Бундан ўн йил аввал декабрь ўрталарида аниқроғи 2011 йил 17 декабрда Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ир вафот этганди. Унинг ўрнини уч ўғилнинг энг кенжаси Ким Чен Ин эгаллаган. Аввалига кўпчилик ёш раҳбарни юмшоқ табиатли деб ўйлаган, унинг тахтдан ағдарилиши мумкинлиги, амакиси ундан қўғирчоқ сифатида фойдаланаётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилганди. Бироқ Ким Чен Ин нафақат ҳокимиятни ушлаб қолди, балки Ким Чен Ирдек «миллат отаси»га айланишга ҳам улгурди. Мазкур даврда у мамлакатнинг позициясини мустаҳкамлашга, уч бора ядро бомбаси синовини ўтказишга, АҚШ билан уруш бошлашига ва дунё жамоатчилиги тахмин қилмаган ишни қилишга яъни Дональд Трамп билан дўст тутинишга ҳам муваффақ бўлди. «Lenta.ru» нашри Шимолий Корея раҳбарининг 10 йил давомида қилган ишларини таҳлил қилган: мақолада америкалик баскетболчи билан дўстлашганидан тортиб Жанубий Кореяда ишланган сериалларни томоша қилганларга ўлим жазосини тайинлашгача бўлган қарорлар ҳақида сўз борган. Дарё мазкур материалнинг таржимасини эътиборингизга ҳавола қилади.
Етакчига айланиш
Шимолий Корея дунёдаги энг ёпиқ давлатлардан бири ҳисобланади. Мамлакат ичида содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида ҳам ташқарига ахборот чиқиши анча қийин кечади. Асосий ахборотлар КХДРнинг давлат нашрлари ёки Жанубий Корея ва АҚШ разведкаси орқали тарқалади.
Шу сабабли ҳам амалдаги давлат раҳбари Ким Чен Иннинг неча ёшда экани ҳақида аниқ маълумот йўқ. КХДР расмий манбалари тарқатган ахборотларга кўра Ким Чен Ин 1982 йил 8 январда туғилган. Аммо Жанубий Корея разведка хизматлари унинг бир йил кейин, отаси Ким Чен Ир 40 га тўлганида, бобоси Ким Ир Сен эса 70 ёшни қаршилаганида таваллуд топган деб ҳисоблайди. АҚШ разведкаси ахборотларида Ким Чен Иннинг 1984 йил 8 январда туғилгани қайд этилган.
КХДР раҳбарининг болалик даври ҳақида ҳам маълумотлар кам. Ким Чен Ин — Ким Чен Ирнинг уч ўғлидан энг кичиги. Унинг онаси Ко Ён Хи Ким Чен Ирнинг фуқаролик никоҳидаги учинчи ёки тўртинчи хотини бўлиши мумкин. Жуфтликнинг жами уч нафар фарзанди бўлган: катта ўғил Ким Чен Чхол, кичиги Ким Чен Ин, шунингдек кенжа сингил Ким Ё Чжон. Кимлар сулоласи ҳақида ахборотларни тўпловчи North Korea Leadership Watch портали Ким Чен Иннинг болалиги Шимолий Кореяда ўтганини қайд этган. 1990 йилларда уни акаси ва синглиси билан бирга Швейцарияга таълим олишга юборишган, Европада улар маҳаллий мактабда бошқа исм-шариф билан таҳсил олган. Ким Чен Ин КХДРга 2000 йиллар бошида қайтган ва Ким Ир Сен номидаги ҳарбий университетга ўқишга кирган.
Кимлар шахсиятига нисбатан маддоҳлик
Ким Чен Ин мамлакат ижтимоий ҳаётида 2010 йилдан фаол иштирок эта бошлаган: у генерал лавозимигача кўтарилди ва Корея Меҳнат партияси марказий кенгашининг аъзолигига сайланди. Бир йил ўтгач, 2011 йил 17 декабрда Ким Чен Ир вафот этди ва кенжа ўғил Шимолий Корея етакчисининг буюк меросхўри деб эътироф қилина бошланди. 2011 йил 24 декабрда уни расман Корея халқ армиясининг Олий бош қўмондони деб эълон қилишди. Таҳлилчилар унинг бўшанглиги ва давлат бошқарувида тажрибасизлигини таъкидлаб, унинг амакиси Чан Хон Тхек таъсирига берилиб ҳукмронлик қилиши ёки бутунлай тахтдан ағдарилишини тахмин қилган. Бироқ уларнинг тахминлари якунда ўзини оқлагани йўқ.
