Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин 2021 йилнинг апрелида мамлакат аҳолисини янги «Машаққат кампанияси»га тайёргарлик кўришга чақирди. Шимолий Кореяда ушбу ибора мамлакат тарихидаги энг қоронғу даврлардан бири — 1990 йиллар охиридаги юз минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган очарчиликни тасвирлашда ишлатилади. Meduza Сеулдаги Кунмин университетининг етакчи тадқиқотчиси Фёдор Тертицкийдан Ким Чен Ин ўз халқини бунчалик қўрқитишига нима сабаб бўлгани ҳақида айтиб беришини сўради.
Ким Чен Ин Корея Ишчилар партияси аъзолари котибларининг 6-йиғилиши якунида нутқ сўзлар экан шундай деди:
Марказий қўмитадан бошлаб барча партия ташкилотларини, бутун партия аъзоларининг котибларини ўта оғир «Машаққат кампанияси» чиғириғидан ўтказишга қарор қилдим. Бундан мақсад максимал моддий ва маданий фаровонликни таъминлаш ҳамда Она партиясига ишонган, унга эргашган, ўз партиясини ҳимоя қилиш учун ўнлаб йиллар давомида азоб чеккан халқимизнинг азобларини оз бўлса-да, енгиллаштиришдан иборат.Бундай баёнот КХДР аҳолиси учун яхшиликдан далолат бермайди. Бу ўн йил олдин, ҳокимият тепасига келган Ким Чен Ин танлаган йўналишнинг бевосита муваффаққиятсизлиги натижасидир.
Дональд Трамп қай тарзда Ким Чен Иннинг режасини барбод қилган?
Дастлабки ўнинчи йиллар Шимолий Корея иқтисодиёти учун анча серҳосил давр бўлди. 2011 йилнинг декабрь ойида мамлакат янги раҳбар қўлига ўтди. Ким Чен Ин ҳокимиятдаги фаолиятининг биринчи ҳафтасида ўтказган ёпиқ йиғилишда КХДРда ҳаммаси яхши, аммо «озиқ-овқат масаласини ҳал қилиш» кераклигини айтди. «Озиқ-овқат билан боғлиқ муаммоларни» ҳал қилиш учун Шимолий Кореянинг бир гуруҳ расмийлари нархларни назорат қилишдан воз кечиш, қишлоқ хўжалиги ва саноатни сезиларли даражада номарказлаштириш ва ишчиларни тўғридан-тўғри моддий рағбатлантиришни ўз ичига олган таркибий ислоҳотлар лойиҳасини тайёрлади: рағбат ишчиларга маҳсулотларни қисман ўзларида қолдириши мумкинлигини назарда тутади.
Дастлаб, бу чора-тадбирлар сезиларли самара берди ва Шимолий Корея иқтисодиёти сезиларли даражада ўсишни бошлади. Бироқ Ким Чен Ин учун иқтисодий ўсиш иккинчи даражали масала эди. Мамлакат раҳбарининг янги хоббиси — ракеталар синовига бўлган қизиқиши охир-оқибат ислоҳотларга жиддий нуқта қўйди. Мазкур қизиқиш стратегик қуролга айланди, унинг такомиллашиб бориши давомида КХДР сўнгги ўн йил ичида улкан ютуқларга ҳам эришди.
Мавзуга доир: Шимолий Корея ҳозиргача тақдим этилган қитъалараро баллистик ракеталарнинг энг каттасини намойиш қилди
Дастлаб, Пхеняннинг режаси стратегик қуролларини такомиллаштириш бўлган эди. Яъни, агар бирор кор ҳол юз берса, Пхенян Вашингтон узра термоядро каллакли қитъалараро баллистик ракетани учириш имкониятидан фойдаланишни кўзлаган эди. Сўнгра режалар захира нусхасини яратишга ўзгарди, бундан мақсад ўзини дунёдаги энг тинч мамлакат қилиб кўрсатиб, кейинги синовларни тўхтатиб туриш ва синов майдончаларини демонтаж қилиш каби баъзи бошқа рамзий ҳаракатлар эвазига санкцияларнинг аксариятидан халос бўлиш эди. Бироқ Дональд Трампнинг ҳаракатлари туфайли мазкур режа барбод бўлди.
