Янги 2021 йилнинг биринчи ўн кунлиги ҳам ортда қолди. Айтиш мумкинки, бу йил ҳам худди ўтган 2020 йил каби анча таранг бошланди. «Дарё» анъанавий ҳафталик дайжестда ҳафтанинг энг муҳим воқеалари ҳақида сўз юритади.
АҚШдаги қўзғолон
Йил бошининг энг кўп муҳокама қилинган воқеаси, шубҳасиз, АҚШда амалдаги президент Дональд Трамп тарафдорларининг тартибсизликлар уюштириши бўлди. 6 январь куни намойишчилар Капитолийни эгаллаб олди. Шу куни АҚШ Конгресси Жо Байденнинг сайловларда ғалаба қозонганини расмий равишда эълон қилиб, уни АҚШ президенти сифатида таништириши керак эди.Норозилик намойиши иштирокчилари бундан аввал Капитолийни ўраб олган полиция билан тўқнашув келтириб чиқарди. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари намойишчиларни кўздан ёш оқизувчи газ воситасида тарқатиб юборишга уринди. Намойишчиларнинг хатти-ҳаракатлари сабаб Сенат ва Вакиллар палатаси аъзолари ўз ишини тўхтатишга мажбур бўлди. Хабар беришларича, мажлисда қатнашаётган АҚШ вице-президенти Майк Пенс Конгресс биносидан эвакуация қилинди.
Капитолий олдидаги тартибсизликлар сабабли Вашингтон мери Мюриэл Баузер шаҳарда комендантлик соатини эълон қилди. Конгресс мажлиси бошланиши арафасида Дональд Трамп «Американи қутқариш марши»да намойишчилар олдида чиқиш қилди. У, жумладан, шундай деган: «Биз ҳеч қачон таслим бўлмаймиз, биз ҳеч қачон мағлубиятни тан олмаймиз».
Намойишчилар Капитолийга бостириб кирганидан сўнг Трамп Twitter’даги саҳифаси орқали ўз тарафдорларини тинч ҳаракатланишга ва полицияга қаршилик кўрсатмасликка чақирди. АҚШнинг янги сайланган президенти Жо Байден эса мазкур воқеаларни қўзғолонга тенглаштирди.
«Демократиямиз мисли кўрилмаган ҳужумга учради… Бу келишмовчилик эмас. Бу тартибсизлик. Бу қўзғолонга тенг», дейди АҚШнинг сайланган президенти Жо Байден.
Воқеалар ҳақида АҚШнинг собиқ президентлари ҳам фикр билдирди. Жумладан, Барак Обама Капитолийдаги ҳужумни «шармандалик» дея баҳолади.
«Қонуний сайловлар натижалари ҳақида асоссиз ёлғон гапиришдан тўхтамаган амалдаги президентнинг иғвогарлиги оқибатида юзага келган Капитолийдаги бугунги шафқатсизликни тарих бизнинг миллат учун буюк шармандалик ва уят палласи сифатида ҳали эслатади», деб ёзди Обама Twitter’да.
Яна бир собиқ президент Жимми Картер эса тартибсизликларни миллий фожиа деб атади. «Бу миллий фожиа ва бу бизнинг миллат сифатидаги ўзлигимиз эмас», деди у.
Сиёсатчи америкаликлардан бирлашишни ва ўзаро зиддиятларни хотиржамлик билан ҳал қилишни сўради. Картернинг эслатишича, илгарилари АҚШда икки асрдан ошиқ вақт давомида ҳокимиятни тинч йўл билан топширишга муваффақ бўлган эди. 7 январь куни ўтган мажлисда Конгресс ниҳоят Жо Байденни АҚШнинг 46-президенти сифатида тасдиқлади.
Жо Байден сайловчилар ҳайъатининг 306 та овозини қўлга киритди, ғолиб бўлиш учун камида 270 та овоз тўплаш керак. АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трамп расман 232 та овозга эга бўлди. Байденнинг инаугурацияси 20 январга белгиланди. Жо Байденнинг ғалабаси расман тасдиқланганидан кейин Дональд Трамп ҳокимиятнинг «тартибли» топширилишига ваъда берди.
«Сайловлар натижаларига бутунлай қарши бўлишимга, фактлар эса буни тасдиқлашига қарамай, 20 январь куни ваколатлар тартиб билан ўтказилади», дея Трампнинг баёнотидан иқтибос келтирди CNN.
Тартибсизликлардан сўнг Facebook ва Instagram Трампни 24 соатга, Twitter эса 12 соатга блоклаб қўйди. Кейинроқ Дональд Трамп Facebook ва Instagram’да президентлик муддати тугагунча блокланди. 8 январь куни Twitter Дональд Трамп аккаунтини «кейинчалик зўравонликка даъват этишнинг юқори хавфига боғлиқлиги сабаб» бутунлай блоклади. Шунингдек, Snapchat ва Twitch Трампнинг аккаунтини блоклади.
