Ўзбек шоу-бизнеси вакиллари ичида ҳали турмушга чиқмаган санъаткор қизлар сони оз эмас. Қуйида оқ отдаги шаҳзодасини кутаётган хонанда, актриса ва блогерлар билан танишамиз.
Манзура Йўлдошева 47 ёш

Манзура ва ёш актёрнинг севги қиссаси ижтимоий тармоқларда кенг тарқаляпти. Бир неча ойдан буён Манзура ўзидан 20 ёш кичик актёр Мурод Йўлдошев билан бирга кўриниш берган видеоларида тўй мавзуси кўтарилган. Манзуранинг “Тўй ҳаракатидамиз” деган ҳазил аралаш видеоларидан сўнг Мурод Манзуранинг қўлини сўрагани акс этган видеолар ҳам Instagram саҳифаларига жойлаштирилди.
Видеода қўлида гул билан турган Мурод Йўлдошевни Манзура уришиб берган ва “Нима қилганингиз бу, онангиз тенги аёл бўлсам?” дея актёрни ҳовузга итариб юборган. Шундан сўнг актёр ундан узр сўраш мақсадида Манзуранинг уйи олдида романтик кеча уюштириб, “Азизим” қўшиғини куйлаб бериб, севгилисидан кечиришини сўради.
Ҳозирда уларнинг муносабатлари давом этмоқда, аммо бу шунчаки пиар бўлиши эҳтимоли ҳам оз эмас.
Ирода Носирова 43 ёш

Телебошловчи ва актриса Ирода Носирова ҳам ҳали ўз бахтини учратмаган актрисалардан. У болалигидан кеч турмушга чиқиш хаёли билан яшаганини айтади.
— Менга нега ҳалигача турмушга чиқмагансиз деган саволни жуда кўп беришади. Бизда, ўзбекларда, қиз бола вояга етгандан кейин дарров узатиб юборишади. 25 га чиққандан сўнг қари қиз дейишади. Менда ёшлигимдан кеч турмушга чиқаман, деган хаёл бўлган. Негалигини ўзим ҳам билмайман — шунчаки шундай фикр бўларди. Вояга етиб дугоналар турмуш қургач, уларнинг ҳаёти, турмуши қандай кечаётганини кўрасиз, биласиз. Шуларни кўрганимдан кейин турмушга чиқиш менда кейинги режаларга ўтиб қолган. Турмуш қуришдан қўрқиб қолганман, дейди актриса.
Ойдин Юсупова 41 ёш

Кинода бир вақтлар машҳурликка эришиб, кейин ижоди сокинлашган актриса Ойдин Юсупова ҳам турмушга чиқмаган актрисалардан.
Ойдин ва шоир Аҳад Қаюм ҳақидаги гап-сўзлар одамлар орасида овоза бўлганди. Аҳад Қаюм актриса билан илиқ муносабатда эканлигини билдирса, Ойдин унинг сўзларини инкор этарди. Ҳатто актриса Аҳад Қаюм ундан пиар учун фойдалангани ва номини булғагани ҳақида айтиб ўтганди.
Маҳфуза Шербоева 37 ёш

Ўзбек санъатидаги биринчи аёл қизиқчи ёлғизликни ҳис қилиши ҳақида кўп гапиради.
— Карьера деб оиладан воз кечдим. Аммо ўйлаб қарасам, учрашувларга чиқиб юрган қиз ҳам эмасман. Балки, ҳаммаси ниятга боғлиқдир. Чунки олдиндан аввал санъатда ўз ўрнимни топаман, тарихда қолиб, кейин оила қураман деб ният қилардим. Дўст-дугоналарим кўп, аммо барибир улар оиланинг ўрнини босолмас экан. Карантин пайтида Тошкентда қолдим. Аксига олиб, ковидга чалинган ва жуда узоқ вақт касалхоналарда даволандим. Шу пайтда оила қуришим, турмуш ўртоғим ва фарзандларим бўлиши кераклиги ҳақида ўйладим. Бекорга оналар қизларини эрта турмушга беришга шошилмас экан. Ёши катта бўлгандан кейин инсон танларкан. Турмуш ўртоғим мендан кучли бўлишини, кўп пул топишини ва ақлли инсон бўлишини орзу қиламан. Сумкамни кўтариб, топганимга шерик бўладиган эр керак эмас, дейди Маҳфуза Шербоева.
Юлдуз Ражабова 35 ёш

