Хонанда Рухшона 21 март куни 31 ёшни қарши олди. Ҳамиша бахтлидек кўринадиган хонанданинг ҳам ўзига яраша муаммолари ва армонлари бор. Сиз болалик травмалари билан улғайган, эрта меҳнат қилишни бошлаган ва шахсий ҳаётида кетма-кет омадсизликка учраган ижодкор ҳақида нималарни биласиз?
“12 ёшгача бахтли бола эдим”
Наврўз байрами куни туғилган хонанда оилада ёлғиз фарзанд. Ота-онаси болалигида ажрашиб кетган — онаси уни ёлғиз тарбиялаган.

— Ўн икки ёшгача бахтли, ота меҳрини ҳис қилган фарзанд эдим. Аммо ўша йиллари негадир ота-онам кўп жанжаллашадиган бўлиб қолишди. Жанжалларнинг охири онамнинг калтак ейиши билан якунланарди. Бир куни онамнинг телефондаги суҳбатини эшитиб қолдим. “Хотиним касал, 6 ойлик умри қолди деб уйланганди. Болаларига қарадим, аммо хотини соғайгач, бизга бутунлай бефарқ бўлиб қолди. Унинг устига яна бир аёлга уйланиб олибди”, деб йиғлаб гапирарди. Шунда дадамнинг нима учун камнамо эканлигини тушундим. Рўзғорга пул сарфламас, онам сўраса, жаҳли чиқиб, “Қайси бирингга етказай”, деб бақирарди. Бир куни дадам “Сен эмас, қизим учун бу ерга келяпман”, деганидан кейин ўзимда куч топиб “Мен учун мажбуран яшаётган бўлсангиз, майли ажрашинглар, фақат жанжаллашманглар”, деб бақириб юборганман. Чунки жанжаллар мени ҳаётдан бездириб қўйганди, дейди хонанда интервьюларининг бирида.
“Асли қаерликсиз, дейишса ўйланиб қоламан”
Хонанда санъатга меҳр онасидан ўтгани, аммо оиладаги моддий имкониятлар сабаб бирорта мусиқа тўгарагига қатнашолмаганини эслайди.

— Онам билан ҳамиша сирдош, дўст бўлганман. Она ҳам қизига суяниб қоларкан, қиз ҳам шу қаторда онасини энг яхши сирдош деб биларкан. Онам ҳамиша қўллаб-қувватлайди, бунинг учун раҳмат айтаман. Отам асли самарқандлик бўлиб, ҳарбий соҳада ишлаган. Онам эса ота томондан наманганлик, бувим эса пискентлик бўлган. Хуллас, “Асли қаерликсиз?” дейишса, ўйланиб қоламан. Санъатга қизиқишимга, шубҳасиз, онам сабабчи бўлган. Болаликдан тўгаракларга олиб бориб, кичик қобилиятимни ривожлантирган. Аммо мустақил ижод бошлашимга онамнинг моддий имконияти бўлмаган.
Бир куни дадам мени машинасида мактабга олиб бориши ҳақида айтиб қолди. Роса қувонгандим, машинага ўтирдим. У зарур иш билан машинадан тушганидан олд ўриндиқ ёнидаги қутида кўп пул борлигини кўрдим. Аммо ўша вақтда дадам мактаб эҳтиёжларим учун ҳам пул беришни истамасди. Тўгараклар ҳақидаги гап бўлиши мумкин эмас, дейди Рухшона.
“Боғча мудираси алдаб ишлатган”
Хонанда ота-онаси ажрашганидан кейин оиласи моддий жиҳатдан танг аҳволга тушиб қолгани ва у ҳам ишлашни бошлагани ҳақида эслайди.

— Ишлашни жуда эрта бошлаганман. Илк иш жойим боғча бўлган. У ерда фаррошлик қилардим, кейин тагликларни алмаштириш вазифаси менга тушган. Аммо маоши жуда кам эди. Гавдали қиз бўлганим учун мени ёши каттароқ деб билишарди, шу боис қаҳвахонага ишга кирганман. Яхши ишлаб юргандим, аммо бир куни жуда хунук воқеа юз берган. Туғилган кунни нишонлаган йигитлар ҳисобни беришимни сўрашди, сўнг пулларни ҳисоблаб менга қараб сочишди. Бундай ҳурматсизликка чидолмай, қўлимдаги патнис билан бошига уриб, қочиб кетганман. Бу воқеадан кейин қаҳвахонада ишлолмадим.
Яна боғчага қайтиб бордим. Мудира ўринбосари фаррош ўрни банд эканлигини айтиб, болаларга пианино ва мусиқадан дарс беришимни сўради. Ойига бор-йўғи 30 минг сўм ойликка келишдик. Аммо уч ой давомида ишлатиб, ҳаққимни бермади. Сўраганимда эса “Сен ким эдинг, танимайман”, деб туриб олди. Ўша куни уйимга йиғлаб келгандим. Чунки ўн кундан кейин мактаб бошланиши керак эди, у пулга ўқув қуроллари олишни режалаштириб қўйгандим, дейди хонанда Рухшона.
“Сўнгги пулимизни сарфлаб, кастингга борганман”
Хонанда рўзғордаги сўнгги пулни сарфлаб, кастингда иштирок этгани ва унинг қўшиғини Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам тинглаганини эслайди.

