Президент рафиқаларига ҳар қандай даврда ҳам осон бўлмаган. Оқ уйда оиласи обрўсини ҳимоя қилган ҳолда нафақат енгил нафас олиб, эркин ҳаёт кечиришни бошлаган, балки бутун дунёни ўзлари ҳақида тинмай гапиришга мажбур қилган ажойиб аёллар ҳақидаги мақолани таржима тариқасида эътиборингизга ҳавола этамиз.
Мелания Трамп
Биринчи хонимлик даври: 2017—2021
Собиқ модель миллиардер турмуш ўртоғи Дональд Трамп 2016 йилда президентлик сайловларида ғалаба қозонганидан кейин АҚШ тарихидаги 45-хоним бўлди. Мелания Трамп бу у учун қувончли воқеа эмаслигини ҳеч қачон яширмаган. Кейинги тўрт йил у учун халқаро назорат ва доимий стресснинг ниҳоятда қийин даври бўлди – сариқ матбуот Трамп жуфтлигининг ҳар бир чиқишини танқид остига олиб, уларнинг никоҳидаги муаммоларни кўрсатишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилди. Мода кузатувчилари ҳам бу борада ортда қолмади: биринчи хоним кийган либосларга кўпинча истеҳзо билан муносабатда бўлди (ҳатто Мелания 2018 йилда муҳожирлар марказига «Менга чиндан ҳам фарқи йўқ, сизга-чи?» провокацион ёзуви туширилган куртка кийиб келганида таҳдид остида ҳам қолган), бундан ташқари, оддий Америка фуқаролари ҳам Оқ уйнинг янги бекасини ёқтирмади — 2021 йил январь ойида ўтказилган ижтимоий сўровларга кўра, америкаликларнинг 47 фоизи у ҳақда салбий фикр билдирган.
Мелания учун турмуш ўртоғининг президентлик йиллари нимаси билан ёдда қолган? Эҳтимол, у Оқ уйда бошлаган кенг кўламли таъмирлаш ишлари биландир. Биринчи хоним туфайли ювиниш хонаси, биринчи қаватдаги мармар пол, боулинг айвончаси, Атиргул боғи ва теннис павильони дизайнига ўзгартиришлар киритилди. Бундан ташқари, у ҳар йили Рождествода уйни байрамона безаш билан шуғулланарди. Бироқ биринчи хонимнинг дизайнерлик маҳорати — Маргарет Этвуднинг «Хизматкорнинг эртаги» романидаги алвон рангли арчалардан тортиб, Гарри Поттердаги дементорларни ёдга солувчи «оқ шарпали ўрмон»гача ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг масхара қилишига сабаб бўлди.
Шундоқ ҳам Оқ уйда ўзини ортиқча ҳис қилган Мелания бундай муносабатдан жуда хафа бўлган. Шубҳасиз, ўзини бироз чалғитиш ва жамиятга фойда келтириш учун биринчи хоним хайрия ишига қўл урди. 2018 йилда у соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ижтимоий тармоқлардан тўғри фойдаланиш ва ёшлар ўртасида опиоидларни суиистеъмол қилишга қарши курашишга қаратилган «Энг яхшиси бўл» (Be Best) ижтимоий дастурини ишга туширди. «Бизнинг авлоднинг маънавий бурчи — ташаббус кўрсатиш ва болаларимизга ёрдам бериш», деган Мелания Трамп Атиргул боғида бўлиб ўтган дастур тақдимотида.
Ва ниҳоят Дональд Трамп 2020 йилги президентлик сайловида Жо Байденга ютқазганида Мелания енгил нафас олди. Энди унга биринчи хоним вазифаларидан кетишга расман рухсат берилди, қайсики, у бутун қалби билан нафратланадиган вазифалардан. У янги президент келгунига қадар ҳам Оқ уйда қолишни хоҳламади (70 йиллик анъанага кўра, Америка президентларининг рафиқалари кейинги ворисларини чой билан кутиб олади ва Оқ уйни янги хўжайинларига топширади, лекин Мелания бу анъанани бузди). Бунинг ўрнига Трамп хоним телекамералардан холи бўлган, аллақачон унутилган ҳаётдан баҳраманд бўлиш учун Флоридадаги Мар-а-Лаго оилавий қароргоҳига кўчиб ўтди. «У ҳар куни спа-салонга боради, тушлик қилади, яна спа-салонга қайтади ва Дональд Трамп билан овқатланади. Ҳар куни шу ҳол такрорланади», — дейди 2021 йилнинг февраль ойида эр-хотинга яқин бўлган бир манба.