Отаси ва бобоси каби Ким Чен Ин ҳам ҳамманинг эътиборида бўладиган раҳбарга айланди. Мамлакатда Кимлар сулоласига маддоҳлик қилиш анъанага айланган, Ким Ир Сен бу борада ўғли ҳамда неварасидан анча ўзиб кетган раҳбар ҳисобланади. Ким Чен Ин кўп жабҳаларда бобосининг натижаларини такрорлашга интилади — у ҳокимият тепасига келганидан кейин мафкура ёш етакчининг ташқи кўринишини бобосига қиёслашни бошлаган. Бундан ташқари ўзидан аввалги раҳбарлар каби Ким Чен Ин ҳам турли жарангдор мақомлар, эътирофларга эга, КХДРда уни «Ўта буюк инсон», «Мамлакат қудратининг рамзи», «XXI аср қуёши», «Барча ғалабалар ва машҳурлик сабабчиси» дейишади. Бироқ Ким Чен Иннинг бу борада жами 54 та ўзига хос эътирофларга сазовор бўлган отасига етиб олишига ҳали анча бор.
Кимнинг оила мифологиясига ўзини боғлаш учун қилган энг ёрқин ҳаракатларидан бири бу – Шимолий Корея аҳолиси учун муқаддас жой ҳисобланадиган Пектусан тоғида отда сайр қилиш. Ким Ир Сен бу ерда моҳир чавандоз эканини намойиш қилган ва япон босқинчиларга қарши курашган. Гап-сўзларга кўра Ким Чен Ир ҳам шу тоғ атрофида дунёга келган.
КХДР раҳбарига руҳий ва маънавий жиҳатдан тенглашиш мумкин, бироқ ташқи кўриниш борасида унга тақлид қилиш оғир оқибатларга олиб келади. Масалан, фуқароларга Ким Чен Ин кийиб юрадиган услубда тикилган, чармдан тайёрланган камзулларда юриш тақиқланган — мамлакатда махсус полиция патруллари «Ким Чен Ин» услубида кийинган одамларни аниқлаб, уларга нисбатан чора кўрган пайтлар ҳам бўлган. Партия бундай қалбаки кийимларни кийиш олий етакчининг обрўсига путур етказади деб ҳисоблайди.
Имижнинг ўзгариши
Ким Чен Ин отасидан фарқли равишда анчайин очиқ ва либерал раҳбар образини яратишга интилади ва доим халққа телевизион мурожаатлар йўллайди. Заводлар, қурилиш объектлари ва мактабларга ташрифи вақтида ҳам одамлар билан қўл бериб кўришади, уларнинг ўзини қучоқлашига монелик қилмайди, фуқаролар «ҳурматли олий раҳбар» билан бундай учрашувлардан кейин қувонч кўз ёшларини тия олмайди.
Давлат мафкурасида Ким халқ ичидан чиққан етакчи ролига жуда яқин келади: у нафақат кенгашларда нутқ сўзлаб, мамлакатнинг сиёсий ҳаётида иштирок этади, балки оддий одамлардек концертларга боради, аттракционларда учади ва ҳатто экин майдонларини бегона ўтлардан муҳофаза қилишда, ҳашарларда қатнашади. Бир вақтнинг ўзида у ёш ва фаол етакчи имижини шакллантирган: замонавий технологиялардан фойдаланади, танк бошқаради, отда сайр қилади.
Баскетболни севиш ва антиқа дўстлик
Шимолий Корея раҳбарининг яна бир қизиқарли жиҳати бу унинг баскетболга меҳр қўйганлиги: Ким болалигидан «Чикаго Буллз» жамоасининг мухлиси бўлган. 2013 йилда КХДРга беш карра МБА чемпиони Деннис Родманни таклиф қилган. Саёҳатдан кейин Родман Ким Чен Ин билан қадрдон дўст бўлгани ҳақида гапирган ва бу инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини ғазаблантирди.
