Шавкат Мирзиёев 1 май куни Хоразм вилоятига ташрифи давомида Ал-Хоразмий шаҳарчасининг қурилишини кўздан кечирди.

Давлат раҳбари 2022 йил августда ушбу шаҳарча пойдеворига тамал тоши қўйган эди. Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, ўтган йилларда муҳандислик тармоқлари тортилиб, 1773 та хонадонли 72 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилган. 2025 йилда мингта хонадонли яна 28 та турар жой қурилиши режалаштирилган. Бу ерда жами 5 мингдан ортиқ хонадон бўлади.
-4aZ0d-7H.avif)

Шаҳарча Урганч халқаро аэропорти яқинида, 130 гектардан ортиқ ҳудудда бунёд этилмоқда. Шаҳарча марказида Ал-Хоразмий ҳайкали ўрнатилади. Президентга мазкур ҳайкал лойиҳаси тақдимот қилинди. Ҳайкал шаҳарчада барпо этилаётган 20 гектарлик боғнинг кириш қисмида ўрнатилади. Унинг баландлиги 22 метр, пойдевори билан бирга 30 метрдан зиёд бўлади.

-Y2Ovls_F.avif)
Мутасаддиларга монументни ҳам бунёдкорлик, ҳам маъно жиҳатидан такомиллаштириш, шаҳарчада яшилликни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.
30 апрель куни президент Ал-Хоразмий университети ва ихтисослаштирилган мактаб ташкил этиш бўйича қарорни имзолади. Бу университетда 3 та: математика ва информатика, аэрокосмик технологиялар муҳандислиги ҳамда сунъий интеллект факультетлари бўлади. Ўқув жараёнлари “Янги Ўзбекистон” университетининг тажрибаси асосида, БАА, Хитой, Буюк Британия каби давлатларнинг нуфузли олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилади. Қабулни 2025/26-ўқув йилидан бошлаш режалаштирилган. Жами талабалар сони 4-6 минг атрофида бўлиши кўзда тутилган.
Шаҳарча ҳудудида Тошкентдаги Муҳаммад ал-Хоразмий мактабининг филиали ҳам ташкил этилади. Унга 4-синф битирувчилари танлаб олинади. Таълимнинг якунловчи 2 йили муҳандисликка бошланғич тайёргарликка қаратилади.
Шунингдек, Ал-Хоразмий шаҳарчасида технопарк ва офислар, тиббиёт ва маданият марказлари, хиёбонлар, мактаб ва боғчалар, спорт мажмуалари, савдо ва маиший бинолар бўлади.
Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифидан мақсад
Президент матбуот котиби берган маълумотга кўра, ташриф дастуридан саноат, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида ишга туширилган янги объектлар, йирик транспорт инфратузилмаси ва шаҳарсозлик лойиҳалари билан танишиш ва бошқа тадбирлар ўрин олган. Шунингдек, давлат раҳбари ҳудудни комплекс ривожлантириш бўйича вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказади.
Шавкат Мирзиёев ташриф давомида журналистлар билан бўлган мулоқотда Хоразмга ташрифдан мақсад янги марраларни белгилаб, иқтисодиёт кўрсаткичларини янада ошириш, вилоятда яшаётган 2 миллиондан зиёд аҳолининг шароитини яхшилаш, иш ўринлари очиб, одамларнинг даромадини кўпайтириш эканини айтди.
Изоҳ (0)