Тўй маросимлари ҳар доим ҳаётимиздаги энг ёрқин ва унутилмас воқеалардан бири бўлиб қолади. Фильм ва сериалларда кўрсатилган тўйлар эса бизга турли услуб ва анъаналарни намойиш этади, уларнинг ҳар бири ўзига хос гўзаллик ва романтикани мужассам этган.
“Ҳақиқий муҳаббат” (2003) фильми — черковдаги тантанали тўй маросими

Романтик комедиялар орасида афсонага айланган “Ҳақиқий муҳаббат” фильмидаги классик тўй маросими ажойиб ўтади. Қаҳрамонлар — Кира Найтли ва Чиветел Эжиофор образидаги жуфтлик — қадимий черковда, оппоқ гулдасталар билан нафис безатилган муҳитда никоҳдан ўтади.
Оппоқ гуллар келиннинг нафис либосини мукаммал тўлдиради: ярим шаффоф, оқ патлар билан безатилган, узун енгли ва орқасида этакли нафис кўйлак. Келиннинг сочлари эса йиғилган образда.
Куёв эса мутлақо қарама-қарши услубда — қора костюм, оқ кўйлак ва шунга мос галстукда. Уларнинг либосларидаги фарқ севишганларнинг уйғунлигини янада яққол кўрсатади.
Тўй маросимининг энг ҳайратланарли лаҳзаси эса куёвнинг энг яқин дўсти томонидан тайёрланган кутилмаган совға бўлади. Залда ўтирган гуруҳ аъзолари кутилмаганда ўринларидан туриб, Тҳе Beatлесънинг Алл Ёу Неед Ис Лове қўшиғини ижро эта бошлайди. Мусиқий табрик ёшларни ҳайратга солади ва уларнинг юзида бахт порлайди.
“Анора” (2024) фильми — оддий ва эркин услубдаги камтарона тўй

Ушбу тўйда дабдабали либослар, узун этаклар ёки меҳмонлар йўқ — фақатгина оддий никоҳ маросими. Маросимда куёв ва келиндан ташқари фақат никоҳ қайд этувчи иштирок этади. Майки Медисон ижросидаги келин қаймоқ рангли корсет ва калта жинси шортик кийган.
Келин оддий кундалик соч турмагини танлайди. Куёв эса бир оз ноодатий кўринишда: Марк Эйделштейн образидаги йигит қаймоқ рангли, замонавий рус брендининг костюмини кийган ва уни келиннинг гулдастасига мос ёрқин қизил атиргул билан тўлдирган.
Маросимдан сўнг улар кечки Лас-Вегас бўйлаб сайрга чиқади — қўшиқ айтади, рақс тушади ва завқланади. Камтарона тўй орзусидаги ёшлар учун “Анора” фильмидаги бу ғоя ажойиб илҳом бўлиши мумкин.
“Севги изтироби” (2015–2017) сериали — денгиз соҳилидаги тўй

Туркиянинг машҳур “Севги изтироби” сериалидаги бош қаҳрамонлар каби тўй қилишни истаганлар учун бу маросим идеал танлов бўлиши мумкин. Айниқса, табиат қўйнида ёки денгиз бўйида ўтадиган маросимни орзу қилувчилар учун айни муддао. Бу тўйда ҳар бир жиҳат — жой танлови, дастур, либослар мукаммал ўйланган.
Аввалига бахтли жуфтлик ёғоч йўлак бўйлаб тантанали равишда юриб келади, уларни оқ либосли кичик қизчалар қуршаб олади. Келин (Неслиҳан Атагул) қўлида гулдаста ушлаб туради — маросим майдони ҳам айнан шу гуллар билан безатилган.
Энг ҳайратланарли жиҳати — никоҳ ўқиладиган майдон бевосита денгиз ичида жойлашган. Яъни улар сувда туриб турмуш қуради. Бу уларнинг муҳаббат ҳикоясининг қандай бошлангани ҳақида рамзий маъно беради.
Келинга танланган образ тўй маросимига жуда мос тушади. V-кўринишидаги ёқаси бор, ярим шаффоф узун енгли либос денгиз кўпиклари нақши ва тўр билан безатилган. Сочига денгиз чиғаноқлари солинган ҳалқа тақилган, бўйнида эса нафис тақинчоқ бор.
Келиннинг кўринишидан денгиз шабадаси ва енгил тўлқинлар оҳанги сезилади. Яъни бу тўйда энг майда тафсилотгача пухта ўйланган. Ахир қаҳрамонлар бу кунни узоқ кутган.
Куёв (Бурак Ўзчивит) эса оппоқ костюмда. Бутун маросимда оқ ва оч ранглар устун бўлиб, байрамга енгиллик ва нур бахш этади.
Никоҳдан сўнг келин-куёв ва меҳмонлар қувноқ рақсга тушади, қуёш ботишини томоша қилишади ва осмонга фонуслар учиради.
“Мамма МИА” (2008) фильмидаги тўй — юнонча услубдаги маросим

“Мамма МИА” мусиқий фильмидаги тўй маросимини ҳам бемалол романтик деб аташ мумкин. Чунки у юнонча услубда ташкил этилган ва, албатта, Грецияда бўлиб ўтади. Жуфтлик тоғлар тепасида жойлашган, миллий услубдаги ибодатхонада никоҳдан ўтади. Маросимга тош деворлар, ёғоч мебеллар, кўплаб шамлар, қуёш ботиши ва денгиз манзараси, жонли мусиқа каби деталлар ўзгача жозиба бериб туради.
Аманда Сейфрид кийган тўй либоси мода тарихида ёрқин из қолдирган: енгил, оқиш тусдаги тулдан тикилган, чароғон гуллар билан безатилган ва кўп қаватли этаги кенгайиб тушадиган нафис либос. Бу образга мослаб танланган соч турмаги ҳам жуда ўринли: табиий жингалаклар, олтинранг гулчамбар.
Куёв эса қора кўйлак билан комбинацияланган оқ костюмда. Жуфтлик бир-бирини нафислик билан тўлдириб туради.
“Қалбим эшигини қоқ” (2020–2021) сериали

Турк сериаллари орасида машҳур бўлган “Қалбим эшигини қоқ” сериалидаги сокин, оилавий тўй маросими ушбу рўйхатга якун ясайди. Бу тўй маросимининг энг муҳим жиҳати — унинг кутилмаган совға сифатида ташкил этилгани бўлди. Куёв (Керем Бюрсин) севган инсони (Ҳанде Эрчел) учун барча тайёргарликни ўзи амалга ошириб, унга ёқимли кутилмаган совға тақдим этади.
Маросим очиқ ҳавода — ям-яшил табиат бағрида, ҳаво шарларининг мўл-кўллиги билан безатилган ҳудудда бўлиб ўтади.
Келин танлаган либос — калта, кенг енгли ва тўртбурчак ёқали бўлиб, унинг гўзал қоматини янада чиройли кўрсатиб туради. Асосий қаҳрамон эса оддий услубни афзал кўриб, оч рангли кўйлак ва классик услубдаги шим кийган.
Кўпчилик айнан шундай тўйни маъқул кўради, чунки у асосий эътиборни жуфтлик ўртасидаги меҳр-муҳаббатга қаратишга имкон беради.
Изоҳ (0)