Трамп 2016 йилда АҚШ ҳокимиятига келгач, дарҳол Пхенянга нисбатан ўта қаттиқ позицияни танлади ва нимадир юз берган тақдирда, КХДР муаммосини ҳарбий йўл билан ҳал қилиш кераклиги ҳақида мунтазам кенгашлар чақира бошлади. Натижада, Пхенян 2017 йил ноябрь ойида ўзи интилаётган сўнгги босқичдан бироз олдинроқ ракета синовларни чеклашга мажбур бўлди. Шимолий Кореяда Вашингтонга зарба беришга қодир ракета ҳали йўқ эди. Шимолий кореяликларда ўзи бирор водород бомбаси борми, ёки улардаги шунчаки одатий атом бомбасими, ҳалигача номаълум.Орадан бироз вақт ўтгач, 2018 йил март ойида Трамп ғазабини раҳм-шафқатга ўзгартирди ва Шимол билан музокараларга тайёрлигини билдирди. Ўша йилнинг 12 июнида у Сингапурда биринчи КХДР ва АҚШ саммитини ўтказди. Барча мавжуд маълумотларга кўра, шундан кейин Пхенян кейинги учрашув пайтида «эсини еган америкалик қария»ни (илгари Ким Чен Ин Трампни омма олдида шундай атарди) авраб санкцияларни бекор қилдиришга умид қилган. Шундай қилиб, «топ лидер» ғалаба илинжида 2019 йил февраль ойида Вьетнам пойтахти Ханойда бўлиб ўтадиган иккинчи саммитга йўл олди.
Америка оммавий ахборот воситаларининг аксарияти Трампнинг Шимолий Кореядаги сиёсатини золимнинг шармандали кўнгилхушлиги сифатида тасвирлади. «Ким Чен Иннинг ёнида туришнинг ўзи билан Трамп бу қотилни легаллаштирмоқда», — дея бонг урди либерал ОАВ.
Бироқ Трамп кореяликлар кутганидан анча ақлли бўлиб чиқди ва танқидчиларининг ишончига кирди. Пхеняннинг таклифларини тинглаган АҚШ президенти: «Йўқ, сиз келишувга тайёр эмассиз», — деди. Кейин у Ким Чен Инни қуруқ қўл билан қолдириб, Вьетнамдан учиб кетди. Шундан кейингина кореяликлар ўзларининг қай аҳволда эканини тушуниб етди. Ахир БМТ Хавфсизлик кенгаши санкциялари муддатининг охири бўлмаслиги ҳам мумкин, яъни назарий жиҳатдан улар ҳатто бир йил, ҳатто бутун асрлар давомида ўз кучида қолиши мумкин. Санкцияларни бекор қилиш учун эса «катта бешлик»нинг, шу жумладан АҚШнинг бир овоздан розилиги зарур.
Шимолий Кореяда «илмий иқтисод» деганда нима тушунилади?
Пхенян учун бу камида ўрта муддатли истиқболда санкциялар умуман бекор қилинмаслиги мумкин деган маънони англатади. Янги синовларга қайтиш эса энди осон эмас эди. Чунки музокаралар бошланиши билан дунё тинчиб, Шимолий Кореянинг ядровий ракеталари ҳақидаги янгиликлар янграмай қўйган эди. Синовларни қайта бошлаш Пхеняннинг музокаралар столидан чиқиб кетишини англатади, акс ҳолда, КХДР қаттиқ ғазабга, хусусан, Пекиннинг оқибати янада оғир бўлган санкциялар кўринишидаги жазосига дучор бўларди.
2017 йилда ўтказилган синовлар натижасида мамлакат орттирган янги санкциялар тўплами янада қаттиқроқ бўлса-да, унчалик аҳамиятли эмас эди. Чунки янги синов муҳим воқеа сифатида қабул қилинган, аммо унчалик катта куч деб ҳисобланмаган. Ҳозирги янги синовлар эса хавфли деб баҳоланмоқда. Бундан ташқари, 2017 йил ноябрь ойида КХДР расмийлари ўз фуқароларига стратегик қуролларни ишлаб чиқариш тугаллангани тўғрисида хабар берди: синовларга қайтиш ва янги санкцияларнинг моҳиятини одамлар тушунмас эди (КХДР ҳануз қисқа масофали ракеталарни синовдан ўтказишда давом этмоқда).