Кейинчалик Родман яна бир неча марта Шимолий Кореяга келди ва Ким ҳамда унинг рафиқаси қизчалик бўлгани, шунингдек КХДРда қамоқда сақланаётган америкалик талабани қутқаришга ҳисса қўшгани ҳақида ОАВда чиқишлар қилди.
«У ерга борганимда деярли ҳамма вақт Ким билан бирга юраман. Вақтни чоғ ўтказамиз, караокеда қўшиқ куйлаймиз, бирга кўп қизиқ ишлар қиламиз. Отда сайр этамиз, зиёфатларда бўламиз, чанғи учамиз, деярли сиёсат ҳақида гаплашмаймиз ва бу жуда яхши», — деган Родман BBC’га берган интервьюсида.
Ядро шаҳзодаси
Ким Чен Ин раҳбарлиги даврида мамлакатнинг ҳарбий салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Янги етакчи ядро дастурини ривожлантиришга бел боғлади, 2013 йилга келибоқ КХДР тарихидаги учинчи ядро бомбаси синовдан ўтказилди. 2015 йилда у Шимолий Кореянинг ўз водород бомбасини яратиш ишларини бошлаб юборганлигини эълон қилди.
Ким Чен Ин 10 йил давомида уч марта ядро қуроли синовини ўтказди ва КХДРда 100 дан зиёд баллистик ракета учирилди. Ким бу билан тўхтаб қолмоқчи эмас ва дунё ҳамжамияти, Осиё–Тинч океани минтақаси, айниқса Жанубий Корея ҳамда Япония унинг бундай ҳарбий ташаббусларидан хавотирда эканини билдирган.
Уруш бошланишига бир баҳя қолгани ҳақида
Ким Чен Ин КХДР раҳбарига айланган дастлабки йилларда ташқи сиёсатга жиддий эътибор қаратмади ва ёпиқлик сиёсатини давом эттирди: бошида мамлакат ҳудудидан ташқарига сафарлар ҳам уюштирмади ва ҳатто КХДР билан яқин дўст бўлган Хитойга ҳам бормади.
2017 йилга келиб ҳаммаси ўзгарди. Пхеньян ва Вашингтон ўртасидаги кескинлик аввал тарихда кузатилмаган даражага чиқди: АҚШнинг Жанубий Корея ҳудудига ракетадан зарбаларга қарши қуроллари комплексини жойлаштириши, КХДРнинг Хитой билан қўшма машғулотлар ўтказиб, Япония томонига кўплаб баллистик ракеталарни учириши ҳамда ядро қуроли синовининг ўтказилиши вазиятни кескинлаштириб юборди.
АҚШнинг ўша вақтдаги президенти Дональд Трамп Шимолий Корея раҳбарига турли лақаблар қўйиб уни камситишга уринди, Пхеньян ҳам ушбу ҳаракатларга жавоб берди ва Трампга «чоллар мияси билан яшаб қолган одам» таърифи берилди. Икки томон бир-бирига таҳдид қилишгача борди: Ким АҚШнинг Тинч океанидаги Гуам ҳудудига зарба беришга тайёрланиш ҳақида ҳарбийларга буйруқ берди, Трамп эса бунга жавобан мамлакатлар ўртасида ҳарбий низо келиб чиқиши мумкинлиги ҳақида ОАВда жиддий баёнотлар қилди.
Корейсча мўътадиллик
Ташқи сиёсиятдаги мураккаб ҳолат ва уруш чиқишининг эҳтимоли Ким Чен Инни дипломатия билан жиддий шуғилланишга мажбур қилди. Шимолий Корея ҳамда АҚШ амалдорлари ўртасидаги алоқалар кескинликни камайтирди.
2018 йилда Ким қўшни Жанубий Корея билан ҳам муносабатларни меъёрлаштиришни бошлади, у мамлакат президенти Мун Чжэ Ин билан учрашди. Пхенчхандаги қишки олимпиада ўйинларига КХДР спортчилари ва мухлислар юборилди, улар спорт мусобақаларида ўзига хос шиорлари ва рақслари билан шовқин солишди. Бундан ташқари спорт ўйинларига Шимолий Кореянинг поп-гуруҳи «Моранбон» вакиллари «десант» сифатида ташланди, гап-сўзларга кўра мазкур гуруҳ иштирокчи қизларини Кимнинг ўзи танлаган.