Ҳозирда унинг асосий вазифаси — бу унинг 15 ёшли ўғли Беррон, миллиардер тадбиркор Билл Коч (Дональд Трампнинг сайловолди кампанияси ҳомийси) томонидан асос солинган Вест Палм-Бичдаги Оксбриж академияси мактабига боришни бошлади. «Мелания ҳозирда Берроннинг таълим олиши, дарсдан ташқари машғулотлари ва келажаги билан тўлиқ шуғулланмоқда», — дейди инсайдерлар.
Мелания Трампнинг эри билан муносабатларига келсак, бу ҳақда кўп нарса маълум эмас. Бир неча йилдирки, кузатувчилар уларнинг яқинлашиб келаётган ажралишларини башорат қилишмоқда. 2021 йилнинг ёзида Мелания Трамп эрининг 75 ёшини нишонлашга келмаганида оммавий ахборот воситаларида жуфтликнинг келишмовчиликлари ҳақидаги янги миш-мишлар тўлқини пайдо бўлди.
Мишел Обама
Биринчи хонимлик даври: 2009—2017
Президентлик даврининг саккиз йили мобайнида Барак Обаманинг рафиқаси кўп жиҳатлар билан ёдда қолишга муваффақ бўлди: кийиниш услубининг ажойиб эволюциясидан тортиб илҳомлантирувчи ижтимоий ташаббусларгача. Агар Мелания Трамп бугун бирор-бир хайрия ёки ижтимоий тадбирга келган бўлса, матбуот 10 та ҳолатдан 9 тасида: «Бу анъана Мишел Обама томонидан киритилган», деб қўшимча қилиши бежиз эмас. 44-хоним ҳарбий оилалар билан биргаликда болаларда кўп кузатилаётган ортиқча вазн ортишига қарши курашга қаратилган ҳаракатларни қўллаб-қувватлади. Барак Обаманинг президентлик муддати тугагач, Мишел Ҳиллари Клинтон каби президентлик пойгасига қўшилди. Албатта, бундай иш кўп вақт ва куч талаб қилади, бошқа шароитда Мишел ва Барак бир-бирига тўлиқ бағишланган бўларди.
Вашингтондан Чикагога кўчиб ўтган Обама жамоатчилик эътиборидан узоқроққа отлангани ажабланарли ҳол эмас: аввал Кариб денгизидаги хусусий оролга, кейин Франция Полинезияси, Индонезия ва Италияга. Тўғри, бу шартли равишда «узоқ» муддат эди — 28 февралда собиқ биринчи хоним норасмий бўлса-да, лекин бундан кейин қилиши мумкин бўлган ишлар билан шуғулланиш учун сиёсатга қайтди. Ҳар бир собиқ президентнинг рафиқаси сингари Мишел ҳам ҳозир фикр етакчиси ва Америка координата тизимида ўз ваколатларини ижтимоий фойдали қадамларга айлантиришга мажбурдир. Мисол учун, Обама хоним ўзининг аввалги ёшлар сиёсатини давом эттирган ҳолда Америка мактабларига ёшларнинг орзулари ва интилишлари ҳақида суҳбатлашиш учун ташриф буюради.
Бундан ташқари, Мишел Оқ уй бекаси сифатида у томонидан жорий қилинган анъаналарини ҳам унутмади. Масалан, сўнгги бир неча йил мобайнида АҚШ 44-президентининг рафиқаси сифатида Нью-Йоркда олий маълумот олиш зарурлигига бағишланган College Sig’нинг Day тадбирининг фахрий меҳмони бўлди. 2017 йилда америкалик мактаб ўқувчиларини коллеж ва университетларда таҳсил олишга тарғиб қилиш учун Манхэттенга борган ҳам янги биринчи хоним эмас, айнан у эди.
