Хива шаҳрида “Арда Хива” халқаро туризм марказининг тантанали очилиш маросими бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев маросимдаги нутқида вилоятнинг буюк ўтмиши ва бугунги туризм салоҳияти ҳақида сўзлади.
“Хоразм дунё цивилизацияси ва маданиятига бебаҳо ҳисса қўшган Шарқ гавҳаридир. Бу кўҳна юрт жаҳонга донғи кетган не-не олиму фозиллар, саркарда ва султонлар, азиз авлиёлар, бетакрор шоир ва ҳофизлар ватанидир”, дея таъкидлади давлат раҳбари.

Бу ердаги муҳташам тарихий обидалар бебаҳо бойлик экани қайд этилди. Очиқ осмон остидаги шаҳар-музей – “Ичан қалъа” мажмуаси умумбашарият хазинаси сифатида ЮНЕСКО рўйхатига киритилган. Вилоятда 260 дан зиёд маданий мерос объекти мавжуд. Улар ўзининг ноёб ва гўзал меъморий қиёфаси билан нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёнинг жаҳон равнақидаги бетакрор ўрнини белгилаб берадиган тирик тарихдир.

Бугунги кунда бунга асосланиб, туризмни ривожлантиришга алоҳида стратегик йўналиш сифатида эътибор қаратилмоқда. Тарихий ёдгорликлар, маданий мерос объектлари асраб-авайланиб, глобал туризм тармоғига фаол жалб қилинмоқда.

Шу билан бирга, ўзида тарих ва замонавийликни мужассам этган йирик туристик мажмуалар ҳам барпо қилинаётир. “Арда Хива” шундай улкан режаларнинг яна бир амалий натижасидир. Ушбу муҳташам халқаро туристик масканда 17 та меҳмонхона ва меҳмон уйлари, 9 та ресторан, очиқ ва ёпиқ аквапарклар, 3 минг ўринли амфитеатр, 5 та кино ва концерт зали, кўргазмалар павильони, 70 та дўкон, 300 та савдо растаси, 11 та ҳунармандлар уйи, Шарқ бозори ва заргарлик маркази, фавворалар, соҳил бўйи йўлаги бор.

Бундай ишлар ҳисобидан вилоятга туристлар оқими қўшимча равишда 1 миллион нафарга ошади, хизматлар 1,2 триллион сўмга кўпаяди, камида 2 мингта иш ўрни яратилади.
“Ишончим комил, “Арда Хива” Хоразмдаги туризм ривожида янги саҳифа очади, вилоятнинг иккинчи “ташриф қоғози”га айланади. Ушбу бетакрор маскан Хоразмга, бутун халқимизга муборак бўлсин”, деди президент.

Яна бир янгилик – энди Хива туманидан 2 минг 400 гектар ер Хива шаҳрига ўтказилиб, у жойда “Саҳро юлдузи” туристик мажмуаси бунёд этилади. Унда меҳмонхоналар, кўнгилочар марказлар, гастрономик ва савдо кўчалари, музейлар, экоуйлар, ёзги лагер, экстремал туризм жойлари бўлади.

Шунингдек, Тупроққалъада чўл ҳудудидаги 5 минг гектар ерда сафари ва ов туризми ривожлантирилади. Урганч шаҳри, Шовот, Қўшкўпир, Хива ва Ҳазораспдан оқиб ўтадиган Ғазовот, Полвон, Шовот каналлари бўйларида 50 миллион долларлик 80 та хизмат кўрсатиш, савдо-кўнгилочар объектлари ишга туширилади. Боғот, Гурлан, Янгибозор ва Урганч туманида туризм қишлоқлари ташкил этилади.

Маъмун академияси биноси олдидаги 2 гектар боғ “Буюк алломалар” номли очиқ осмон остидаги “смарт” музейга айлантирилади. Шу асосда Хоразм юртида камол топган ўнлаб мумтоз аждодларимизнинг ибратли ҳаёт йўли, бой ижодий мероси интерактив усулда бир нечта хорижий тилларда сайёҳларга тақдим этилади.

Давлат раҳбари Амударёнинг икки соҳилида жойлашган Хоразм ва Қорақалпоғистон элини Худои таолонинг ўзи тақдирдош қилиб яратганини таъкидлади. Шу боис Хоразмда туризмни ривожлантириш Қорақалпоғистон билан ҳамоҳанг равишда, ягона концепция асосида амалга оширилади. Бунинг учун Хоразм – Қорақалпоғистон туризм ҳалқаси лойиҳаси ишлаб чиқилади. Урганч – Гурлан – Манғит автомобиль йўли тўлиқ реконструкция қилинади.
Сўнгги йилларда Хива шаҳрига темир йўл тортилиб, янги вокзал қурилди, Бухоро – Урганч – Хива темир йўли тўлиқ электрлаштирилди. 2026 йилда ушбу йўналиш бўйлаб Жалолиддин Мангуберди номи билан аталадиган замонавий тезюрар поездлар қатнови йўлга қўйилади. Яқин келажакда бу тезюрар поездлар Нукусгача боради.

Президент маросимда қатнашаётган хорижлик меҳмонларни ҳам қутлаб, ҳамкор элларга ҳурмат ва эзгу тилакларини билдирди.
“Бугун дунёдаги мураккаб вазиятга қарамасдан, Ўзбекистон ўз йўлидан дадил бормоқда. Халқимиз тинчлик ва фаровонлик, дўстлик ва ҳамкорлик, бунёдкорлик руҳи билан яшамоқда. Бизнинг ҳар бир мақсад-режамиз, ҳар бир ислоҳотимиз одамларимиз ҳаётини яхшилашга, уларни рози қилишга қаратилган ва бу ишларимиз, иншооллоҳ, бардавом бўлгай. Аминманки, сиз, азизлар билан фидокорона меҳнат қилиб, Хоразм ва Қорақалпоғистонни дунёдаги энг гўзал ва обод, илм-фан ва инновациялар, маданият ва санъат янада ривожланган заминга айлантирамиз”, деди Шавкат Мирзиёев.
Маросим катта концерт намойиши билан якунланди.
Изоҳ (0)