Руминия бош вазири Илиэ Боложан Бухарестнинг НАТО иттифоқчиларига ўз ҳарбий базаларини тақдим этишга тайёрлигини ва буни Украинада тинчликни таъминлаш бўйича ҳаракатларга қўшилган ҳисса деб ҳисобланишини маълум қилди. Унинг сўзларини Agerpres агентлиги келтирмоқда.

Ҳукумат раҳбарининг таъкидлашича, Руминия иккита асосий масалада қатъий позициясини сақлаб қолмоқда. Биринчиси - мамлакат Украинага қўшин юбормайди. Иккинчиси - НАТОга аъзолигини ҳисобга олган ҳолда, альянс кучлари билан биргаликда фойдаланилаётган Руминия базалари иттифоқчилар, шу жумладан Америка Қўшма Штатлари учун очиқ бўлиши керак.
“Ҳозирги кунда ҳам аэропортларимиздан ҳаво патруллари амалга оширилмоқда, Қора денгиз қўриқланмоқда, қўшма машғулотлар ўтказилмоқда. Ҳарбий базаларимизнинг НАТО иттифоқчиларига тақдим этилиши Руминиянинг Украинада узоқ муддатли тинчликни қўллаб-қувватлашга қўшган ҳиссаси бўлиши мумкин”, деди Боложан.
Вашингтон Украина учун хавфсизлик кафолатлари тизимидаги ўз ролини камайтиришни режалаштираётганини хабар берган эди. АҚШ вице-президенти Жей Ди Венс молиявий юк Европа давлатлари зиммасига тушиши кераклигини таъкидлаганди.
20 август куни НАТО штаб-квартирасида альянс мамлакатларининг элчилари даражасида Шимолий Атлантика кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Учрашувда Вашингтондаги музокаралар натижалари ва Украина учун келажакдаги хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги битимни тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ўша куннинг ўзида НАТО давлатлари бош штаблари раҳбарлари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.
Изоҳ (0)