Собиқ биринчи хоним Америкада ҳали ҳам жуда машҳур шахс — айниқса, Мелания Трампнинг ҳаракатларидан норози бўлганлар орасида. Мишелнинг Obama Foundation саммитида сўзлаган нутқи сўзма-сўз иқтибосларга айланиб кетган ва унинг февраль ойи охирида Индианада бўлиб ўтадиган навбатдаги нутқининг чипталар аллақачон сотиб бўлинган. Кўриниб турибдики, Мишел нафақага чиқмоқчи эмасга ўхшайди.
Лора Буш
Биринчи хонимлик даври: 2001—2009
Лора Буш Оқ уйга аёллар ва болалар ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида кириб келди ва саккиз йил давомида у масъулият билан таълимни ривожлантириш, аёллар саломатлигини яхшилаш, бутун дунё бўйлаб гендер тенглигини тарғиб қилиш учун сон-саноқсиз нотижорий дастурлар ва фондларни ишга туширди. Айтиш керакки, у бу вазифани яхши уддалади: эри уруш бошлаганига қарамай, Лора қаерга бормасин, халқ назарида тинчлик ва яхшилик элчиси бўлиб қолди. Ажабланарлиси шундаки, 43-хоним Оқ уйни рекорд даражадаги юқори рейтинг билан тарк этди.
Аслида, жамоатчиликнинг унга шу қадар мойиллиги 2000 йилларда бошлаган барча ташаббусларини муваффақиятли давом эттиришга имкон берди. У ва турмуш ўртоғи ҳалигача Америка бўйлаб фахрийларни қўллаб-қувватлаш учун кутубхоналар, таълим фондлари ва кампанияларини ташкил қилади, оммавий ахборот воситаларига интервью беришни канда қилмайди.
Қизиғи шундаки, Оқ уйдаги ваколатидан кейин ҳам у биринчи хоним сифатидаги вазифаларидан воз кечмаган ... ҳатто Барак Обама маъмурияти даврида ҳам.
Лора Буш ва Мишел Обама — турли сиёсий партияларга мансуб бўлишларига қарамай, бир-бирлари билан дарҳол тил топишган. Лора президентлик кампанияси пайтида Барак Обама рафиқасини омма олдида қўллаб-қувватлаб, демократлар ғалаба қозонганидан сўнг, у учун Оқ уй бўйлаб шахсан ўзи экскурсия уюштирган. Сайловдан бир йил ўтгач, Лора Мишелни меҳнатсеварлиги ва, албатта, президент саройини жуда қулай жиҳозлагани учун ҳам мақтаган.
Лора ва Мишел кўп ҳолларда бир-бири билан мулоқот қилиб туради. 2010 йил 11 сентябрда собиқ биринчи хоним Оқ уйнинг янги бекаси билан бирга 2001 йилги теракт қурбонлари хотираси учун нутқ сўзлашга таклиф қилинди ва 2013 йилда улар Африкадаги саммитга ҳам бирга боришди. 2015 йилда Мишел ва Лора шаҳарни кўкаламзорлаштириш кампаниясига бошчилик қилди, бу эса яна бир бор оммавий ахборот воситаларининг завқини келтирди. Бундан кўриниб турибдики, биринчи хоним бўлишдан шунчаки воз кечиш осон иш эмас.
Ҳиллари Клинтон
Биринчи хонимлик даври: 1993—2001
Охирги сайлов пойгасини ёдга оладиган бўлсак, бу хоним ҳақида ҳамма нарса айтилганга ўхшайди. Қўшма Штатлардаги энг фаол сиёсий аёллардан бири бўлган Ҳиллари Клинтон аввал ўн икки йил Арканзаснинг биринчи хоними, кейин яна саккиз йил Оқ уй бекаси бўлган. Бу вақт мобайнида у бир нечта оммавий кампания ўтказди, улар орасида сиёсий жиҳатдан муваффақиятли ва омадсизлари ҳам бўлди. Бироқ лавозимдаги муваффақиятсизликлар унинг Оқ уйдаги энг нуфузли аёл унвонини сақлаб қолишига тўсқинлик қилмади.
