Калифорния бошчилигидаги АҚШнинг йигирмата штати АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятини судга берди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг шахсий тиббий маълумотларни Ички хавфсизлик вазирлиги ва Иммиграция хизматига (ICE) ўтказиш тўғрисидаги қарорига эътироз билдирмоқда. Бу ҳақда штат бош прокурори Роб Бонта матбуот хизмати хабар берди.

“Калифорния бош прокурори Роб Бонта бугун йигирмата штатдан иборат коалицияга раҳбарлик қилиб, АҚШ Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ички хавфсизлик вазирлиги, шу жумладан Иммиграция хизматига (ICE) шахсий тиббий маълумотларга чексиз кириш ҳуқуқини бериш қарорига қарши даъво аризаси тақдим этди”, дея таъкидланди унинг баёнотида.
Коалицияга Калифорниядан ташқари Нью Йорк, Иллинойс, Массачусетс, Мичиган ва Вашингтон каби штатлар ҳам қўшилган.
Даъвогарларнинг фикрича, тиббий маълумотларнинг оммавий узатилиши федерал махфийлик қонунларини, жумладан HIPAA (АҚШ соғлиқни сақлаш суғуртасининг кўчириб ўтказилиши ва ҳисобдорлиги тўғрисидаги қонун)ни бузади. Бу одамларни шошилинч тиббий ёрдамга мурожаат қилишдан чўчитиши мумкин. Натижада заиф гуруҳлар орасида соғлиқнинг ёмонлашиши ва ҳатто ўлим ҳолатлари юз бериш эҳтимоли юқори.
Даъво аризасида таъкидланишича, АҚШ ҳукумати тўпланган маълумотлардан оммавий депортациялар базасини яратиш учун фойдаланмоқчи. Бу эса ижтимоий таъминот тўғрисидаги қонун ва Махфийлик тўғрисидаги қонун каби бир қатор федерал қонунларга зид.
Даъвогарлар суддан маъмуриятнинг ҳаракатларини ноқонуний деб топишни ва иммиграция назорати мақсадида маълумотлар узатилишини тўхтатишни сўрамоқда.
Бундан аввал Калифорния штати ва губернатор Гевин Ньюсом АҚШ президенти Дональд Трамп, Пентагон ва мудофаа вазири Пит Хегсетга қарши Лос-Анжелесда Миллий гвардия қўшинлари жойлаштирилгани сабабли судга шикоят аризасини топширганди.
Февраль ойида эса АҚШнинг 14 та штатидан демократ прокурорлар ва расмийлар президент Дональд Трамп ва Ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) раҳбари Илон Маскни судга берганди.
Трампга қарши унинг қасамёд маросимидан кейинги биринчи кунда иккита суд даъвоси қўзғатилганди.
Изоҳ (0)