Техас ҳукумати ноқонуний мигрантлар кириб келишининг олдини олиш учун Мексика билан чегарани мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини икки баравар оширди. Бу ҳақда штат губернатори Грег Эббот маълум қилди.
“Биз Техасга ноқонуний киришни тақиқловчи чегара ҳудудларини кенгайтириш бўйича саъй-ҳаракатларимизни икки баравар оширмоқдамиз. Бизга кўпроқ Миллий гвардия ходимлари ва сим тўсиқлар керак бўляпти”, — деб ёзди у ижтимоий тармоқда.
Эбботнинг таъкидлашича, Техасда ноқонуний иммиграция даражаси “камайиб бормоқда, Калифорния ва Аризонада эса кўпаймоқда”.
Аввалроқ АҚШ Олий суди Эбботнинг мигрантлар оқимига қарши кураши доирасида ўрнатган 30 миляга тортилган (тахминан 48 км) симли тўсиқни олиб ташлаш бўйича қарор чиқарган эди. Суд қарори чегара хизмати ходимларига чегара бўйлаб симларни кесиб, олиб ташлашга рухсат беради.
Техас миллий гвардияси федерал чегара патрул хизмати ходимларининг Рио-Гранде дарёси бўйлаб Мексика билан чегаранинг тахминан 4 километрлик қисмига киришини тўсиб қўйди. Штат расмийлари АҚШ маъмурияти чегарани тўғри қўриқламаётгани, бу эса ноқонуний мигрантларнинг кўпайишига олиб келаётганини бир неча бор таъкидлаган.
Техас чегарадаги мигрантларни Американинг йирик шаҳарларига, жумладан, Вашингтон, Нью-Йорк ва Чикагога автобусларда жўнатишни бошлади.
Изоҳ (0)