Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Сузак туманида 29 апрель куни Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темирйўли лойиҳаси доирасида муҳим объектлар қурилиши бошланди, деб хабар бермоқда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, ушбу темирйўл қурилиши доирасида ҳар бири 10 километрдан узун бўлган 3 та туннел қуриш режалаштирилган:
- 1-сон Норин (ДжаманДаван) туннели — узунлиги 12,5 километр;
- Қўштўба (Казарман) туннели — узунлиги 13,2 километр;
- Фарғона тоғ туннели — узунлиги 12,2 километр.
-MQ_EXc7D.avif)
-s1w7Zdxv.avif)

Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темирйўли ҳақида
Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темирйўли қурилиши ғояси 1996 йилдан бери муҳокама қилиб келинганди. Шу вақт ичида томонлар қурилиш шартлари бўйича бир неча бор келишиб олган, камида 18 та техник-иқтисодий асос ишлаб чиқилган. Лойиҳани амалга ошириш мураккаб географик шароитлар, темирйўл изининг кенглиги каби ҳал этилмаган масалалар билан мураккаблашди. Лойиҳани молиялаштириш масаласи энг мураккаблиги билан ажралиб турди.
2022 йил сентябрида Самарқандда Ўзбекистон—Қирғизистон—Хитой темирйўли қурилиши лойиҳаси бўйича уч давлат ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.
Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темирйўли қурилишига старт бериш маросимини 2024 йил 27 декабрь куни Жалолобод шаҳрида бўлиб ўтди. Мазкур темирйўл лойиҳасининг умумий узунлиги 532,53 километрни ташкил этади. Қашғар—Торугарт—Макмал—Жалолобод—Андижон йўналиши бўйлаб 20 та станция, 42 та кўприк ва 25 туннел барпо этилади. Бундан ташқари, замонавий транзит ва логистика инфратузилмаси: омборлар ва терминаллар яратилади.
“Бу бизнинг дўстона мамлакатларимиз қарийб 30 йилдан буён ҳаракат қилиб келган чинакам тарихий воқеадир. Халқаро аҳамиятга эга янги транспорт артерияси шаклланмоқда. У энг қисқа қуруқлик йўли орқали Марказий Осиё минтақасини Хитой билан кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мамлакатларимиз стратегик шериклигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади”, деган эди Шавкат Мирзиёев ушбу темирйўл қурилишининг бошланиш маросими иштирокчиларига йўллаган қутловида.
Кутилаётган натижалар
Қирғизистон транзитдан бюджетга тушумларни кўпайтириш, айрим фойдали қазилма конларига киришни осонлаштириш, шунингдек, мамлакатнинг шимолий ва жанубий қисмларини боғловчи темирйўл қурилиши учун шароит яратишга умид қилмоқда. Ҳозирда Қирғизистонда яхлит темирйўл тармоғи мавжуд эмас.
Ўзбекистон лойиҳанинг асосий қўллаб-қувватловчиси ҳисобланади. Тошкент учун натижалар қаторига Хитой билан юк ташишнинг соддалашуви, Қозоғистонга қарамликнинг камайиши, транзит юк ташиш ҳажмининг ўсиши ҳамда Фарғона водийсининг ривожланишига туртки бўлиши киради.
Хитой Марказий Осиё мамлакатларидан/га юкларни етказиб бериш учун қўшимча йўналиш қўлга киритади, Эрон ва Яқин Шарқ мамлакатларига бўлган йўлни қисқартиради.
2030 йилда кутилаётган йиллик юк ташиш ҳажми 8 миллион тонна, 2040 йилда 10 миллион тонна, 2050 йилда эса 13,5 миллион тоннани ташкил этиши кутилмоқда. Қирғизистон ҳукумати лойиҳанинг 30-40 йил ичида ўзини оқлашига умид қилмоқда.
Изоҳ (0)