K-pop’сиз ҳам бирлашиш мумкин
Икки томонлама алоқаларнинг юмшаши Сеулнинг Пхеньянга жанубий кореялик ижрочиларини юборишига сабаб бўлди. Ким қўшиқчилар билан учрашди ва уларга миннатдорлик билдирди, шунингдек, концерт миллатнинг бирлашиши мумкинлигини исботлаш учун умид берганини қайд этди.
Аммо кейинчалик КХДР раҳбари жанубликлар ҳамда уларнинг поп-маданиятига кескинроқ қарашга ўтди. Кимнинг ўзи ‘k-pop’ни ёшлар миясини заҳарлайдиган ёмон ўсимта деб атаган. 2021 йил февралда Жанубий Кореядан видеоматериалларни олиб келиш ва тарқатишга нисбатан жазо чоралари кучайтирилиб, мазкур ҳаракат учун ўлим жазоси ҳам тайинланиши мумкинлиги қонун билан белгилаб қўйилди.
КХДРда инсон ҳуқуқларининг поймол қилиниши
Ким Чен Ин инсон ҳуқуқларини тизимли равишда бузишда айблашади. Мамлакатда динозаврлар давридан бери мавжуд бўлган қонунлар амал қилади, уларни бузганларга нисбатан ўлим жазоси ёки меҳнат лагерларига сургун қилиш тайинланиши мумкин. Оғир шароитдаги қамоқхоналарда омон қолган одамларнинг айтишича, бундай муассасаларда маҳбусларни одам ўрнида кўришмайди.
Шимолий Кореядан қочган Чжихен Пак «Lenta.ru»га берган интервьюсида маҳбуслар оч қолдирилгани, хоналарда деразалар йўқлиги, қамоқхоналардан қўланса ҳиди анқиши ҳақида гапириб берган.
«Қочиб кетмаслигимиз учун бизни ялангоёқ ишлашга мажбурлашарди. Чўмилишимизга рухсат берилмас, бемор бўлсак дори-дармондан ҳам мосуво эдик. Ҳожатхоналар ҳам абгор, ёлғиз қолиш имконияти ҳам йўқ эди. Ҳожатни ҳам қўриқчи олдида чиқарардик, акс ҳолда маҳбусларни аёвсиз калтаклашарди», – дея эслаган собиқ маҳкума.
Отто Вомбиер воқеаси
Шимолий Кореядаги қамоқхоналарда нафақат маҳаллий аҳоли, балки хорижликлар ҳам қийноқларга дучор бўлган. 2016 йилда америкалик талаба Отто Вомбиер билан содир бўлган воқеа дунёни ларзага солди. У сайёҳлик гуруҳи билан Пхеньянган келган. Хорижлик сайёҳлар жойлашадиган «Янгакто» меҳмонхонасида Отто хизмат биноларининг бирида мафкуравий эълонни йиртиб ташлаган. Талаба «корейс халқининг яхлитлигини бузишга» уринганликда айбланди ва 15 йил колонияга ҳукм қилинди. 2017 йилда Вомбиер комага тушиб қолди ва кейин АҚШга қайтарилди. Орадан олти кун ўтгач, унинг ҳушига ҳам келмай вафот этгани хабар қилинди. Вомбиернинг ота-онаси қамоқхонада фарзандларига нисбатан жисмоний зўравонлик қилинган, уни калтаклашган деб ҳисоблайди.
Темир қўл
КХДР раҳбари намойишкорона қатағонлар ва шафқатсиз ҳаракатлар, ўз қўлостида қонунбузилишига йўл қўйганларга нисбатан қатл жазосини бериш ёки сургун қилиш борасида кескин қарорлари билан ҳам танилган. ОАВда тарқалган хабарларга кўра у бир нафар генерални миномётдан отиб ташлаган, яна бир юқори мартабали амалдорни тириклайин итларга едириш ҳақида буйруқ берган.
