Auto Shanghai халқаро кўргазмаси бутун дунёдаги автомобиль ишлаб чиқарувчилар учун муҳим воқеа ҳисобланади. У нафақат истиқболли моделлар билан танишишга ёрдам беради, балки яқин йилларда автомобиль саноати қайси йўналишда ривожланишини тренд ва технологиялар нуқтайи назаридан тушунишга имкон беради.
1. Автомобиллардаги DeepSeek
Auto Shanghai 2025 кўргазмасида Chat GPTʼнинг Хитойча муқобили бўлган DeepSeek билан жиҳозланган кўплаб автомобиллар намойиш этилмоқда.
Масалан, ушбу технология BMW концернининг Хитой бозори учун мўлжалланган барча янги моделларида қўлланади. Немис бренди раҳбари Оливер Зипсе Шанхайдаги автокўргазмада СИ интеграцияси 2025 йилнинг иккинчи ярмидаёқ амалга оширилишини тасдиқлади.
DeepSeek бошқа машҳур автомобиль брендлари — нейрон тармоқ технологияларини қўллайдиган Hongqi, шунингдек, Nissan ва Honda маҳсулотларида ҳам мавжуд.
Автомобилларда нейрон тармоқларнинг кенг қўлланиши автосаноат ривожланишидаги янги босқичдир. DeepSeek овозли ёрдамчидан ташқари, ақлли тизимларнинг кенг доирасини бошқаради: кўплаб функцияларни назорат қилиш (уларни фаоллаштириш ва ўчиришдан тортиб йўналишни режалаштиришгача), интерфейсни маълум фойдаланувчининг одатларига мослаш, булутли хизматлар орқали ўрганиш ва ўз-ўзини янгилаш, хавфсизликни таъминлаш ва ярим автоном ҳайдаш тизимларини қўллаб-қувватлашни ўз ичига олади.
Geely эса бундан ҳам илгарилаб, DeepSeek асосида қисман автоном ҳайдашни таъминлай оладиган Xingrui номли ўз сунъий интеллект тизимини яратди.
2. Автомобиль гидролокатори
Auto Shanghai 2025 кўргазмасининг ҳақиқий кашфиёти Galaxy Battleship йўлтанламаси бўлди. У нафақат “танк” каби бурилиш, “қисқичбақасимон” юриши ва жойида айланиш каби функцияларга эга, шунингдек, у сувда ҳам юра олади.
Бу автомобилнинг сунъий интеллекти ҳаракатланишни максимал даражада қулай қилиш учун “ақлли” тўлиқ узатмани бошқаради. Модель кўплаб технологик янгиликларга эга — “рақамли шасси”дан тортиб чидамли ва ўта хавфсиз Golden Short Blade батареясигача. Гибрид қувват тизими узлуксиз ишлайди: турли алгоритмлар орасидаги ўтиш кўплаб омилларга, жумладан, йўл қопламасига боғлиқ.
Geely Galaxy Battleship учун 80 см чуқурликкача бўлган кечувлар тўсиқ эмас. Аммо энг ажойиб хусусияти — автомобилнинг икки соатгача сувда тура олиши ва ҳатто сузиш пайтида беш узел (9,26 км/соат) тезликка эришишидир. Автомобилда биринчи марта гидролокатор қўлланган, узатмалар қутиси селектори эса яхта дастаги шаклида ясалган. Бортда авто саёҳатчилар орзу қиладиган деярли ҳамма нарса, ҳатто сунъий йўлдош алоқасигача мавжуд.
3. Тўлиқ қамровли мултимедиа
Шанхай автосалонида намойиш этилган Mercedes-Benz Vision V концепти келажакда немис брендининг янги V-Classʼига айланади. Модель ҳашаматни ифодалаб, ўз сегментидаги моделларни Maybachʼга тенглаштиришга лойиқ бўлган мутлақо янги, ўта ҳашаматли даражага кўтаради.
Бугунги кунда эргономик ўриндиқлар ва ўриндиқлар қатори орасидаги шишали электрохром тўсиқ ҳеч кимни ҳайратга солмайди. Mercedes-Benz Vision Vʼнинг энг ажойиб жиҳати — дисплейлар ва динамикларнинг ғайриоддий тўпламига эга илғор мултимедиа тизимидир.