— Бир куни дугонам қўнғироқ қилиб, қандайдир кастинг ҳақида айтиб қолди. У берган рақамга қўнғироқ қилсам, котиба қиз кастинг ярим соатда якунланиши ҳақида айтди. Онамга қўнғироқ қилдим ва кастингга бориш ниятимни айтдим. “Майли, болам бориб кўр, ҳаммаси яхши бўлади”, деди. Аммо муаммо шундаки, автобусда борсам, кеч қолардим. Шунда ойликкача етиши керак бўлган сўнгги 15 минг сўмни олиб, таксида боришимни айтди.
Айтилган манзилга борсам, у ерда бир гуруҳ санъаткорлар ва Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам бор экан. Уларга рус ва инглиз тилларидаги қўшиқларни айтиб бердим. “Қизим ўзбекча қўшиқ ҳам биласанми?” деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев. Феруза Жуманиёзованинг биргина “Жанг-жанг” деган қўшиғини билардим. Шуни айтиб берганман ва катта орзу умидлар билан уйга қайтганман. Бир неча кундан кейин кастингдан муваффақиятли ўтганимни маълум қилишган. У пайтда мендан бахтли одам йўқ эди. Ўшанда ҳамма кастинг иштирокчилари паспорт билан боришганди, мен эса бор-йўғи 15 ёш бўлганим учун туғилганлик гувоҳномасини берганман, дейди Рухшона.
Омадли қўшиқ ва фильмлар
2010-йили ижодини бошлаган Рухшонанинг “кўтарилиши” у қадар қийин кечмайди. Чунки “Юрагим” номли илк қўшиғи муваффақиятли чиқади ва у ҳам ҳамма продюсерлик компаниясининг юлдузлари сингари фильмларнинг юзига айланади.

— У пайтлари хонандаларнинг фильмларда суратга тушиши урфга айланганди. “Шомурод ва Дурдона”, “Энагалар”, “Замонавий совчилар” каби фильмларда суратга тушганман. Озми-кўпми, бу фильмлар ҳам ўз мухлисларини топган, дейди хонанда Рухшона.
“Кейинчалик қилган ишингизда уяларкансиз”
2010—2011 йиллар хонанда учун омадли келган. У хорижлик машҳур хонанда Авраам Руссо билан дуэт куйлаган ва клип суратга олдирган. Аммо хонанда ҳалигача бу қўшиқдан уялиши ва шу боис уни расмий саҳифаларга жойламагани ҳақида айтиб ўтади.
— Ёшликда эртани ўйламай иш қилинаркан. Эртага оила қурсам, фарзандли бўлсам, уларга нима деб тушунтираман, деб ўйламас экансиз. Аммо кейинчалик бу ишдан уяларкансиз. Ҳозир бу қўшиқдан уяламан, шу боисдан ҳам уни расмий саҳифаларимга жойламаганман. Уни эшитмай қўйганимга ҳам анча вақт бўлган. Кейинчалик барибир фарзандларингиздан уяларкансиз, дейди хонанда Рухшона.
“Онам хавотир олганди”
Рухшона тенгдошларига нисбатан анча эрта оила қурган. У турмушга чиққанида 20 ёшда эди, шундай бўлса-да, ижодда ўз ўрнини топган ва қўшиқлари ёшлар орасида анча оммалашганди. Ҳозир у собиқ турмуш ўртоғи Санжар Маткаримов ҳақида гапиришни истамайди, аммо ўша пайтлари у нега у инсонга турмушга чиққани ҳақида тўлиб-тошиб гапирганди.

— Биз аввалдан таниш бўлганмиз, чунки у кишининг яхши клиплар суратга олишини билардим. Ишларини кузатиб борардим. Аммо анча вақтгача бу ҳақда сир сақлаганмиз. Шу боис ресторан ёки кўнгилочар жойларда учрашмасдик. Қизлик уйимнинг ёнида кўприк бўларди, илк учрашувимиз ҳам, тўй таклифи ҳам шу ерда бўлган. Онам аввалига бир оз хавотир олган, аммо Санжар ака билан гаплашгач, тўйимизга рози бўлган, дейди хонанда Рухшона.
Омадли бошланган никоҳ ва кўнгилсиз якун
Жуфтликнинг тўнғич фарзанди Ҳабиба 2015 йилда, ўғли Шукурбек эса 2016 йилда туғилган. Уларнинг никоҳи иккиси учун ҳам омадли келган. Боиси хонанда турмуш ўртоғи билан “Юраккинам”, “Яна”, “Имкон бўлса” ва “Юр” каби қўшиқларига клип суратга олган. Рухшона бошловчилигида режиссёрнинг “Бола тилидан” номли кўрсатуви телеканаллар орасида бир неча бор энг рейтинги баланд кўрсатув сифатида эътироф этилган. Санжар Маткаримов Рухшонанинг “Юраккинам” клипида рол ижро этиб, актёрлик маҳоратини намойиш этганди. Афсуски, бу эр-хотин ижодкорларнинг сўнгги ижодий иши бўлди.
Бузилган оила...