Эрининг президентлиги даврида Ҳиллари кўп нарсани ўрганди (Моника Левинский билан жанжалининг ўзи кўп нарсага арзийди), шу жумладан, сиёсатни ҳам. Биринчи хоним Лора Бушга йўл беришдан олдин Клинтон келажакдаги карьерасини олдиндан ўйлаган ҳолда Нью-Йорк штатидан Сенатга муваффақиятли сайланди. Бу унинг келажакдаги сиёсий йўли учун яхши трамплин бўлди: 2008 йилда у биринчи президентлик сайловида қатнашди, лекин у янги келган Обамага ён берди, кейинроқ — ўша Обама таклиф қилган давлат котибининг обрўли мавқейига эга бўлди. 2016 йилда Ҳиллари деярли бутун Америка шоу-бизнеси ва матбуотини моҳирлик билан ўз томонига оғдириб, яна омадини синаб кўрди. Аммо демократия йўлларини олдиндан билиб бўлармиди: ҳамма учун кутилмаганда Дональд Трамп сайловда ғолиб чиқди.
Бу йил Ҳиллари Клинтон ўзининг 72 ёшини нишонлайди, балки у энди президентлик пойгасида қатнашмас. Шунга қарамай, АҚШнинг собиқ биринчи хоними сиёсатда фаол иштирок этишда давом этмоқда ва доимо Трампга қарши чиқади, вақти-вақти билан рус хакерлари билан жанжалларнинг янги тафсилотлари билан курашади, шунингдек, 2016 йилги кампанияга бағишланган «Аслида нима бўлганди?» номли мемуар китобидан гонорар олади.
Барбара Буш
Биринчи хонимлик даври: 1989—1993
Турмуш ўртоғи президент этиб сайлангач, унинг сиёсий фаолияти қарийб чорак аср давом этди. Бу вақт ичида Барбара Буш ҳам конгрессменнинг, ҳам дипломатнинг рафиқаси, ҳам АҚШнинг иккинчи хоними (вице-президент рафиқаси) бўлишга муваффақ бўлди. Кейинчалик эса умрининг яна тўрт йилини эрининг сиёсий амбицияларига бағишлаш учун Оқ уйга расман кўчиб ўтди.
Бундай шароитдан сўнг оддий америкалик фуқаронинг ҳаётига қайтиш осон эмас: 1993 йил январь ойида Оқ уйни Клинтонларга топшириб, эр-хотин Буш ўз она шаҳри — Техасга қайтиб келишди, у ерда Барбара ўзи учун даҳшатли ҳақиқатни тушуниб етди: у овқат тайёрлаш ва машина ҳайдашни бутунлай унутиб қўйганди (бу масалада эри маҳаллий аҳолига ҳазиллашиб, агар аёлининг машинасини тўсатдан пайқаб қолсалар, узоқроққа қочишни маслаҳат берган).
Қисқаси, Барбара аста-секинлик билан аввалги ҳаётига қайтишга ҳаракат қилди. Аммо кўп ўтмай ўғли кичик Жорж Буш сиёсатга биринчи қадамларини қўя бошлади, президент бўлганида эса кекса онаси ўғлини кўплаб сиёсий ҳужумлардан ҳимоя қилиш учун миллий телеканалларда намоён бўлишга мажбур бўлди. Барбара Буш биринчи хонимдан аста-секин биринчи она мақомига ўтди, бу нарсалар уни толиқтирган деб бўлмайди, чунки Оқ уйда ўзини тутиб олишни пухта эгаллаганди.
