Россиянинг Хитой билан чегарасидаги дарёларда сув сифати кескин ёмонлашгани аниқланди. Бу ҳақда Ҳисоб палатаси ҳисоботига таяниб, “РБК” нашри хабар берди.

2020–2023 йиллар давомида олиб борилган назорат тадбирлари доирасида Хитой билан чегарадаги саккизта пунктда, шунингдек, Аргун, Уссури ва Сунгача дарёларининг қуйи оқимидаги тўртта пунктда сув намуналари олинган. Бундан ташқари, Мўғулистон билан чегарадош Онон, Қира ва Улза-Гол дарёларининг қуйи оқимларида жойлашган учта пунктдан ҳам сув таҳлил қилинган.
Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, Приморский ўлкасидаги текширилган сув ҳавзаларининг бирортасида ҳам сув сифати “шартли тоза” мезонига мос келмаган. Аксинча, улар “енгил ифлосланган”, “ифлосланган”, “жуда ифлосланган”, “ифлос” ёки “жуда ифлос” тоифаларга киритилган. Хабаровск ўлкасида эса барча таҳлил қилинган намуналарда рухсат этилган концентрациядан ортиқ ифлослантирувчи моддалар мавжудлиги аниқланган.
Ҳисоб палатаси таъкидлашича, дарёларнинг ифлосланишига сабаб бўлаётган асосий омиллардан бири — қўшни давлатлар ҳудудидан тозаланмасдан ёки етарлича тозаланмаган оқава сувларнинг дарёларга йўналтирилиши.
Хусусан, сўнгги 5 йил ичида Амур дарёсини ифлослантирувчи объектлар сони 21,6 фоизга ошиб, 111 тага етгани аниқланган. “Росприроднадзор” маълумотларига кўра, трансчегаравий сув ҳавзаларига етказилган зарарларни аниқлаш, уларни қоплаш ва сув объектларини ҳимоя қилиш борасида қўшни давлатлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилмаган.
Россияда Узоқ Шарқда хўжалик объектларининг сув объектларига ҳақиқий таъсирини баҳолаш учун етарли станциялар мавжуд эмас, дейди Бутунроссия табиатни муҳофаза қилиш жамияти Марказий кенгаши раиси Вячеслав Фетисов.
Унинг сўзларига кўра, ифлосланиш манбалари икки турга бўлинади: нуқтавий манбалар (қувурлар, тарновлар ва бошқа техник воситалар орқали), ва диффуз манбалар (ҳудуд бўйлаб оқимлар ва бошқалар). Аммо Россияда айнан диффуз манбалар бўйича мониторинг олиб борилмайди. Фетисовнинг қайд этишича, айнан шундай манбалар орқали сув ҳавзаларига кўпроқ зарарли моддалар тушмоқда.
Узоқ Шарқдаги дарёларда сувнинг меъёрий сифатини сақлаш мураккаб вазифа, чунки минтақанинг асосий дарёси — Амур трансчегаравий бўлиб, унинг ҳавзасининг катта қисми Хитойда жойлашган, дейди техника фанлари доктори, Россия Фанлар академияси Сув муаммолари институти ерусти сувларини моделлаштириш лабораторияси мудири Михаил Болгов.
У муаммони фақат мунтазам давлатлараро мониторингни ташкил этиш орқали ҳал қилиш мумкинлигини айтмоқда.
Изоҳ (0)