Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) мутахассислари коронавирус фақат Хитойда эмас, балки бошқа мамлакатларда ҳам пайдо бўлган бўлиши мумкин деб ҳисоблайди. Бу ҳақда ташкилотнинг халқаро эксперт гуруҳи вакили, Роттердам вирусология факультети декани Марион Купмансга таяниб, «Korrespondent.net» хабар қилди.
Аммо, мутахассисларнинг фикрига кўра, тадқиқотни 2019 йил декабрь ойида COVID-19 юқумли касаллиги қайд этилган Хитойнинг Ухань шаҳридан бошлаш керак.
«Ушбу босқичда биз ҳеч нарсани истисно қилмаслигимиз керак, деб ўйлайман, лекин биринчи йирик эпидемия содир бўлган Ухандан бошлаш керак. Биз барча фаразлар учун очиқ бўлишимиз даркор», – деди Купманс.
Аввалроқ ЖССТ Хитойни COVID-19’нинг келиб чиқишини аниқлаш учун экспертларни мамлакатга киритмасликда айблаганди. Шунингдек, АҚШ расмийлари COVID-19’ни тарқатган эҳтимолий манба номини айтганди.
Бундан ташқари, АҚШ президенти Дональд Трамп 2020 йил май ойи бошида берган баёнотида Хитой расмийларини касаллик тарқалишининг бошланғич даврида коронавирусга доир маълумотларни яширишда айблаган. Ўшанда Америка етакчиси вирус Ухандаги лабораторияда сунъий яратилганини тасдиқловчи далиллари борлиги ҳақида гапирган.
Бироқ АҚШ Давлат департаментининг Разведка ва тадқиқотлар бюроси далиллар йўқлиги учун бу версияни тасдиқламаган. Хитой эса Трампнинг айбловларига жавобан коронавирус лабораторияда ўйлаб топилганини рад этувчи ЖССТ хулосаларини кўрсатиб ўтганди.
Изоҳ (0)