Йил сўнгида 36 баҳорни қаршилайдиган актриса Юлдуз Ражабованинг шахсий ҳаёти доимгидек сокин. Фақатгина бундан икки йил аввал “Мендирман Жалолиддин” сериалининг тақдимот маросимида актрисанинг бош рол ижрочиси Эмре Кивилжим билан ўртасида ўзаро илиқ, дўстона ва самимий муносабатлар борлиги кўзга ташланганди.
Эмре 2023 йилда ўзбек журналисти билан бўлган интервьюсида “Юлдузга бўлган севгингиз тугадими?” деган саволга “Ишқ битмас, у мозорга қадар”, деб жавоб берганди.

Аммо Юлдуз Ражабова сўнгги интервьюсида Эмре билан фақат дўстона муносабатда бўлганини ва уларнинг бирга суратга тушиши ҳақида тарқалган гап-сўзлар ҳақиқатдан йироқ эканини айтди.
Биз дўстона қучоқлашиб, лойиҳа билан бирга табриклаганмиз. Буларнинг барчаси нотўғри талқин қилинди. Ҳозирда эса юрагим бўм-бўш, дейди Юлдуз.
Феруза Норматова 36 ёш

Маҳоратли актриса Феруза Норматова бу йил 33 ёшни қаршилайди. У ҳам ҳамон оила қургани йўқ. Актрисанинг Шаҳзод Султонов билан яқинлиги ҳақида гап-сўзлар тарқалганди. Аммо ҳозирча тўйдан дарак йўқ.
— Аллоҳ насиб этган кун оила қураман. Қиз болалар нимани ният қилса, шу содир бўлар экан. Аввалдан уй-жойли бўлиб, сингилларимни турмушга бериб, кейин оила қуришни ният қилардим. Худди шундай бўляпти. Муҳими, болаларим зориқиб қолишини, бугун оила қуриб, бир йилдан кейин “бир-биримизга мос келмадик”, деб ажрашиб кетишни истамайман, — дейди актриса Феруза Норматова.
Барчин Ғофурова 35 ёш

Актриса ва телебошловчи Барчин Ғофуровага ўзидан ёш йигит Соҳиб Раҳматуллаев турмуш қуриш таклифини берган. Улар ҳозирда жуфтлик сифатида ижтимоий тармоққа видео жойлаб келади. Барчин Ғофурова уни партнёрим деб атайди.
Барчин Ғофурова болалигида отаси уларни ташлаб кетгани ва ҳолидан бирор марта хабар олмагани учун эркаклардан кўнгли қолганини айтади. Шу сабабли оила қуришдан ҳам қўрқаман, деган у.
У яқин кунларда партнёри Соҳиб Раҳматуллаев Умра сафарига йўлланма совға қилди. Жуфтлик Умра сафарини адо қилиб қайтди. Аммо уларнинг муносабати кузатувчиларини ўйлантиради — улар ҳақиқатан ҳам турмуш қурадими ёки бу шунчаки пиар?
Шаҳло Аҳмедова 30 ёш

Хонанда Шаҳло Аҳмедова ҳам ҳозирча оила қурмаган. Ҳамиша ижоди каби сирли бўлишга интиладиган ижодкор шахсий ҳаётини ҳам оммадан яширади. Хонанда ҳали ҳеч кимни севиб қолмагани ҳақида шундай деган:
“Севиб қолмаганман ҳали, севгидан куйиш туйғуси мен учун тушунарсиз”.
Луиза Расулова 30 ёш

Актриса Луиза Расулова бу йил 30 ёшни қаршилайди. Актриса ҳам шу пайтгача оила қурмаган. Луиза сўнгги пайтларда фильм ва сериалларда суратга кам тушяпти. У ўзининг шахсий брендига асос солган бўлиб, аёллар гўзаллигига ҳисса қўшувчи биофаол қўшимчалар сотувини йўлга қўйган.
Гулруҳ Пирназарова 30 ёш

Театр актрисаси ва телебошловчи Гулруҳ Пирназарова ҳам ҳали турмушга чиқмаган актрисалардан. Аммо кўпгина ҳамкасбларидан фарқли равишда унинг шахсий ҳаёти турли гап –сўзлардан йироқ.
Мафтуна Шокирова 30 ёш

