Бир йил ичида республикада фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари сони 27 105 тага камайди. Бу ҳақда Статистика қўмитаси таҳлилида баён этилган.
-6Sy5l0NM.avif)
2024 йил 1 апрелидан жорий йилнинг апрелигача мамлакатдаги корхоналар сони 404 676 тадан 377 571 тага (шундан 372 887 таси кичик бизнеслар) камайди. Бизнеслар сонининг қисқариши 2023 йилда ҳам сезиларли кечганди. Яъни 2022 йил апрелда ишлаб турган 479 086 та корхонадан, 12 ой ўтиб 420 759 та қолган.
Қўмита пресс-релизида қайд этилишича, бугун ҳудудлар бўйича энг кўп фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари Тошкент шаҳрида — 89 915 та. Энг кам кўрсаткич Сирдарё вилоятида — 9 241 та.
Мамлакатда корхоналарнинг энг кўп қисми савдо тармоғида ишлайди — 144 349 та. Кейинги ўриндларни саноат (56 321 та), қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги (31 738 та), қурилиш (27 840 та) эгаллаган. Шу билан бирга, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар соҳасида 27 247 та, ташиш ва сақлашда 16 104 та, ахборот ва алоқада 9 912 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда.

Ўзбекистонда чет эл инвестициялари иштирокида фаолият кўрсатаётган 15 739 та корхонадан 4 031 таси қўшма, 11 708 таси хорижий корхоналардир. Бир йил давомида республикада хорижий инвестициялар иштирокида фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 1 513 тага кўпайган. Бу асосан савдо соҳасидаги корхоналар сонининг 5 056 тадан 5 686 тага (ўсиш 630 тага), ахборот ва алоқа соҳасида 917 тадан 1 131 тага (ўсиш 214 тага) ва қурилиш соҳасида 956 тадан 1146 тага (ўсиш 190 тага) ортиши билан боғлиқ.
Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар сони бўйича етакчи ўринни Хитой эгаллаган (3 711 та). Бу хорижий инвестициялар иштирокидаги фаолият кўрсатаётган корхоналар умумий сонининг 23,6 фоизини ташкил этди. Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритган мамлакатлар орасида Россия (19,3 фоиз), Туркия (12,3 фоиз), Қозоғистон (6,9 фоиз) ва Жанубий Корея (4,2 фоиз) ҳам бор.
Изоҳ (0)