Россиялик депутат Сергей Миронов пора эвазига ҳужжат олган мигрантларни мамлакатдан чиқариб юборишни таклиф қилди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.
-CU1V7dHh.avif)
“Адолатли Россия” партияси вакили бўлган Миронов миграция соҳасида қонунбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш зарурлигини айтди. У соҳадаги коррупцион жиноятлар оқибати нафақат пора олган мансабдорларга, балки ноқонуний йўл билан ҳужжатни қўлга киритган мигрантларга ҳам тааллуқли бўлиши кераклигини айтди.
Депутат яқинда Пенза вилоятида миграция бўлими раҳбари ва унинг ходимлари пора олиш айби билан ҳибсга олинганини эслатди. Тергов маълумотларига кўра, тадбиркорлар мигрантларни легаллаштириш ва уларни текширувлардан олдин огоҳлантириш эвазига полиция ходимларига пул берган.
Миграция хизматидаги юқори мартабали порахўрларнинг хориждан келганларни қонунийлаштиришга ёрдам бериши биринчи марта содир бўлмаяпти, деди у.
Миронов мансабдорлар жазоланиши ижобий ҳолат эканини, бироқ бу чораларнинг ўзи етарли эмаслигини айтди.
Бу “хизматлар”дан фойдаланган тадбиркорлар-чи? Ёки қонунни бузган ҳолда қўшнимиз ёки ҳатто фуқаромизга айланган юзлаб, минглаб хорижликлар-чи? Улар худди ҳеч нарса бўлмагандек яшашда, бойлик орттиришда давом этаверадими?!, дея савол қўйди Давлат думаси депутати.
Мироновнинг фикрига кўра, пора орқали олинган Россияда яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар ва паспортлар ҳақиқий деб ҳисобланмаслиги ва уларнинг эгалари мамлакатдан чиқарилиши лозим.
Албатта, бу амалдаги қонунчиликка ўзгартишлар киритишни талаб қилади. Бу борада таклифлар тайёрлаш билан бизнинг фракциямиз шуғулланади, дея якунлади у.
Маълумот ўрнида, Россия президенти Владимир Путин мигрантларнинг Россияда ўз мақомини тартибга солиши керак бўлган муддатни узайтирди. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақомини расмийлаштириши (легализация) лозим бўлган муддат 2025 йилнинг 10 сентябргача узайтирилди.
Миграция агентлиги Россияда ишлаб юрган, аммо ҳужжатларида камчилиги мавжуд бўлган барча ўзбекистонликларга ҳуқуқий, амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Изоҳ (0)