Соғлиғи билан боғлиқ жиддий муаммоларга қарамай, Буш хоним вақти-вақти билан тантанали тадбирларда қатнашишда ва хайрия жамғармаларига ҳомийлик қилишда давом этди, натижада унинг аҳволи кескин ёмонлашди. Барбара 2018 йилнинг 17 апрелида 92 ёшида америкаликларнинг севимли хоними сифатида оламдан ўтди, вафоти муносабати билан амалдаги президент Дональд Трамп ҳамда АҚШнинг деярли барча собиқ раҳбарлари таъзия изҳор қилишди.
Нэнси Рейган
Биринчи хонимлик даври: 1981—1989
Калифорния «қироличаси» ва Американинг «қимматли» биринчи хонимларидан бири учун Оқ уй деворларидан ташқарида яшаш президентнинг рафиқаси мақомига қараганда анча қийинроқ бўлган. Рейганларнинг ҳаёти йигирма йилдан ортиқ сиёсий матбуот саҳифаларида ёритилган, аммо Роналд президентлигидан кейин ҳам унинг оиласи Америка нашриётларининг миллионлаб нусхаларини янги хабарлар билан таъминлаб турди. Гап шундаки, Нэнси ҳар қандай собиқ биринчи хоним сингари ўз номидаги фондларга (у гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашган) ҳомийлик қилишни давом эттирди ва мемуар асарлар нашр этди.
Дизайнерлик либослари, қимматбаҳо заргарлик буюмлари, бебаҳо совғалар — Нэнси эрининг президентлиги даврида эга бўлган ҳамма нарса Вашингтондан кўчиб ўтганидан кейин ўзини эслатмай қўймади. Бир неча ой ўтгач, АҚШ Ички даромад хизмати собиқ президент жуфтлигига қарши тергов бошлади, улар солиқларни яшириш ва пулларни ўзлаштиришда айбланди. Натижада департамент умумий қиймати, тахминан, 3 миллион доллар бўлган буюмларни солиқ ўрнида мусодара қилди. Бироқ 1989 йил охирида бойлиги 10 миллиондан ортиқ бўлган Рейганлар барчаси учун жавоб беришига тўғри келди.
Аммо Нэнсига аталган тақдир синовлари шу билан тугамади. Беш йил ўтгач, унинг севимли турмуш ўртоғига Альцгеймер касаллиги ташхиси қўйилди. Шундан кейин Нэнси ўзини бутунлай эрига ғамхўрлик қилишга, шунингдек, ушбу касалликка жамоатчилик эътиборини жалб қилишга бағишлади. Эрининг ўлимидан кейин эса у илдиз ҳужайраларини тадқиқ қилишга катта маблағ ажратди.
Нэнси умрининг охиригача марҳум эрининг фаол вакили бўлиб қолди: у мамлакат бўйлаб саёҳат қилди, тадқиқот марказлари ва кутубхоналар очди, расмий тадбирларда нутқ сўзлади. У 2016 йилда — 94 ёшида вафот этгач, севимли турмуш ўртоғи Ронни ёнига дафн қилинди.
Розалин Картер
Биринчи хонимлик даври: 1977—1981
Розалин Картер эрининг сиёсий фаолиятига шунчалик шўнғиб кетганидан ҳатто унинг алоҳида идораси ҳам бўлган. 1981 йилги сайловлардаги мағлубияти унга ҳақиқий зарба бўлди. Тарихда Оқ уйни тарк этишни истамаган бундай биринчи хоним бўлмагандир. Аммо Роналд Рейганнинг ғалабасини энди бекор қилиб бўлмасди.
Бироқ Нэнси мисли кўрилмаган хайрихоҳлиги билан Розалиннинг кўнглини топди — Рейганнинг рафиқаси ҳам президент Картернинг рафиқаси каби гендер тенглигини ҳимоя қилди. Розалин ва унинг турмуш ўртоғи Жоржияга кўчиб ўтгандан сўнг, сиёсий ҳаётда фаол иштирок этишди: улар руҳий касалликларни ўрганиш ва даволаш марказларини очишди, дипломатик ваколатхоналар билан Яқин Шарққа саёҳат қилишди, радио ва телевидениеда тез-тез намоён бўлишди. Розалиннинг ўзи аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташаббусларини илгари суриш учун ўзидан олдинги собиқ биринчи хонимлар билан тез-тез алоқада бўлди. 2007 йилда эса у руҳий касаллиги бўлган одамларни суғурта қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини Конгрессга тақдим этишга эришди.
