Руминиянинг энг хушманзара тоғли ҳудудларидан бирида айиқ ҳужумига учраган эркак 1 июль куни вафот этди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Мотоцикл ҳайдаб келган жабрланувчи Трансфагарасан йўлидаги машҳур сайёҳлик ҳудудида, айиқларга овқат бермаслик ҳақида огоҳлантирувчи ёзув ёнида тўхтаган. Айиқ уни баландлиги тахминан 80 метр бўлган тик жарликдан пастга судраб кетган.
“Афсуски, биз етиб келганимизда у аллақачон ўлган эди. Жароҳатлар ўта оғир эди. Бошида дубулға ва тўлиқ ҳимоя воситалари бўлса ҳам, бу етарли бўлмаган. Маслаҳатим оддий: тўхтаманг, айиқларга овқат берманг ва масофа сақланг”, деди тоғ-қутқарув хизмати раҳбари Ион Сандулоиу.
Расмийлар ҳайвон ҳали йўқ қилинмагани ҳақида баёнот берган. Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Руминия Европа Иттифоқидаги энг кўп қўнғир айиқ популяциясига эга.
Сўнгги йилларда одамлар ва айиқлар ўртасидаги тўқнашувлар кўпайиб бормоқда. Руминиянинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан ўтказилган сўнгги тадқиқотларда мамлакатдаги қўнғир айиқлар сони 10,4 мингдан 12,8 минг орасидалиги тахмин қилинган. Вазирлик, шунингдек, хавф зоналари хариталарини жорий этишни режалаштирмоқда.
Мамлакатда парламентнинг қуйи палатаси айиқлар популяциясини камайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини маъқуллаганди. Унга кўра, юзлаб айиқларни ўлдиришга рухсат берилган.
Изоҳ (0)