Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ташкил этилади. Бу ҳақда президентнинг 28 апрелдаги “Педагог кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланди.

Фармонга кўра университет Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети негизида ташкил этилади. Университет республикада педагог кадрлар тайёрлаш бўйича етакчи олий таълим ташкилоти этиб белгиланди.
2025/2026-ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич университетнинг бошқарув тизими “Янги Ўзбекистон” университети тажрибаси асосида тубдан такомиллаштирилади. Университетнинг мавжуд 14 та факультети мақбуллаштирилиб, 6 та педагогика олий мактаблари ташкил этилади. Университетнинг бакалавриат таълим йўналишларига биринчи курсдан халқаро таълим дастурлари жорий этилади.
2025/26-ўқув йилидан бошлаб:
- педагог кадрларни тайёрлаш фақат кундузги ва кечки таълим шакли бўйича ташкил этилиб, сиртқи таълим шаклига қабул амалга оширилмайди;
- олий педагогик таълим йўналишида нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хулосаси асосида амалга оширилади;
2026/27-ўқув йилидан бошлаб:
- педагогика олий таълим ташкилотларида университетга равишда бошқарув тизими такомиллаштирилади ва халқаро таълим дастурлари босқичма-босқич жорий этиб борилади;
- Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан давлат ва нодавлат олий таълим ташкилотларида педагог кадрлар тайёрлаш сифатини таҳлил қилиш мақсадида талабаларнинг билимларини ташқи диагностика қилиш тизими жорий этилади;
- алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида “Госпитал педагогика” магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.
Фармонга кўра, мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ходимларига Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтининг тегишли ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади.
Тошкент давлат педагогика университети трансформация қилиниб, Ўзбекистон миллий педагогика университети ташкил этилиши ҳақида Шавкат Мирзиёевга 21 апрель куни мактаб таълими сифатини ошириш ҳамда педагоглар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид тақдимот ўтказилганда эълон қилинганди. Университет барча ҳудудлардаги педагогика институтлари учун таянч олийгоҳ бўлади.
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳақида
Олийгоҳ 1935 йилда ташкил этилган бўлиб, 1947 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти деб қайта номланган. Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 24 февралдаги қарорига мувофиқ институтга Низомий номли Тошкент давлат педагогика университети мақоми берилган.
Айни пайтда университетда 14 та факультет ва 54 та кафедра фаолият юритмоқда. Булар Хорижий тиллар, Тарих, Физика-математика, Табиий фанлар, Касб таълими, Мусиқа маданияти, Ўзбек тили ва адабиёти, Педагогика ва Психология, Чақириққача ёшларни тайёрлаш, Бошланғич таълим ва жисмоний тарбия факультетларидир.
Изоҳ (0)