Осойишта Теҳрон оқшоми қўрқинчли тунга айланди. Исроил ҳаво кучлари мамлакат пойтахти, шунингдек, провинцияларнинг қатор ҳудудларини нишонга олди. Бир кечада инқилобий гвардия, армия ҳамда ядровий дастур бошсиз қолди.
Мамлакатнинг турли қисмларида ядровий объектлар, ҳаво мудофаа тизимлари ҳамда бошқа қимматли нишонлар йўқ қилинди. Дунёнинг кўплаб давлатлари, жумладан Ўзбекистон томонларни вазминликка чақириб, деэскалацияга ундади. Бироқ Қўшма Штатларнинг кўплаб сиёсатчилари, жумладан сенаторлар илк дақиқалардан бошлаб Исроилга чуқур қўлловини изҳор қилди.
Вакиллар Палатасига Калифорния штатидан сайланган демократ сенатор Адам Шифф шулар жумласидан. У вазиятга биринчилардан бўлиб ўз муносабатини билдириб, воқеаларни кузатиб бораётганини айтди. Сиёсатчи Эронни “зарарли фаолият юритувчи давлат ва терроризмни қўллаб-қувватловчи ҳомий” дея таърифлаб, у ҳеч қачон ядровий қуролга эга бўлмаслиги кераклигини таъкидлади. Шунингдек, “ҳар томондан юзма-юз хавф остида қолган Исроил халқига юраги ачиши”ни айтиб, Оқ уйнинг энг муҳим вазифаси яҳудий давлатининг ҳимояси ҳамда можаро кенгайишига йўл қўймаслик бўлиши кераклигини маълум қилди.
“Мен Исроилнинг ўзини мудофаа қилиш, айниқса, Эрондан келаётган бевосита таҳдидга қарши курашиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлайман. Ҳозирги вазиятда маъмуриятнинг энг муҳим вазифаси Исроилни ҳимоя қилиш, хавфсизлик истаётган америкаликларни асраш ва можаро кенгайишининг олдини олиб, дипломатия йўлини қайта очишдан иборат бўлиши керак”, деган Адам Шифф.
Америка-Исроил Жамоатчилик билан алоқалар қўмитаси (AIPAC) томонидан сиёсатчиларга берилган ҳомийлик маблағларини кузатиб борадиган AIPAC Tracker саҳифаси сенаторнинг Х тармоғидаги пости остида изоҳ қолдирди. Маълум бўлишича, Адам Шифф ўз фаолияти давомида яҳудий лоббисидан 6 миллион 234 минг АҚШ доллари миқдорида донорлик маблағлари қабул қилиб олган.

Исроилнинг ҳужумларини оқлаш компаниясига Арканзасдан сенатор Том Коттон ҳам қўшилди. Эрон ва унинг иттифоқчиларига қарши кескин риторикаси билан танилган сиёсатчи Теҳронни терроризмга хомийлик қилишда айблади. Шу билан бирга, минглаб америкаликларнинг қони учун улар жавобгарлигини даъво қилди.
“Эрон – терроризм ҳомийси бўлган дунёдаги энг ёмон давлат бўлиб, минглаб америкаликларнинг ўлимида айбдор. У нафақат ядровий қурол, балки АҚШни нишонга олиши мумкин бўлган ракеталарни ҳам ишлаб чиқишга уринмоқда. Биз Исроилни тўлиқ ва сўзсиз қўллаб-қувватлаймиз — охиригача”, деган у.
AIPAC Tracker саҳифасига кўра, сенатор Исроил манфаатларини илгари суриш учун яҳудий донорлардан бир миллион доллардан ортиқ маблағ олган.
