Америкалик қўшиқчи Женнифер Лопеснинг Ереванда бўлиб ўтган концертидан сўнг Арманистон футбол жамоатчилиги “Республика” стадионидаги майдон ҳолатидан жиддий хавотирга тушмоқда.

Спутник Арманистон нашрининг ёзишича, стадиондаги газон ҳолати “ёмон” эмас, балки “жуда ёмон” даражада. Майдонни тиклаш учун катта ҳажмдаги ишларни амалга ошириш талаб этилади. Ҳозирги ҳолатда бу стадионда футбол ўйинларини ўтказиш деярли имконсиз.
Бу ҳолат айниқса, Арманистоннинг амалдаги чемпиони — “Ноа” жамоасининг Европа Лигаси плей-офф босқичи йўлланмасини қўлга киритиши мумкинлиги фонида кўпчиликда хавотир уйғотмоқда. Агар жамоа кейинги босқичга йўл олса, 21 август куни айнан “Республика” стадионида ўз уй ўйинини ўтказиши керак. Аммо маълумотларга кўра, шу муддатгача газонни талаб даражасига келтириш деярли имконсиз.
Стадион директори Ашот Барсегян Спутник Арманистонга берган интервьюсида газон тиклаш ишлари бошланганини айтди. Унинг сўзларига кўра, концертдан сўнг газон фақат бир оз сарғайган, холос: “Уни фақат суғориб, текислаш кифоя. Бошқа муаммо йўқ”, — деди у.
Бироқ стадиондаги ҳолатга гувоҳ бўлган бошқа манбалар бу фикрга қўшилмаяпти. Уларнинг айтишича, биргина суғориш билан муаммони бартараф этишнинг иложи йўқ.
Маълумот учун, Женнифер Лопес 7 август, пайшанба куни Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида ҳам концерт берган. Ҳозирча ушбу стадионнинг газон ҳолати ҳақида расмий маълумот мавжуд эмас.
Изоҳ (0)