Аммо Шимолий Корея ўта ёпиқ давлат ва бу каби маълумотларнинг ҳаққонийлигини текширишнинг деярли имкони йўқ. Жанубий Корея нашрларида тез-тез бу каби қатллар, кескин жазолар ҳақида, мамлакатдан қочишга уринган амалдорларнинг қийноқларга дучор бўлгани тўғрисида маълумотлар берилади. Кўпинча бу каби даҳшатли ҳикояларнинг аксар қисми тўқима бўлиб чиқади, қатл қилинган генераллар эса орадан бир неча ой ўтгач омма олдида кўриниш беради. Бироқ барибир бу каби хабарларнинг муайян қисми ҳақиқатга яқин.
Масалан, 2013 йилда Ким амакиси Чон Хон Тхекни қатл қилдирган, Тхек Ким Чен Ир вафотидан кейин мамлакатда вақтинчалик раҳбар мақомида бўлганди. 2017 йилда Куала-Лумпур аэропортида КХДР раҳбарининг ўгай акаси Ким Чен Нам парвоз ҳудудида заҳарлаб ўлдирилган. Қотиллик ортида кимлар тургани номаълум ва бу ҳанузгача жавобини топмаган жумбоқлардан бири, тахминларга кўра қатл Ким Чен Иннинг буйруғи билан амалга оширилган ва у бу орқали мутлақ ҳокимиятга эришишга уринган.
Трамп билан биродарлик
Ҳаммаси урушга қараб кетаётганига қарамай, кутилмаганда Ким Чен Ин ҳамда Дональд Трамп билан дўстлаша бошлади. Трампнинг сўзларига кўра икки етакчи бир-бирига нисбатан кучли ҳурматни ҳис этди ва жами 27 та мактуб алмашинуви амалга ошди, америкалик сиёсатчи ушбу хатларни севги мактубларига қиёслаган.
КХДР ва АҚШ давлат раҳбарлари Сингапурда ҳамда Ханойда иккита саммит ўтказди. Учрашувларда Корея оролини ядро қуролидан ҳоли ҳудудга айлантириш масалалари муҳокама қилинди. Аммо иккала томон ҳам музокаралардан кейин бирор натижага эришиш эҳтимоли камлигини яхши тушунишди. АҚШда президентлик сайловларидан кейин Оқ уй билан Пхеньян музокаралари буткул тўхтади, Байден ҳамда Ким Чен Ин учрашуви ҳақида бошқа гапирилмади. Жо Байден президентлик лавозимига киришгунига қадар ҳам Ким билан фақат битта шарт асосида – КХДР ядро қуролидан бутунлай воз кечса учрашиши мумкинлигини айтган. Бироқ бу Шимолий Корея раҳбариятига хуш келмайдиган талаб эди.
Зирхланган поездда Владивостокга саёҳат
КХРР раҳбари Россия билан муносабатларни яхшилашга ҳам жиддий эътибор қаратган. 2019 йил апрель ойида у зирхланган поездда Владивостокга келган. Кимни чегара ҳудудидаги Хасан шаҳрида илиқ кутиб олишган, Владивосток вокзалида мактаб ўқувчилари, шаҳар расмийлари унга анъанага кўра катта нон совға қилишган, Шимолий Корея раҳбари шарафига марш куйи чалинган. Владимир Путин билан саммитдан кейин махсус кўнгилочар дастур ишлаб чиқилган. Кимнинг ўзи Россия президенти билан фикрлар алмашинувидан катта таассуротлар олганини айтган ва Владивостокда вақти чоғ ўтганини қайд этган.
Коронавирус пандемияси бошлангач Шимолий Корея ташқи оламдан бутунлай узилиб қолди ва чегараларини ёпди. Охирги икки йилда Ким Чен Ин бошқа мамлакатларнинг давлат раҳбарлари билан бирорта ҳам учрашув ўтказмади.
Ким Чен Иннинг йўқолиб қолиши
Ким давлат раҳбарлигига киришган даврда баъзан омма олдида маълум вақт кўриниш бермай қолишни одат қилган: охирги икки йилда бу каби йўқолиб қолишлар тез-тез содир бўлмоқда, оқибатда унинг касалликка чалингани ҳақида миш-мишлар тарқалган. Айниқса Шимолий Корея раҳбарининг 2020 йил баҳорида йўқолиб қолиши ОАВ ва таҳлилчиларнинг хавотирига сабаб бўлди, Кимнинг вафот этгани, ҳукумат эса бу ҳақда расман эълон қилишга ҳали тайёр эмаслиги тахмин қилинди.
