурида Россиядан газ импортини бошлаган эди. UzGasTrade ва “Газпром экспорт” МЧЖ ўртасидаги икки йиллик шартномага кўра, кунига 9 миллион куб метр ёки йилига қарийб 2,8 миллиард куб метр газ етказиб бериш кўзда тутилган.
Ўзбекистон ҳукуматининг “2024 йил I чорагига мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2024—2030 йилларда магистрал газ қувурларини модернизация қилиш дастури биринчи босқичида 500 миллион доллар ажратиш режалаштирилган. Шу орқали табиий газ қабул қилишни кунига 32 миллион куб метргача ошириш кўзда тутилган эди.
Изоҳ (0)