Хитой давлат кенгаши ахборот бюроси “Оқ китоб”ни эълон қилди. Унда SARS-CoV-2 коронавирусининг АҚШда Хитойнинг Ухан шаҳридан олдинроқ пайдо бўлгани таъкидланган. Бу ҳақда Daily Mail хабар бермоқда.

Ҳужжатда “муҳим далиллар шуни кўрсатмоқдаки, COVID-19 Қўшма Штатларда расман эълон қилинган санадан ва Хитойда тарқалишидан олдинроқ пайдо бўлган бўлиши мумкин”, дейилган.
“Оқ китоб”да АҚШнинг Флорида штатига алоҳида эътибор қаратилган. У ерда биринчи касалланиш ҳолати 2020 йил 1 мартда расман аниқланган. Бироқ очиқ манбалардан олинган маълумотларга кўра, штатда коронавирус январь ойидаёқ тарқала бошлаган. Шу билан бирга беморларнинг аксарияти мамлакатдан ташқарига чиқмаган.
Аниқлик киритилишича, кейинчалик Америка томони бу маълумотларни ўчириб ташлаган, маълумотларни қайта ишлашга масъул бўлган ходимларни эса ишдан бўшатган.
Бундан олдин АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Оқ уй сайтида SARS-CoV-2 коронавирусининг келиб чиқишига бағишланган махсус саҳифани ишга туширган эди. У Жо Байден даврида юритилган саҳифанинг ўрнини эгаллади.
Саҳифада вируснинг табиатда учрамайдиган биологик хусусиятларга эга экани айтилган. Оқ уй бир миллиондан ортиқ америкаликнинг ўлимига сабаб бўлган пандемияга Хитойнинг Ухан шаҳридаги лабораториядан вирус сизиб чиқиши сабаб бўлганини таъкидлаган.
Коронавирус пандемияси тарқалиши
Миссури штатининг Шарқий округи суди Хитой ҳукуматини пандемия бошида коронавирус тарқалиши ҳақидаги маълумотни яширганликда айбдор деб топиб, 24 миллиард доллардан кўпроқ жаримага тортганди.
АҚШ, Буюк Британия, Франция ва бошқа мамлакатлардан бир гуруҳ олимлар коронавирус тарқалишининг манбаи Хитойнинг Ухан шаҳридаги денгиз маҳсулотлари бозори эканини аниқлаганди.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мао Нин COVID-19 Хитой лабораториясидан сизиб чиққан бўлиши мумкинлигини даъво қилиб, Хитойни обрўсизлантиришни ва коронавируснинг келиб чиқишини сиёсийлаштиришни бас қилиш зарурлигини билдирганди.
2019 йил декабрь ойида Хитой ҳукумати Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига (ЖССТ) Вуханда пневмония авж олгани ҳақида хабар берган эди. 2020 йил март ойида ЖССТ бош директори Тедрос Адҳаном Гебреесус вируснинг тез тарқалиши туфайли COVID-19 ни пандемия деб эълон қилди.
Охирги маълумотларга кўра, коронавирус туфайли 7 миллиондан ортиқ одам вафот этган. 2025 йил январь ойида Марказий разведка бошқармаси вируснинг лабораториядан келиб чиқиши ҳақидаги ҳисоботни эълон қилганди.
Изоҳ (0)