Опра Уинфри, Илон Маск ва Жефф Безосни улкан бойликдан ташқари нима бирлаштиради? Уларнинг барчаси оила ва бизнесни қандай уйғунлаштиришни муҳокама қиладиган, ўз тажрибалари, маслаҳатлари билан ўртоқлашадиган ва зиддиятли ғояларни айтишдан қўрқмайдиган ота-оналардир. Forbes Life тўпламида таниқли бизнесменлар ва миллионерларнинг ота-оналик ҳақидаги ўнта иқтибоси келтирилди.

Билл Гейтс, Microsoft асосчиларидан бири
“Менинг фарзандларим ажойиб тарбия ва таълим олишди, лекин мен уларга бойлигимнинг 1 фоизидан камроғини қолдираман, чунки бу уларга фойда келтирмайди, деб қарор қилдим. Бу сулола эмас. Мен улардан Microsoftʼни бошқаришни сўрамайман”.

Жефф Безос, Amazon асосчиси
“Мен туғилганимда онам 17 ёшли мактаб ўқувчиси эди. Ишончим комилки, 1964 йилда ўрта мактабда ўқийдиган қизнинг ҳомиладор бўлиб қолиши унчалик зўр ҳолат бўлмаган. Уни ҳайдаб юбормоқчи бўлишди, лекин бобом онамнинг ёнини олди, у онам мактабга бориши кераклигини таъкидлади. Бобом мактаб директори билан гаплашди ва у онам мактабда қолишига ва ўқишни тугатишига рухсат берди. Онамга ҳар қандай синфдан ташқари машғулотлар билан шуғулланиш ва ҳатто ўз шкафига эга бўлиш ҳам тақиқланган эди. Онам ўрта мактабни мен туғилганимда тамомлаган. Тўрт ёшимдан буён бобом мени ҳар йили ёзда ўз ранчосига олиб борарди. 16 ёшимгача деярли ҳар ёзни у билан бирга ўтказдим. Онам ва ўгай отам менга пул эмас, ишонч ва умид беришган. Бу бойликдан кўра муҳимроқ эди”.

Илон Маск, Tesla, SpaceX асосчиси
“Бола тарбияси — бу 18 йиллик саноат муҳандислиги кабидир. Фарзандларингизга мактабда ўргатилаётган нарсаларга эҳтиёт бўлинг. Ҳозир ўқиш учун университет керак эмас: ҳамма нарса бепул. Менимча, улар асосан кўнгил очиш ва уй вазифаларини бажара олишингизни кўрсатиш учун яратилган. Интернет туфайли хоҳлаган нарсангизни билиб олишингиз мумкин. Дипломлар шунчаки олий маълумотингиз борлигини кўрсатади, лекин билимни эмас”.

Уоррен Баффет, инвестор ва тадбиркор
“Менимча, мероснинг ҳажмидан кўра, ота-оналарнинг хатти-ҳаракатлари туфайли кўпроқ болалар бузилади. Фарзандларингиз дунёни сизнинг сўзларингиз эмас, ҳаракатларингиз орқали ўрганишади. Фарзандлар туғилганидан бошлаб, табиийки, сиз уларнинг устозисиз. Бу жуда муҳим ҳамда жиддий иш ва ўйлайманки, бой одам болаларига қолдирадиган пул миқдори ҳал қилувчи омил бўлмайди. Фарзандларнинг қандай ўсишида муҳит ва улар атрофида кўрадиган нарсалар, шунингдек, ота-оналарининг хатти-ҳаракатлари катта рол ўйнайди”.

Алексис Оганян, Reddit ҳаммуассиси
“Мен ҳозирда ўз карьерасининг чўққисида бўлган танишларим ўзларининг қандай ота эканликлари ҳақида ўз бизнесларидан кўра кўпроқ қайғуришларини аниқладим. Мен етти йил олдин ота бўлганман ва бу ажойиб лаҳза эди, чунки ота-оналик даражаси машҳур эркаклар учун жуда паст эди. Агар сиз шунчаки фарзандингиз борлигини тан олган бўлсангиз — бу аллақачон ажойиб деб ҳисобланган. Аммо аслида, биз масъулиятни ўз зиммасига олган ва унинг меросини ташкил этувчиларнинг тарбиясига чинакам ҳисса қўшган эркаклар ҳақида гапиришимиз керак”.

Опра Уинфри, телебошловчи ва медиа магнат
“Ота-она бўлиш — бу болалигингда ёнингда кўришни истаган катта одам бўлиш имкониятидир”.

Ричард Бренсон, Virgin Group корпорацияси асосчиси
“Мен уйда ишлашни афзал кўраман. Бу ота-оналарга бола билан кўпроқ вақт ўтказиш имконини беради. Болаларим кичкиналигида мен сузувчи уйда яшардим ва Virginʼни кўтарардим, улар эса атрофимда тўполон қилишарди. Боламнинг таглигини алмаштириб, кейин телефонда иш бўйича гаплашардим. Ўйлашимча, мен оилам ва болаларим билан бошқа ҳар қандай отага қараганда кўпроқ биргаман. Ахир умр поёнида энг муҳими — бу оиланг ва дўстларингдир”.

Сергей Колтович, топ-менежер, “ТНК-BP Авиа” собиқ раҳбари
“Менимча, болаларга ҳамма нарсани айтиб бериш, тушунтириш ва танлаш имкониятини ўзларига бериш керак. Турли машғулотларни синаб кўришсин, ўзлари уддалай оладиган ва завқ бағишлайдиган ишларни қилишсин. Ва охир-оқибат ўзлари танлашади. Ота-онанинг оқилона вазифаси ҳам ана шунда”.

Марк Кюбан, тадбиркор
“Мен сизга чек ёзиб бермайман. Сиз чексиз кредит картасини олиб, хоҳлаган нарсангизни шунчаки сотиб ололмайсиз. Соғлиғингиздан сўнг, менинг асосий ташвишим сизнинг эрка тантиқ бўлиб қолмаслигингиздир”.

Стивен Кинг, ёзувчи, миллионер
“Ҳеч ким ҳеч қачон узоқ ва бахтли яшамайди, лекин биз болаларимизга буни ўзлари аниқлашларига рухсат беришимиз керак”.
Изоҳ (0)