Истанбулдаги Wanna Be Taller клиникаси беморларга бўйни сунъий равишда чўздириш операциясини таклиф қилмоқда. Ҳар йили бир неча сантиметрга баландроқ бўлишни истайдиган шахслар сони эса ортиб, бундай операциялар сони ҳам кўпайиб бормоқда. Беморларни жарроҳлик амалиёти ўта мураккаб эканлиги, узоқ ва оғриқли реабилитация даври ҳам қўрқитмаяпти, деб ёзмоқда The Guardian нашри.

Бўйни “ўстириш” амалиёти икки босқичда бажарилади. Аввал беморнинг сон ёки болдир суягига махсус металл стерженлар жойлаштирилади. Бунинг учун операция вақтида суяклар кесилади. Кейинги 3–6 ой давомида ташқи фиксаторлар ёрдамида имплантлар аста-секинлик билан, кунига 1 миллиметрдан чўзиб борилади. Шу вақт ичида суяклар орасидаги бўшлиқларни янги ҳосил бўлган тўқималар тўлдиради, тери эса қайта тикланади.
Иккинчи босқичда бемор яна бир марта операция қилинади, унда фиксаторлар олиб ташланади. Шундан кейин жарроҳлик аралашуви тугайди ва бемор шифокорлар ҳамда физиотерапевтлар назорати остида узоқ давом этадиган оғир тикланиш даврига ўтади.

Британиялик Фрэнк исмли эркак болалигидан ўзининг бўйи учун доим масхара қилиб келинган. Шу сабабли у доим ўзидан кўнгли тўлмас, бажарган машқлари эса бўйини ўстиришга ёрдам бермас эди. Кунларнинг бирида у Истанбулда бўй чўздириш операцияси ўтказилаётгани ҳақида хабар топди ва дарров ўша клиника билан боғланди. Фрэнк рафиқаси билан Туркияга келиб, рўйхатдан ўтди ва операция куни белгиланди.

Фото: The Guardian
Бўйини 7,3 сантиметрга ошириш жараёни унга нафақат жисмоний, балки руҳий синовга айланди. Биринчи жарроҳликда оёқларга фиксатор ўрнатилиб, бемор ҳар куни махсус калитни бураш ёрдамида аста-секин суякларни “чўзиб борди”. Бу оғриқли жараён реабилитация даврида ўпка эмболияси, мушак, нерв тизими муаммолари билан ҳам якунланиши мумкин эди, бироқ буларнинг барчасидан муваффақиятли ўта олди.
Қайд этиш лозимки, реабилитация жараёнида кўплаб асоратлар, жумладан, қон ивиши, бўғимлар муаммоси, янги суяк тўқимасининг етарлича ҳосил бўлмаслиги, қон томирларининг шикастланиши, чандиқлар ва сурункали оғриқлар юзага келиши мумкин. Бундай операцияни бошидан кечирган одамлар кўпинча “балерина синдроми” билан яшашга мажбур бўлади: бунда оёқлар товони деформацияланади ва одатий қадам босиш қийинлашади.

Фото: The Guardian
Операция нархи клиника, яшаш шароити ва бўй чўзиш усулига қараб фарқ қилади. Энг арзон вариант — ташқи фиксаторлардан фойдаланиш бўлиб, у 32 минг АҚШ доллари атрофида туради. Қимматроқ усулларда эса электрон имплантлар қўлланилади. Фрэнк арзонроқ усулни танлади ва бўйини 168 сантиметрдан 175 сантиметргача “ўстирди”. Бу ҳақда унинг ўзи шундай дейди:
“Агар паст бўйли эркак бўлмасангиз, менинг вазиятимни ҳеч қачон тушуна олмайсиз. Бугунги шафқатсиз жамиятда бўйи паст бўлиш деярли лаънатланиш билан баробар”, тан олади у.
Бўй чўзиш учун суякларни синдириш усулини биринчи бўлиб 1951 йилда совет жарроҳи Гавриил Абрамович Илизаров қўллаган. У Курган шаҳрида ортопедия бўйича ишлаётганда ташқи металл ҳалқалар асосида махсус қурилма яратади. Қурилма синган ёки калта суякларни ушлаб туриш ва аста-секин чўзиш имконини берган. 1954 йилда Илизаров биринчи беморни муваффақиятли даволаган ва бу усул кейинчалик бутун дунёга тарқалган.

Илизаровнинг методига кўра, жарроҳлик йўли билан суяк кесилади, сўнг ташқи металл ҳалқалар ёрдамида кунига ўртача 1 миллиметр суяк чўзилиб боради. Бу жараён давомида нафақат янги суяк, балки уни ўраб турган мушак, тери, қон томирлари ва нервлар ҳам ўсишга мажбур бўлади. Илизаров бу ҳодисани “таранглик эффекти” деб атаган.
Дастлаб бу усул туғма нуқсонлар, синишлар ёки деформацияларни даволаш учун қўлланилган. Кейинчалик эса эстетик мақсадда — бўйни чўзиш учун ҳам кенг фойдалана бошланган. Илизаров методи турли мураккаб суяк нуқсонларини тиклаш, узунлиги икки хил бўлган оёқларни тенглаштириш ва битмай қолган синишларни даволашда ҳам ишлатилади.
Сўнгги йилларда эса ички қисмида магнит билан бошқариладиган махсус имплантлар ишлаб чиқилди. Улар ташқи ҳалқалардан кўра қулайроқ, аммо қиммат ва ўзига хос хавфли томонлари мавжуд.
Изоҳ (0)