Хонанда Рухшона 2021 йилнинг октябрь ойида турмуш ўртоғи, режиссёр Санжар Маткаримов билан ажрашганини маълум қилди. Шундан сўнг у “Бола тилидан” кўрсатуви бошловчилигидан ҳам кетди. Кўп ўтмай кўрсатувни актриса Азиза Ёқубова олиб бора бошлади. Бу орада Азизанинг Рухшона ва Санжар Маткаримов ажрашишига сабабчи экани ҳақидаги миш-мишлар тарқалди. Блогерлардан бири аслида Азизага тегишли бўлмаган аудиони тарқатиб, Азиза Ёқубова Рухшонанинг оиласини бузгани ҳақида хабар тарқатди. Азиза Ёқубова ушбу гап-сўзларга нуқта қўйиш мақсадида блогерни излаб топди ва уни омма олдида кечирим сўрашга мажбур қилди.
Рухшона иштирокидаги кўрсатув кўпчиликка манзур бўлгани учунми, томошабинлар ундан кейинги бошловчиларни у қадар яхши қабул қилишмади. Шу боис бошловчилар кетма-кет ўзгарди ёки бошқа сабаблар туфайли улар ишлашни исташмади.
“Эри жуда рашкчи эди”
Хонанда Нигора “Мирсодиқова билан” YouTube-каналига берган интервьюсида клипмейкер Санжар Маткаримов ва хонанда Рухшонанинг дарз кетган оиласи ҳақида ҳам гапириб ўтди.
— Эри жудаям рашкчи, Рухшона ҳам чиройли аёл. Кўришишга у-бу жойга юбормасдилар. Қойил қоламан шу қизга, оиласидаги бирор нарсани ҳеч қачон ташқарига билдирмаган. Энди мана, йиғилиб келганлари чиқиб келаётгандир. Лекин шу пайтгача эрим бунақа эди, қайнонам унақа эди, деган гап бўлмаган. Эрим рашк қиладилар, бора олмайман, тушунасизлар, деб айтарди. Ҳаттоки болаларимизнинг туғилган кунларида ҳам фарзандларингни олиб кел, танишсин бир-бири билан, дер эдик, нимага олиб келмайсан, деб жаҳлимиз ҳам чиқар эди. Кейин яна ўзимизга нима ҳам дердик, эр хўп деса хўп, йўқ деса йўқ, деймиз. Биз ҳеч нарса қила олмаймиз, жим турамиз. Кўп жойга юбормас эди, шуни биламан, дейди хонанда.
Афсуски, катта орзу-умидлар билан қурилган оилага дарз кетди. Ажримдан аввал Санжар Маткаримов турмуш ўртоғига етказган енгил тан жароҳати, ижтимоий тармоқлар орқали шаънини топтагани ва ҳақорат қилгани учун 2 йил-у бир ойга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Ундан кейин ажрим ва болалар отасини кўришни истамаслиги билан боғлиқ видеолар ҳам кўплаб шов-шувларга сабаб бўлди.
Иккинчи турмуш...

Хонанда Рухшона 2024 йили катта тўй маросими ўтказиб, оила қурди. Улуғбек ва Рухшонанинг никоҳ кечаси пойтахтдаги ресторанлардан бирида ўтказилди. Тўйда ўзбек шоу-бизнесининг кўплаб машҳур вакиллари хизматда бўлишди.
Ёшлар тўйдан сўнг Уммоннинг Салала курортига саёҳатга жўнаб кетди.
Рухшона: “Дадам шу ёшимгача хабар олгани йўқ”
— Машинам йўқлигида таксига чиқдим. Ёнимда бир киши кетяпти, қариб кетган, жуссаси кичрайган ва қорайиб кетган хунук эркак. Яхшилаб қарасам, адам экан. Ғам одамни еб қўяркан. Ўгирилиб кетдим. Ҳозир 30 ёшман, турмуш қурдим, ажрашдим. Аммо шу кунгача бирор марта адам келиб “қизим, ҳаётинг бўлмабди, нима бўлди”, дегани йўқ. Хабар олишларини ҳалигача кутаман. Тўғри, ҳозир менга оталик қилолмаслар, аммо мен 12 ёшгача у инсоннинг меҳрини ҳис қилганман. Мени эркалаб, онаш қизим, деб ўзлари билан олиб юрганлар. Тақдир экан, онам билан ҳаётлари ўхшамади, ажрашиш пешанада ёзилгандир. Аммо мен фарзандлариман-ку. Энг қизиғи, ўзим ота меҳрига зор бўлиб улғайдим ва бу болаларимнинг тақдирида ҳам такрорланди, дейди хонанда Рухшона.
Изоҳ (0)