Ушбу VIP шаттелдаги “хусусий хона” концепцияси ўйин бошқарувчиси ва Dolby Atmos фазовий овозини қўллаб-қувватлайдиган 42 та аудиотизим нурлатгичлари билан бойитилган. Полда сплит-экран функциясига эга ва 4K ўлчамли 65 дюймли сурилувчи экран яширинган бўлиб, тасвир еттита проектор ёрдамида узатилади. Тасвир машинанинг ён ойналарига ҳам туширилади, бу эса 360 даражали кўриниш билан тўлиқ шўнғиш муҳитини яратади. Еттита иммерсив режим мавжуд — ишдан ва ўйинлардан тортиб харид қилиш ва караокегача. Олдинги ўриндиқдаги йўловчи ва ҳайдовчи ҳам эътибордан четда қолмаган — улар учун уч экранли Superscreen кластери бор.
4. Батареяларни 100 сонияда алмаштириш
Ҳозирги кунда электромобиллар фаол равишда бензинли автомобилларни сиқиб чиқаришда давом этмоқда. Бироқ уларнинг ички ёнув двигателли автомобиллар устидан тўлиқ ғалабасига тўсқинлик қилувчи омиллардан бири узоқ қувватлантириш вақти бўлиб қолмоқда: бензин ёки дизелга анча кам вақт кетади. Бу муаммони янги турдаги батареяларни жорий этиш ва автомобиль платформаларини юқори кучланишли архитектурага ўтказиш орқали ёки батареяларнинг ўзини тезда алмаштириш усули билан ҳал қилиш мумкин.
Auto Shanghai 2025 кўргазмасида аккумуляторлар етказиб берувчи CATL компанияси бир вақтнинг ўзида аккумуляторларни тез алмаштириш тизимига эга турли брендларнинг тўққизта электромобилини намойиш этди. Бу жараён тахминан икки дақиқадан камроқ вақт талаб қилади.
FAW, Changan, BAIC, Chery ва GAC брендлари билан ҳамкорлик аллақачон Choco-СЕB аккумуляторларини тезда алмаштириш технологиясини жорий этиш имконини берди. FAW Hongqi EH7, Changan Qiyuan А05 ва А07, Deepal SL03, BAIC компаниясининг Arsfox русуми, Chery компаниясининг iCAR В23 ва GAC компаниясининг Аион V Tyrannosaurus йўлтанламаси ҳам қўшилган бутун Аион моделлар қаторини бир нарса бирлаштиради: улардаги қуввати тугаган батареяни автоматлаштирилган станцияларда деярли зудлик билан қувватланган батарея билан алмаштириш мумкин.
Технологиянинг моҳияти оддий. Электромобилларга стандартлаштирилган аккумулятор тўпламлари ўрнатилади ва уларни алмаштириш 100 сония ичида амалга оширилади. Батареялар турли хил бўлиши мумкин — LFP (литий-темир-фосфат) ёки NМC (никел-кобалт) — бу 600 километргача масофани босиб ўтиш имконини беради.
Choco-СЕБ аккумулятор алмаштириш шохобчалари 30 тагача батарея учун бўлимга эга бўлади ва ҳар бир шохобча кунига 822 марта аккумулятор алмаштиришни амалга ошира олади. Фақатгина 2025 йилнинг ўзида Хитойда 1000 та шохобчадан иборат тармоқ яратилади, кейинчалик уларнинг сони 30 000 тага етказилади. Бу хизматдан обуна асосида фойдаланиш имконияти мавжуд бўлади.
5. “Космик” eVTOL
Autо Shanghai 2025 да вертикал учиш ва қўниш имкониятига эга eVTOLʼни тақдим этган Hongqi компанияси янгилик яратмаган бўлса-да, унинг Tiannian 1 концепти оммавий ишлаб чиқаришга жуда яқин. Биринчи синов парвози шу йилнинг ўзида амалга оширилиши кутилмоқда. Айтганча, бу Hongqiʼнинг аэромобил соҳасидаги илк тажрибаси ҳисобланади.
Ерда Tiannian 1 ҳашаматли электромобиль бўлса, осмонда ундан кам бўлмаган ҳашаматли ҳаво транспорти вазифасини бажаради. Аслида eVTOL ғилдиракли арава ва ундан ажралиб чиқиши мумкин бўлган капсула-кабинадан иборат. Ҳавода модел 150 км/соат тезликда 200 км масофагача учиши мумкин. Бошқарув асосан овозли ва визуал интерфейс орқали амалга оширилиши режалаштирилган.
Ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, Тианниан 1 ҳашамат даражаси бўйича Hongqiʼнинг бошқа моделларидан қолишмайди, шунингдек, ҳам ерда, ҳам ҳавода хавфсизлик стандартларига тўлиқ мувофиқ келади.
Изоҳ (0)