Инстаблогер ва актриса Мафтуна Шокирова оқ отдаги шаҳзодасини кутаётган блогерлардан.
— Интервьюларимдан бирида турмушга чиқсам, Озод ака билан ижодни тўхтатаман, деганман. Лекин ҳамкорликни улар тўхтатдилар. Демак, турмушга чиқмаяпман, дейди Мафтуна.
Жасмин (Мадина Файзуллаева) 28 ёш

Асл исми Мадина бўлган хонанда Жасмин ҳам ҳали оила қурмаган санъаткорлардан. Унинг шахсий ҳаёти ҳақида деярли ҳеч қандай гап-сўзлар йўқ.
У шу йилнинг январь ойида “Янги Ўзбекистон юлдузлари” миллий мукофоти тақдирлаш маросимида “Йилнинг энг яхши эстрада аёл хонандаси” номинацияси билан тақдирланди. Бундан ташқари “Келажак бунёдкори” медали билан ҳам мукофотланди. Унинг “Кумуш ноласи”, “Севганлари бор”, “Жоним”, “Сиз яхши-ю биз ёмон” каби қўшиқлари ноодатий йўналишга эгалиги билан ажралиб туради.
Айсанем Юсупова 28 ёш

“Ўзбек қизи” фильми орқали танилган қорақалпоқ актриса Айсанемхон ҳозирда янги кино ва сериалларда суратга тушиш билан банд. У ўзини батамом ишга бағишлаган.
Муборак Абдуллаева 27 ёш

Инстаблогер Муборак Абдуллаева ҳам ҳали турмушга чиқмаган қизлардан.
— Ҳозир кўпроқ тақдир ҳақида ўйлайман. Шу йигитга турмушга чиқасан дейишса, индамай кўниб кетадиган 18 ёшли қиз эмасмиз. Турмуш қурадиган инсон билан дунёқарашимиз бир-бирига тўғри келиши керак. Шу сабаб танлов жараёни қийинлашиб қолади. Турмуш ўртоғим билан дўст бўлайлик, яхши-ёмон тарафларимизни билайлик, тўйдан кейин ўзимиздан кимнидир “ясаб” олмайлик, унгача ҳаммасидан бохабар бўлайлик, деб ёшлигимдан ният қиламан.
Дурдона Қурбонова 27 ёш

Бундан бир неча йиллар аввал актриса Дурдона Қурбонованинг хонанда Имрон билан ишқий муносабатлари ҳақида гап-сўз тарқалганди. Аммо уларнинг иккиси ҳам бу гаплар асоссиз эканлиги ҳақида айтишган. Бундан сўнг хонанда Имрон 2021 йилда бошқа қизга уйланган ва турмуш ўртоғини икки йил кутганини айтган.
Райҳон Асадова 25 ёш

Ёш актриса Райҳон Асадова ҳам келинликка номзодлардан бири.
Бир неча йил аввал актрисанинг Сардор Тоиров билан илиқ муносабатлари ҳақидаги гап-сўзларга Райҳон хонанданинг бир нечта клипларида суратга тушгани сабаб бўлган. Улар “Бахтингни топ”, “Севмасам” ва “Ҳасрат” каби клипларда севишган жуфтлик ролини ижро этишган. Балки уларнинг ҳаётда бирга бўлишларини мухлислари кўпроқ исташгандир. Аммо ижодкорлар миш-мишлар асоссиз, улар фақатгина ижодий ҳамкор эканликларини билдириб ўтишган. Сардор Тоиров 2022 йилнинг баҳорида бошқа қизга уйланди.
Зарина Йўлдошева 24 ёш

Асл касби раққоса бўлган Зарина Йўлдошева ҳам келинликка номзодларда яна бири. Унинг Шаҳзод Султонов муносабатлари кўп марта муҳокамаларга сабаб бўлган. Аммо Зарина ҳозир актёр ҳақида гапиришни истамаслигини айтади.
— У ҳақида гапиришни истамайман. Илтимос, менга у актёр ҳақида ҳеч қандай саволларни берманглар. Нимадир билмоқчи бўлсангиз, унинг ўзидан сўранг, дейди интервьюларида актриса.
Бундан ташқари 39 ёшли комик актриса Анжелика Эсимбетова, асосан салбий қаҳрамонларни гавдалантирувчи 33 ёшли актриса Жайрона Ҳусанова ва 29 ёшли инстаблогер Маҳзунабону (Имона) Аҳмедова ҳам ҳали турмуш қурмаган қизлардан.
Изоҳ (0)