10 январь куни эса тартибсизликларда қатнашган 4 киши, жумладан, ўзининг ғайриоддий кийими орқали муҳокамаларга сабаб бўлган, QAnon конспирологик ташкилот аъзоси Жейк Анжели ёки Қ Шаман номи билан танилган Жейкоб Энтони Ченсли ҳам қамоққа олингани хабар берилди.
Alibaba асосчиси қаерда?
Ўтган ҳафтанинг яна бир шов-шув кўтарган хабари хитойлик машҳур тадбиркор, Alibaba Group асосчиси Жек Манинг ғойиб бўлгани ҳақидаги хабарлар бўлди. Унинг омма олдига кўриниш бермаганига икки ойдан ошди.Financial Times’нинг аниқлашича, ноябрда Ма ўзи асос солган Africa’s Business Heroes танловининг финалига келмади. Ушбу танловда африкалик ёш тадбиркорлар мукофот пули 1,5 миллион доллар бўлган грантлар учун беллашди. Ма ҳакамлар ҳайъати орасида ўтириши керак бўлган, бироқ у шоунинг финал эпизодини суратга олиш ишларида қатнашмади, унинг исми сайтдаги ҳакамлар ҳайъати рўйхатидан олиб ташланди. Alibaba’нинг маълум қилишича, Ма бандлиги сабаб танлов финалига бора олмади.
Taiwan News нашрининг ёзишича, Манинг ижтимоий тармоқлардаги сўнгги пости 17 декабрь санасида қолдирилган эди.
Октябрь охирида Шанхайда ўтказилган анжуманда Ма халқаро молиявий тартибга солиш нормаларини эскирган деб атаб, Хитой банклари «Ломбард менталитети»га риоя қилаётганини маълум қилганди. Бу Alibaba холдинги таркибига кирувчи ва Хитойдаги энг йирик мобил тўловлар платформасини бошқаришга мўлжалланган Alipay’га эгалик қилувчи Ant Group’нинг биржага чиқишидан бироз олдин содир бўлди. 5 ноябрь куни назорат пакети Мага тегишли бўлган Ant Group Шанхай ва Гонконг биржаларида IPO’ни амалга ошириши керак эди. Бу тарихдаги энг йирик IPO’га айланиб, компания 34,4 миллиард доллар жалб этиши керак бўлган эди.
Яқин кунларгача Ма Хитойнинг энг бадавлат инсони эди, бироқ сўнгги икки ой ичида Alibaba акциялари нархининг тушиб кетиши унинг бойлигини 11 миллиард долларга камайишига сабабчи бўлди. Бироқ CNBC телеканали Alibaba асосчиси миллиардер Жек Ма ўзининг Ханчжоуда жойлашган штаб-квартирасида қасддан яширингани ҳақида хабар берганидан кейин компания акциялари нархи беш фоизга кўтарилди. Alibaba асосчиси ғойиб бўлмагани, балки компаниянинг Ханчжоудаги штаб-квартирасида экани ҳақида CNBC телеканали бошловчиси Дэвид Фабер маълум қилди.
«У катта эҳтимол билан Alibaba штаб-квартираси жойлашган Ханчжоуда экани ва атайин яширинганини айтишим мумкин. Лекин бу унинг йўқолганини англатмайди», деди Фабер.
Бойларнинг «пойгаси»
Ўтган ҳафтада дунё бойлари рейтингида ўзгариш юз берди. Гап шундаки, Tesla компанияси бош директори Илон Маск Amazon эгаси Жефф Безосни ортда қолдириб, дунёдаги энг бой бизнесменга айланди.Маск электромобиллар ишлаб чиқарувчи компания акцияларининг ўсиши натижасида дунё бойлари маблағларини онлайн тарзда кузатиб турувчи Bloomberg Billionaires Index’да биринчи ўринни эгаллади.
Bloomberg унинг бойлигини 188,5 миллиард долларга баҳолади. Бу кўрсаткич Безоснинг бойлигидан 1,5 миллиардга кўп.
Илон Маск CNBC телеканали ҳисобига кўра ҳам дунёнинг энг бой одамига айланди. Телеканал унинг бойлигини 184 миллиард долларга баҳолади, шунингдек, Безос миллиардерлар рейтингида 2017 йилдан бери етакчилик қилганини эслатиб ўтди.
Агентлик (Bloomberg) қайд этишича, шу пайтгача ҳеч ким бунчалик тез бойимаган эди — бир йил ичида Tesla раҳбарининг бойлиги 165 миллиард долларга кўпайди. Таққослаш учун бу Билл Гейтснинг умумий бойлиги миқдорига тенг. Маск Tesla акцияларининг кескин ўсиб бориши фонида бойимоқда, 2020 йилдаги ўсиш 743 фоизга тенг бўлди.
Forbes Bloomberg‘нинг ҳисоб-китобларига қўшилмайди, унга кўра, Маскнинг капитали 175,2 миллиард долларга тенг. Бу унинг сайёрада бадавлатликда учинчи ўринда турувчи франциялик магнат Бернар Арнодан 22 миллиард долларга бойроқ, аммо Безосдан 11 миллиард долларга камбағалроқ эканини англатади. Forbes ҳисоб-китобларига кўра, Безоснинг бойлиги 186,8 миллиард долларни ташкил этади.
