Шавкат Мирзиёев 8 август куни Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, икки томонлама ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилди. Россия президенти 6 август куни Москвада АҚШ президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф билан ўтказилган музокараларнинг асосий натижалари ҳақида маълум қилди. Учрашув АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан Владимир Путинга белгиланган 10 кунлик муҳлат тугашига 2 кун қолганида бўлиб ўтганди.
Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон—Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг амалий жиҳатлари ҳам муҳокама қилинди.
Ўзаро товар айирбошлаш ва инвестиция кўрсаткичларининг ўсиш суръатини таъминлаш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш, ҳудудлар даражасида сермаҳсул алоқалар, ишбилармонлик ва гуманитар алмашинувларни давом эттиришга қаратилган мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни қабул қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ва Россия етакчилари, шунингдек, бўлажак учрашув ва тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқди.
Изоҳ (0)