Кейинчалик содир бўлган воқеаларга қараб, Ким Чен Ин энди ҳеч кимга ишонмаслик керак деган қарорга келди. Ханойдаги мусибатдан кейин Шимолий Корея аввалгидан ҳам ёпиқроқ мамлакатга айланди. Ушбу тенденция 2020 йилда коронавирус пандемияси бошланиши билан кучайди. Пандемияга нисбатан Пхенян жуда қаттиқ муносабатда бўлиб, ташқи дунё билан алоқаларни бутунлай узиб қўйди.Ниҳоят, 2021 йил январь ойида бўлиб ўтган Корея Ишчилар партиясининг 8-сезди қарши ислоҳотлар томон дадил йўналиш олди. Янги беш йиллик режа эълон қилинди: мамлакат иқтисодиёти «давлат миқиёсида, режали ва илмий» бўлиши керак.Ушбу учликнинг учинчи компоненти Пхеняннинг қачондир улар иқтисодий ўсишни бошлайдиган соф технологик ечим топишга қодир эканига қатъи ишончини акс эттирди. Дастлабки иккитаси эса мамлакат энди қайси йўналишда ҳаракатланишини яққол кўрсатиб берди.
Япониялик тадқиқотчилар (ва улар орқали ушбу матн муаллифи) қисман қўлга киритишга муваффақ бўлган аввалги 2016 йилдаги иқтисодий ривожланишнинг беш йиллик стратегияси ҳам консерватив эди, аммо энди КХДРда иқтисодий реакция даври бошланди, бу мамлакат учун яхшиликдан далолат бермайди.
Нима учун Ким Чен Ин халқини бунчалик қўрқитмоқда?
Ядро ракеталари намойиши ва Ханойдаги дипломатик муваффақиятсизлик натижасида, 2010 йилларнинг иккинчи ярмида КХДР иқтисодиёти пасайишни бошлади. Турғунлик дарҳол яшаш стандартларига таъсир кўрсатди. Нархлар динамикасига қараб, Шимолий кореяликларнинг нафақат маккажўхори, балки гуручни ҳам мунтазам истеъмол қила оладиган ўрта синф улуши камайишни бошлади.
Ҳокимият инқирозига жавоб мафкурада топилди. Расмийлар мунтазам равишда одамларга мурожаат қилиб, ҳозир жуда қийин давр экани — пандемия содир бўлаётгани ва империалистлар ҳанузгача республикани санкциялар билан бўғиб ўлдиришга уринаётганини уқтирарди. Мамлакатнинг асосий газетаси «Нодон Синмун» ҳар куни коронавирус бўйича дунёнинг янги статистикасини эълон қилади (КХДРда коронавирусга чалиниш ҳолат расмий равишда нолга тенг). Газетанинг асосий хабари шундан иборатки, сиз раҳбарга чидашингиз ва унга ишонишингиз керак, шунда, вазият силлиқ кетишини кўрасиз.Ким Чен Ин партия раҳбарларига «машаққатли кампанияни»ни ваъда қилар экан, у уларга эмас, балки кўплаб автократларга хос руҳдаги одамларга мурожаат қила бошлади: «Мен элита билан эмас, балки сиз биланман».
Афтидан, «топ раҳбар» бундай мурожаат Шимолий Кореяликларнинг ҳеч бўлмаганда бир қисмини ҳукумат уларнинг муаммоларини тушунади, уларнинг ёнини олади ва маҳаллий расмийларнинг уларни талон-тарож қилишига йўл қўймайди, деб ишонишига олиб келади деб кутмоқда.
Бир вақтнинг ўзида, Ким Чен Ин ўзининг Марказий қўмитасига: «Ўртоқлар, мен сиз ва оилангиз очликдан ўлишига қарор қилдим», — деб эълон қилишни истамаслиги аниқ. Ахир, бунинг ортидан у қудратидан айрилиши мумкин. Элита аъзоларидан ҳамма нарсани тортиб олиш унчалик оқилона йўл эмас. Бироқ партия аъзоларининг котиблари ва умуман олганда, элитанинг қуйи қатлами вакиллари белларини маҳкам боғлаши керак. Албатта, фақат «машаққат кампания»си даражасига эмас — бу ҳали ҳам гипербола. Ўтган йиллар амалиётидан келиб чиққан ҳолда, эҳтимол, жамғармалар пойтахт аҳолисига қайта тақсимланади (чунки уларнинг қўзғолони ҳокимият учун хавфли бўлиши мумкин), шунингдек, хавфсизлик кучлари, биринчи навбатда, Кимнинг ўзини ҳимоя қиладиган қўриқчилар қўмондони, Давлат муҳофазаси вазирлиги ва Пхенян мудофаа қўмондонлиги ҳам қайта тақсимланиши мумкин.
