Хитойнинг Тянсзин шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитида 20 дан ортиқ хорижий давлат раҳбарлари ҳамда 10 та халқаро ташкилот вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги маслаҳатчиси Лиу Бин матбуот анжуманида маълум қилди.

Дипломатнинг таъкидлашича, жаҳон етакчилари ШҲТнинг муваффақиятли тажрибаси ва ташкилотнинг ривожланиш йўналишини муҳокама қиладилар. Шунингдек, ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик масалалари бўйича қарор қабул қиладилар ҳамда ташкилотни янада жипслашган ягона тақдир ҳамжамиятини барпо этиш мақсади сари илгари сурадилар.
Саммит 31 август–1 сентябрь кунлари Тянсзин шаҳрида ўтказилиши белгиланган.
Тадбирга Россия ва Беларусь президентлари, Ҳиндистон бош вазири, Эрон ва Туркия президентлари, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон раҳбарлари ва бошқа сиёсатчилар таклиф этилган.
ШҲТ 2001 йилда таъсис этилган халқаро ташкилотдир. Унга Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Покистон, Ўзбекистон ва Беларусь аъзо давлатлар ҳисобланади.
Ташкилотнинг ўтган йилги саммити Остона шаҳрида ўтказилганди. Унда Беларусь Шанхай ҳамкорлик ташкилотига янги аъзо сифатида қабул қилинганди.
Изоҳ (0)