Дунёдаги энг бой одамга айлангач, SpaceX космик компанияси асосчиси ва Tesla бош директори Илон Маск Марсда колония ташкил қилиш йўлида ўзининг барча давлатини сотиб юборишга қарор қилди.
Нигердаги оммавий қотиллик
Янги йилнинг илк кунларини Нигер аҳли даҳшат ичра ўтказди. Гап шундаки, Нигер ғарбидаги иккита қишлоқнинг 100 га яқин аҳолиси 2 январь куни «Боко Ҳарам» террорчилик гуруҳи жангарилари томонидан ўлдирилди, 25 киши эса жароҳат олди.Ҳуқуқ муҳофазачилари ҳодисани ушбу Африка мамлакатида тинч фуқароларнинг оммавий равишда ўлдирилиши деб атади. Қишлоқлардан бирининг тирик қолган мери айтиб беришича, мотоцикл минган ўнлаб жангарилар иккита колоннага бўлиниб, бир вақтнинг ўзида бир-биридан 7 км узоқликда жойлашган иккита аҳоли пунктига ҳужум қилди.
АП аниқлик киритишича, маҳаллий ҳукумат сўзларига кўра, Тиллабери туманидаги қишлоқлар маҳаллий аҳолиси икки жангарини ўлдирганидан кейин ҳужумга учради. Оммавий қотиллик Нигер сайлов комиссияси мамлакатда президент сайловининг иккинчи босқичи бўлиб ўтиши ҳақида эълон қилинган куни юз берди.
Қирғизистонда президент сайлови ва референдум
10 январь, якшанба куни Қирғизистонда навбатдан ташқари президентлик сайлови бўлиб ўтди.Дастлабки натижаларга кўра, Қирғизистон бош вазири Садир Жапаров президентлик сайловида етакчилик қилмоқда. 82,13 фоиз бюллетенлар ҳисоб-китоб қилинганда, у 79,86 фоиз овоз тўплади. Иккинчи ўринни 6,47 фоиз овоз билан Адахон Мадумаров эгаллади. Бабиржан Тўлбаев икки фоиз овоз билан учинчи ўринда.
Президентлик сайловлари билан биргаликда мамлакатда бошқарув шаклини ўзгартириш бўйича ҳам референдум ўтказилди. Референдум иштирокчиларининг аксарияти президентлик республикаси учун овоз берди. МСК маълумотларига кўра, сайлов бюллетенларининг 50 фоизини таҳлил қилганда, 81,4 фоиз сайловчилар ушбу бошқарув тизимини қўллаб-қувватлагани аниқланди.
Президентлик сайловларида 17 нафар номзод иштирок этмоқда. Сайловларнинг якуний натижалари барча бюллетенларни қўлда қайта санаб чиқилганидан кейингина маълум бўлади.
ОАВда чиққан хабарларга кўра, сайловда мамлакатдаги сайловчиларнинг 30 фоиздан кўпроғи қатнашди. Бу эса мамлакат тарихидаги энг ёмон кўрсатгич ҳисобланади.
Коронаинфо
Бутун дунё бўйлаб коронавирус оқибатида вафот этганлар сони 1,9 миллион кишидан ошди. Бу ҳақда вирус тарқалишини реал вақтда кузатиб келаётган Жонс Ҳопкинс университети маълумотларида келтирилган. Пандемия бошланганидан буён дунёнинг 191 давлатида касалланиш бўйича 90 миллиондан ортиқ ҳолат қайд этилди, 64 миллиондан ортиқ бемор соғайди.Энг кўп ўлим ҳолатлари АҚШ (381,9 минг киши), Бразилия (202,7 минг киши) ва Ҳиндистонда (151,1 минг киши) қайд этилди. Касалланиш кўрсаткичи бўйича АҚШ ҳамон етакчи бўлиб турибди — COVID-19 ни юқтириб олиш билан боғлиқ 22,7 миллиондан ортиқ ҳолат қайд этилди. Иккинчи ўринда Ҳиндистон (10,4 миллион бемор), учинчи ўринда эса Бразилия (8 миллион бемор).
Эслатиб ўтамиз, Буюк Британияда коронавируснинг янги тури аниқлангани, шу туфайли мамлакатнинг айрим ҳудудларида касаллик тарқалиш суръати тезлашгани ҳақида 14 декабрь куни маҳаллий Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Мэттью Хенкок маълум қилди. Буюк Британия бош вазири Борис Жонсоннинг сўзларига кўра, ушбу турдаги коронавирус аввалгиларидан 70 фоизга юқумлироқ, лекин ундан хавфли эмас.
Сўнгги вақтларда коронавирусга чалиниш ҳолати кўпайгани боис Токиода фавқулодда ҳолат, Қозоғистон ҳамда Германияда коронавирус туфайли чекловлар кучайтирилди, Ливан ва Шотландияда эса яна карантин жорий этилди.
Жаҳонгир Остонов тайёрлади.
Изоҳ (0)