Қандай қилиб Жанубий Кореядаги президентлик сайловлари Шимолий Кореянинг бош умидига айланди?
Албатта, қайта тақсимлашнинг ўзигина Шимолий Кореянинг асосий муаммоларини ҳал қила олмайди, муаммолар ичида фақат коронавирус эпидемияси вақтинчаликдек туюлади. Расмий равишда КХДРда коронавирусга чалинган беморлар йўқ, аммо вақти-вақти билан маълум бир шаҳарда тўлиқ блокировка ўрнатилгани тўғрисидаги ҳисоботларга қараганда, вирус онда-сонда мамлакатга кириб боради ва карантин ёрдамида дарҳол бартараф этилади, буни амалга ошириш тоталитар давлат учун муаммо эмас. Яқин келажакда касаллик мағлуб бўлиши ёки ҳеч бўлмаганда жаҳон иқтисодиётининг ўсиши тиклана бошлаши аниқ, бу эса Пхенян учун жуда муҳим.
Гап шундаки, иқтисодиётининг ёпиқлигига қарамай, КХДР аслида ташқи иқтисодий вазиятга қарам, хусусан, Шимолий Корея савдосининг 90 фоиздан ортиғи Хитойга боғлиқ. Ким Чен Ин, шубҳасиз, ичкаридан бирор нарсани ўзгартирмайди. Режага ва марказлаштиришга асосланган сафсаталарга қараганда, Дэн Сяопин ёки Рауль Кастронинг мисоллари унга илҳом бермайди. КХДРнинг тузилишидаги асосий муаммо — тотализация ҳеч қачон ҳал қилинмайди.
Шунингдек, санкциялар режимининг енгиллашишини кутишдан ҳам фойда йўқ. Бунинг учун АҚШ розилиги керак ва яқин келажакда бундай розиликни олиш мумкин бўлган ягона сценарий — бу 2024 йилда Дональд Трампнинг Оқ уйга қайтиши ва КХДР билан Трамп маъмурияти учун мақбулроқ бўлган шартнома имзоланиши. Жо Байден даврида санкцияларни бекор қилиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.
Мавзуга доир: Жо Байден Ким Чен Ин билан учрашмоқчи эмас — Оқ уй
Ғайриодатий туюлса ҳам Ким Чен Инда Жанубий Кореяликлар томонидан қўллаб-қувватланиш имконияти кўпроқ. Жанубий Кореяда 2022 йилда президентлик сайловлари бўлиб ўтади ва президентлик учун Кенги провенсияси губернатори, сўл қанот вакили Ли Чжеман ҳам номзодини қўйган.
Сўровномаларда Ли марказий чап қанотдаги номзоддан ишонч билан ўзиб кетиб, асосий ўнг қанот номзоди билан биринчи ва иккинчи ўринларда тенг бормоқда. Ли ҳокимиятга келган тақдирда, Сеул ва Вашингтон ўртасида фавқулодда келишмовчилик юзага келишини ҳам, Мовий уйнинг Шимолий Кореяга нисбатан муносабати анча илиқлашини ҳам инкор этиб бўлмайди.
Кўриниб турибдики, Шимолий Корея учун келгуси йилларда халқаро идеал ўрин Жанубий Кореяда Ли Чжэманнинг 2022 йилги сайловларда ютиб чиқиши, кейинроқ эса 2024 йилда АҚШ сайловларига Трамп ўз номзодини қўйиб, ғалаба қозонишига боғлиқ. Унгача Ким Чен Иннинг Шимолий Корея халқини бардам ва чидамли бўлишга, белини маҳкам боғлашга ва ўз раҳбарини янада кўпроқ севишга ундаши ўз аҳамиятини йўқотмаслиги аниқ.
Изоҳ (0)