Можаро янги фазага чиқишидан бир неча кун олдин Эрон расмийлари уранни бойитиш бўйича центрифугалар замонавийсига алмаштирилишини айтган эди. АҚШ Сенатига Техасдан сайланган Тед Круз буни эслатиб, бу Трампнинг муроса сиёсатига тескари ҳаракат бўлганини, Исроилнинг зарбалари эса мана шунинг оқибати бўлганини таъкидлади. У бу ҳақда янгиликлар телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди. Шу орқали сенатор Эронинг ядровий объектларига ҳужумларни қўллаб-қувватлади. Бироқ бу AIPAC Tracker саҳифаси эътиборидан четда қолмади. Сиёсатчига у Исроилга алоқадор сиёсий донорлардан қарийб 2 миллион доллар олгани эслатиб қўйилди.
Вакиллар палатаси аъзоси демократ сенатор Бред Шнайдер Эрон узоқ йиллардан буён “Исроилни харитадан ўчириш учун ҳаракат қилаётгани, бу йўлда ҲАМАС, “Ҳизбуллоҳ” ва Ҳусийларни қўллаб-қувватлаётганини айтди. Сиёсатчи айни шу сабаб Исроилнинг биринчи бўлиб зарба берганига тушуниш билан қарашини маълум қилди. У, шунингдек ядровий қуролга эга Эрон нафақат Исроил, балки бутун дунё учун ҳам жиддий таҳдид туғдиришини таъкидлади. AIPAC Tracker саҳифасига ишонилса, Исроил лоббиси унинг сайлов компанияларини қўллаб-қувватлаш учун 1 миллион, 300 минг АҚШ долларидан кўпроқ маблағ сарфлаган.
“Худо Исроилни ёрлақасин”
Ўз сайлов компанияларини AIPAC каби лобби ташкилотлар ёрдамида молиялаштирган сенаторларнинг аксарияти Исроилнинг ҳаракатларини Эрон тинчлик учун таҳдид солиши, Қўшма Штатлар билан муросага боришни истамагани ҳамда ядровий қурол яратишга интилаётгани каби важлар билан оқлашга ҳаракат қилди. Бироқ Республикачилар партиясидан Кети Бритт ҳамда яна бир республикачи Жон Бузман Исроил учун дуо қилишларини айтди. Улар яҳудий давлатига қўлловини шу орқали билдиришди. AIPAC Tracker саҳифаси уларнинг Х тармоғидаги постлари остида изоҳ қолдириб, Исроил манфаатларини пул эвазига илгари суришда айблади.

Исроилнинг Эронга зарбалари
АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон билан ядровий дастур бўйича музокаралар боши берк кўчага кирганини айтганидан бир неча кун ўтиб, Исроил Эрон ядровий объектлари, ракета ишлаб чиқариш корхоналари, омборлар ҳамда ҳаво мудофаа тизимлари нишонга олинган амалиёт ўтказди. Яҳудий давлати, бундан ташқари, Эрон ҳарбий эстаблишменти ҳамда ядро-физикларига зарба бериб, муҳим фигураларни ўлдирди. Натижада Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Бош қўмондони генерал Ҳусайн Саламий ва Эрон қуролли кучлари Бош штаби раҳбари генерал-полковник Муҳаммад Багҳерий қурбон бўлган.
АҚШ президенти Дональд Трамп воқеа юзасидан баёнот бериб, келишув учун Эронга кўп имкониятлар берганини таъкидлади. Шунингдек, Теҳронни оқибатлар ҳақида жиддий огоҳлантирганини айтди.
“Қўшма Штатлар дунёдаги энг кучли ва энг ҳалокатли қуролларни ишлаб чиқаради — Исроилда уларнинг кўпи бор ва яна кўпи йўлда. Баъзи эронлик қаттиққўл мулозимлар ўзларини қўрқмас қилиб кўрсатди — энди уларнинг бари ЎЛДИРИЛДИ”, деган Оқ уй раҳбари.
Биринчи баёнотдан кўп ўтмай, Дональд Трамп можарони тўхтатиш учун ҳали ҳам кеч эмаслигини айтиб, навбатдаги баёнотини эълон қилди. У Эронни музокараларга чақирган.
Изоҳ (0)