Мазкур хабарларга параллел равишда Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Чжоннинг ҳукуматда тутган ўрни мустаҳкамланди ва кучайди. 2020 йил апрель ойдиа Япония ОАВ 2019 йил охирида КХДР ҳукуматининг фавқулодда режа ишлаб чиққани ва унга кўра Ким Чен Ин давлат раҳбарлиги функцияларини бажара олмай қолса ундаги ваколатлар синглисига ўтиши белгилангани ҳақида хабар тарқалди. Ўшанда Кимнинг юраги операция қилингани ҳақида ҳам миш-мишлар тарқалган.
2021 йил май ойида Ким қарийб бир ойдан кейин яна омма олдида кўриниш берди ва бу унинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақидаги шов-шувли хабарларни баттар авж олдирди. Кимнинг аввалгидан анча озғин қиёфада кўриниш бергани унинг касалликка чалингани ҳақидаги шубҳаларда ҳақиқат улуши борлигини англатарди. Кузга бориб Ким Чен Ин баттар озиб кетди, Жанубий Корея разведкаси унинг бемор эмаслиги, балки озишга ҳаракат қилгани ва вазн ташлаганини таъкидлади. Айрим кузатувчилар бу ҳолатни КХДР раҳбарининг оила аъзоларида юрак етишмовчилиги касалликларига мойиллик кучлилиги туфайли соғлом турмуш тарзига ўтгани билан изоҳлаган.
Янги иқтисодиёт
Ким Чен Ин ҳокимият тепасига келгач, мамлакат иқтисодини ривожлантиришга жиддий киришди. У шу йўл билан отаси раҳбар бўлган даврда, 1990 йилларда Шимолий Кореяга ёпирилган очарчилик яна такрорланмаслигининг олдини олишга интилди. ХХ аср охирида турли маълумотларга кўра КХДРдаги очарчилик қарийб 3 миллион одамнинг ўлимига сабаб бўлган.
2013 йилда ҳукумат корхоналарни либераллаштириш чора-тадбирларини қабул қилди. Ким косметика саноатини халқаро даражада рақобатбардош қилишга интилди, тоғ-чанғи курортларини қурдирди, отда юрувчилар учун клублар барпо қилди, скейт-парклар, кўнгилочар боғлар, янги аэропорт ва дельфинарий бино қилди. КХДР раҳбари тураржой секторига фаол қарашни бошлади: Пхеньянда кўп қаватли тураржой комплекслари ва осмонўпар бинолар қурилди.
Аммо халқаро майдонда КХДРга нисбатан жиддий санкцияларнинг қўлланилгани, пандемия ва экин майдонларида ҳосилнинг бўлмагани Кимнинг замонавий ва мослашувчан иқтисодиёт қуриш юзасидан қилган ишларини пучга чиқарди. Мамлакатда яна очарчилик бошланиши мумкин: Жанубий Корея разведкаси берган маълумотларга кўра КХДР ҳукумати озиқ-оқват етишмовчилиги туфайли армия резервидан аҳолига гуруч тарқатишни бошлаган.
Оғир уруш
2021 йил апрель ойида КХДР раҳбари мамлакатдаги вазиятни «тархидаги ўта оғир» деб айтган ва фуқароларни янги «Меҳнат уруши»га тайёргарлик кўришга чақирган. Мамлакатда 1990 йиллардаги инқироз ва очарчилик даврини шундай номлашган.
Аммо КХДР бу каби ижтимоий-иқтисодий муаммоларга қарамай ядро дастуридан воз кечмаяпти. Барчасига терс равишда мамлакатда янги қурол-яроғни синовдан ўтказиш бошланган: Шимолий Корея ҳарбийлари сувости кемаси ва поезддан баллистик ракеталарни учирди, илк бор гипертовушли ва қанотли ракеталарни тест қилди. Октябрда Ким мудофаа саноати кўргазмасида бўлди ва АҚШга қарши душманона сиёсатда «енгилмас армия» тузишини ваъда қилди.
Изоҳ (0)