YouTube’даги Дарё каналида намойиш этилган “Гўзаллик эпидемияси” номли кўрсатувда баъзи косметологлар сабаб соғлиги хавф остида қолган аёллар ҳақида сўз борди. Журналист унда таниқли шахсларнинг очиқчасига пластик операцияларни реклама қилишаётганига ҳам эътибор қаратди.
“Instagram’да Кокош тахаллуси билан вайнлар суратга оладиган 33 ёшли блогер Комила Абдуқодированинг Тошкентдаги хусусий клиникада липосакция ва абдоминопластика амалиётларини бошдан кечирганидан кейинги жанжаллар ҳақида эшитгандирсиз.
Операциядан кейин блогернинг қорин соҳасида некроз пайдо бўлган. Яхшироқ тушунишингиз учун айтиб ўтаман, некроз тери чириши ҳисобланади ва у тери қайта тикланмайди. Агар вақтида ундан жарроҳлик йўли билан қутилмаса, унинг ўрни кенгайиб бораверади.
Блогер шифокорларни илмсизликда, масъулиятсизликда ундан кейин тажрибасизликда айблади. Турган гапки, янги очилган клиника ҳам уни аяб ўтиргани йўқ. Бемор шифокорларнинг тавсиясига қулоқ солмагани, съёмкаларда иштирок этгани, машина рулига ўтиргани ва қатъий таъқиқланган энергетик ичимликлардан истеъмол қилгани ҳақида гапирди. Майли, бу ишни тегишли ташкилотлар ўрганиб чиқиб, айбдорни аниқлашар. Эътиборимни тортгани блогер реклама эвазига, бепулга ипосакция ва абдоминопластика операцияларини амалга оширган. Сир эмас, ҳозирги кунда ижтимоий тармоқ очиқчасига ринг майдонига айланиб қолган. Унинг атрофидаги инсонлар Instagram саҳифаларини Ўзбекистонда тажрибали шифокорлар йўқлиги, қассоб каби иш тутишлари ҳақида кети-узилмайдиган серияли видеоларни жойлашди. Аммо орадан кўп ўтмай у ошқозон қисқартириш операциясини ўтказадиган клиниканинг рекламасида суратга тушди. Ва вақтни ортга қайтаролганида, ошқозон операциясини қилдириши айтиб ўтди.
Шундай қарорга келган бўлса-ку, майли бу унинг ҳаёти. Аммо ярим миллиондан ортиқ кузатувчиси бўлган блогерга пул учун истаган рекламасини олиши қанчалик тўғри? Фикримни очиқлашга ҳаракат қиламан. Кокош билан боғлиқ мурожаатлар сони ортганидан кейин бир кузатувчи Facebook’даги постга изоҳ ёзди. “Сизнинг рекламангизга ишониб, ўғлимни ўша клиникада суннат қилдиргандим. Анча вақтгача яраси битмади, болам азобланди”, деб ёзди. Ҳа, бундай изоҳларга сизнинг ҳам кўзингиз тушгандир. Чунки машҳур шахсларнинг тўлиб-тошиб ижтимоий тармоқларга жойлаган видеосига ишониб, фирибгарлар тузоғига тушган, уйга тўлов қилиб, ҳалигача бошпанасиз яшаётган ёки соғлиғидан азият чекаётганлар оз эмас.
2021 йил 28 декабрда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва 2022 йилнинг 17 мартда Сенат томонидан маъқулланган “Реклама тўғрисида”ги қонунининг 34-моддасида таниқли шахсларнинг дори воситаларини реклама қилиши тақиқланганлиги қайд этиб ўтилган. Чунки дори воситаси кимгадир ишониб ёки унга яхши таъсир қилибди, мен ҳам истеъмол қилсам бўлади, дейдиган восита эмас. Менимча, эндиликда пластик операцияларни ёки соғлиқ билан боғлиқ муолажаларни машҳурларнинг ижтимоий тармоқларда реклама қилишларини тақиқлаш ҳақида ўйлаб кўриш керакмикан?
Чунки дунёнинг жуда кўплаб мамлакатлари қонунчилигида машҳур шахсларнинг пластик операцияларни реклама қилиши ва уларни ёшлар орасида тарғиб қилишига қарши чекловлар бор. Масалан, 2023 йилдан буён Францияда ижтимоий тармоқларга таъсир кўрсатувчи (influencer) шахсларнинг пластик операцияларни реклама қилишлари таъқиқланган. Агар улар гўзаллаштирувчи филтрлардан ҳам фойдаланса, бу ҳақида постда ёзиб қолдириши шарт. Менимча, бу одамлар орасида танасига нисбатан ношукрлик ҳисини ортиб кетмаслиги учун хизмат қилса керак.
Бундан ташқари, Дания, Жанубий Корея, Буюк Британия, Хитой каби давлатларда ҳам машҳурларнинг ўз саҳифасига инсон саломатлиги билан боғлиқ рекламаларни жойлаши, хусусан пластик операцияларни тарғиб қилиши қатъиян тақиқланган. Хитойда, ҳатто машҳур шахсларнинг таълим ва молиявий соҳаларни реклама қилиши ҳам мумкин эмас. Тўғрида, одамлар машҳурларга ишонади ва улар яхшигина маблағ эвазига ичмайдиган дорисини ҳам мақтаб “ичдим” деб алдаши ёки ўзи ишонмайдиган шифохонани “кўкка кўтариши” мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўришмайди.
“Менимча, бизда ҳам блогерлар рекламасини жиддий назоратга олиш вақти келди. Улар шунчалик бўлиб кетишдики, одам айтишга ҳам уяладиган аъзоларини пластик операция қилдириб, очиқчасига буни тарғиб қилишмоқда”, дейилади кўрсатувда.
Бу борада қандай фикрдасиз? Илтимос, видеога кириб, фикрларингизни ёзиб қолдиринг.
Изоҳ (0)