Билл Гейтс BBC Радио 4 га берган интервьюсида Илон Маскка тегишли Twitter бундан ҳам ёмон бўлиши мумкинлиги ҳақида айтиб ўтди. Бу ҳақда Bloomberg хабар бермоқда.
COVID-19 бўйича тадқиқотларга кўп хайрия қилгани сабаб ғалати даъволар нишонига айланган Гейтс шундай деди: "Баъзида бундай даъволар шунчалик аҳмоқоналигидан кулишга мажбур бўласиз.
Айтмоқчиманки, мен ҳақиқатан ҳам одамларни кузатиб боришни хоҳлайманми? Мен вакциналарга миллиардлаб пул сарфлайман, лекин улардан пул ишламайман. Вакциналар одамлар ҳаётини сақлаб қолади, улар ўлимга сабаб бўлмайди, — дейди у.
Билл Гейтсга кўра, у омма олдида бўлган ва баъзи одамлар фитна назарияларига таяниб, Гейтс уларни (вакцина таркибидаги махсус мослама ёрдамида) кузатаётганини даъво қилиб унга бақиришган. Бу миллиардер учун даҳшатли ҳодиса бўлган.
Илон Маск ижтимоий медиа платформасини сотиб олганидан кейин Twitter’да бундай асоссиз назариялар пайдо бўлиши мумкинми, деган саволга Гейтс шундай жавоб берган:
Ўйлайманки, Twitter бундан ҳам ёмонроқ ёки бундан ҳам яхшироқ бўлиши мумкин.
Гейтснинг айтишича, уни Twitter’да ҳақорат қилган миллиардер ҳамкасби — Илон Маск унга яхши муносабатда бўлиши шарт эмас, бунга ҳожат йўқ.
Билл Гейтснинг дунёнинг энг бой одами сифатидаги ўрнини Илон Маск эгаллаган. Гейтс, шунингдек, бошқа миллиардерлар Илон Маск, Жефф Безос ва Ричард Бренсон ва бошқаларни бойликларини хайрия ишларига сарфлашга чақирди.
Аввалроқ Илон Маск Twitter’ни сотиб олиш учун бир неча миллиардга Tesla акцияларини сотгани ҳақида хабар берилган эди.