Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар капитали иштирокидаги корхоналар сонида Афғонистон улуши ошди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларида келтирилишича, 2025 йил 1 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 15 739 та чет эл инвестицияси иштирокидаги корхона ва ташкилотлар фаолият кўрсатмоқда. Улардан 4 031 таси қўшма корхоналар ва 11 708 таси хорижий корхоналар ҳисобига тўғри келган. Бундай корхоналар сони март ойидаги кўрсаткич билан таққослаганда 236 тага ёки 1,5 фоизга ошди.
Афғонистон илк бор хорижий давлатлар капитали иштирокида корхоналар сони бўйича топ бешликка кирди. Айни пайтда Ўзбекистонда Афғонистон инвестицияси иштирокида 672 корхона ва ташкилот фаолият юритмоқда.
Миллий статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2025 йил январь—февраль ойларида Ўзбекистон экспортида юқори улушга эга бўлган давлатлар орасида Афғонистон учинчи ўринда бўлди (209 миллион доллар). 2024 йилда Ўзбекистон экспортида юқори улушга эга бўлган давлатлар орасида Афғонистон Россия, Хитой, Қозоғистон ва Туркиядан кейин бешинчи ўринда қайд этилган (1,1 миллиард доллар).
2024 йилнинг августида “Термиз” халқаро савдо маркази очилганди. Мазкур эркин савдо зонаси Сурхондарё вилояти Термиз туманида, Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасида жойлашган бўлиб, қиймати 70 миллион долларни, умумий майдони 36 гектарни ташкил этади.
Март ойининг бошларида Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида Ўзбекистон савдо уйи очилди. Ушбу савдо уйи 220 квадрат метр майдонда жойлашган бўлиб, тадбиркорларга маҳсулотларини Афғонистон бозорига чиқариш, ҳамкорлар топиш ва экспортни кенгайтириш учун қулай платформа яратади. Унда фармацевтика, электротехника ва қурилиш материаллари учун доимий фаолият юритувчи шоурум ва омборхона мавжуд. Кобул шаҳрида Ўзбекистон қурилиш материаллари учун савдо уйи ҳам очилди.
Ўзбекистон президенти 4 апрель куни “Марказий Осиё—Европа Иттифоқи” биринчи саммитида сўзлаган нутқида афғон томонини минтақавий иқтисодий жараёнларга, жумладан, инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, ижтимоий соҳани қайта тиклаш йўли билан фаол жалб этиш зарурлигини таъкидлаганди.
Ўзбекистон ва Афғонистон савдо алоқалари
Март отида икки давлат ўзаро савдо ҳажмини 3 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. 2024 йил октябридан Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида имтиёзли савдо келишув битими ишга тушган. Битим доирасида келишилган қатор маҳсулотларга, шу жумладан, Афғонистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, гиламларга, айрим қурилиш материалларига импорт божлари бекор қилинган.
Бош вазир Абдулла Арипов 2024 йил августида Кобулга ташрифи давомида ўтказилган музокараларда Афғонистон билан савдо алоқаларини ривожлантириш, энергетика соҳасидаги самарали ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш, мис, темир, нефть-газ конларини биргаликда ўзлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, транспорт-логистика, қишлоқ ва сув хўжалиги, таълим, ҳудудлараро муносабатларни янада чуқурлаштириш юзасидан фикр алмашилганди.
2025 йил февралида Абдулла Арипов “Толибон” бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Ғани Бародар билан ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш, савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашганди.
Изоҳ (0)