Сўнгги чоракларда Ўзбекистонда реал иш ҳақи ўсиши минтақадаги давлатлар билан солиштирганда пастроқ шаклланмоқда. Бу ҳақда Марказий банк “Меҳнат бозори шарҳи”да маълум қилди.

Жорий йил январь-март ойларида Марказий Осиё давлатларида реал иш ҳақининг ўртача ўсиши 9,8 фоизни, айрим Кавказ давлатларини ҳисобга олганда эса 9,1 фоизни ташкил этган. Мазкур даврда Ўзбекистонда реал иш ҳақи ўсиши 7,2 фоизга тенг бўлган.
“Иқтисоди ўхшаш мамлакатларга нисбатан мазкур тафовутнинг узоқ муддат сақланиб қолиши келгусида Ўзбекистон меҳнат бозори иштирокчиларининг харид қобилияти пасайишига ва талабнинг сусайишига олиб келади”, дейилади шарҳда.
2025 йил II чорагида Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 91 долларни ташкил этган. Энг юқори минимал иш ҳақи миқдори Белaрус (243 доллар), Озарбайжон (235 доллар) ва Монголия (222 доллар) давлатларига тўғри келган.
“Ўзбекистонда йиллик минимал иш ҳақининг аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбати 35 фоизга тенг бўлган. Ушбу кўрсаткичнинг юқорилиги мамлакатда даромадлар бошқа давлатларга нисбатан тенгроқ тақсимланганини кўрсаца, нисбатнинг пастлиги аксинча даромадлар нотекис тақсимланганидан далолат беради. Минтақа давлатлари орасида Қозоғистон (14 фоиз), Қирғизистон (14 фоиз) ва Грузия (12 фоиз) давлатларини ҳисобга олмаганда, бошқа давлатлар, жумладан Ўзбекистоннинг ушбу кўрсаткичлари юқорироқ ва бир-бирига яқин шаклланган”, дея қайд этган Марказий банк.
Ўзбекистонда 2025 йил II чорагида иш ҳақининг номинал ўсиш суръати йиллик 17,2 фоизни, реал ўсиши эса 7,3 фоизни ташкил этган. Бунда ўртача ойлик иш ҳақи 6 миллион сўмга тенг бўлган. Соҳалар кесимида молия ва суғурта (миллион сўм), ахборот ва коммуникация хизматларида (14,8 миллион сўм) ўртача иш ҳақи бошқа соҳаларга нисбатан юқорилигича қолган.
Ўз навбатида II чорак давомида ахборот, транспорт ва ижтимоий хизматлар ходимлари иш ҳақи қолган тармоқлар ишчилариникига нисбатан реал ва номинал қийматларда юқорироқ ўсган. Иш ҳақининг энг кам ўсиши қурилиш соҳасида кузатилиб, номинал қийматда йиллик 6,1 фоизга ошган, реал қийматда эса 2,8 фоизга камайган.
2025 йил 1 июль ҳолатига кўра, мамлакат иқтисодиётида иш билан банд аҳоли сони 14,6 миллион нафардан, ишсизлар сони 800 минг кишидан иборат. Меҳнат бозорида қамраб олинмаган аҳоли, жумладан болалар, талабалар, нафақахўрлар ва бошқалар сони 22,5 миллион кишини ташкил этади. Шундан меҳнатга лаёқатли ёшгача бўлган аҳоли 12 миллион нафардан иборат.
Изоҳ (0)