Розалин Картер 2020 йилда 93 ёшга тўлди ва ҳали ҳам сиёсий ишларда фаол. Мисол учун, уч ярим йил олдин у Калифорнияда ўлим жазосини бекор қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлаб чиқди, шунингдек, аввалги сайловларда Берни Сандерснинг Ҳиллари Клинтонга қарши ғалабаси учун курашди. Бу ишлар, албатта, Розалиннинг ҳар қандай собиқ биринчи хоним учун стандарт қоида бўлган хайрия тадбирларини ҳисобга олмагандаги фаолияти жумласидан.
Жаклин Кеннеди
Биринчи хонимлик даври: 1961—1963
Оқ уйнинг машҳур севимли хоними Жаклин Кеннедининг ҳаёти фожиали тарзда якунланди: эрининг омма олдида ўлдирилиши, оғир дафн маросими ва, албатта, унинг президентлик саройидан деярли очиқчасига жирканиши билан. Оқ уйдан кўчиб кетгач, Жаклин ҳайдовчисига уни бир вақтлар севимли жойидан ўтадиган йўналишларга олиб бормасликни атайлаб буюргани ҳам бежиз эмас. Қайғуга ботган собиқ биринчи хоним деярли бир йил мотам тутди, фақат вақти-вақти билан эрининг хотирасига ҳурмат бажо келтириш учунгина омма олдида кўриниш берди. Аммо мамлакат олдидаги масъулият аста-секин бундай қайғуга бардош беришга ўргатди: Вьетнам уруши авжида Жеки ҳатто дипломатик миссия билан Камбожага жўнади ва бунинг учун у «АҚШнинг алоҳида топшириқлар бўйича элчиси» норасмий унвонини олди.
У ҳақдаги қолган маълумотларни эса кўплаб фильмлар, китоблар ва афсоналардан билиб олиш мумкин. Хавфсиз ва танҳо ҳаёт излаб Жеки грек магнати ва Монако князлари оиласининг яқин дўсти Аристотел Онассисга турмушга чиқди, бахтга қарши бу умр йўлдоши ҳам жуда эрта вафот этди. 46 ёшли гўзал Жаклин иккинчи марта бева қолди. Албатта, иккита юқори даражадаги никоҳ Жекига папараццилар орасида мисли кўрилмаган машҳурлик келтирди — кейинчалик фақат малика Дианагина бундай журналистик таъқибларга дуч келганди. Сариқ матбуот вакиллари кунига 24 соат янги суратлар илинжида Жаклиннинг кетидан қолишмади — ҳатто собиқ биринчи хонимни оддий ҳаёт кечириш учун рўйхатдан ўтган нашриётлардан бирига муҳаррир бўлиб ишга кириши ҳам бундан қутқара олмади. Аммо энди жамоатчилик эътиборидан қочиб бўлмасди. Жаклин рад эта олмайдиган ягона нарса бу — Қўшма Штатлар ёдгорликлари ва меъморий меросини ҳимоя қилиш эди. Жаклин биринчи хоним сифатида шундай қилди ҳам, вафотига қадар, яъни 1994 йилгача шу иш билан шуғулланди.
Элеанора Рузвельт
Биринчи хонимлик даври: 1933—1945
Ўз қарорларида фаол ва жасоратли, айнан шу хоним биринчи хоним институтини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтара олди. Айнан унинг шарофати билан ҳозирда ҳар бир президент турмуш ўртоғини шу қадар яқиндан кузатиб боряпмиз.
Элеанора Рузвельт ҳам Жаклин Кеннеди сингари Оқ уйни бева сифатида тарк этди: турмуш ўртоғи 1945 йил 12 апрелда — Иккинчи жаҳон уруши тугашига бир ой қолганда вафот этди. Элеонора ҳатто Франклин Рузвельт ҳаётлик даврида ҳам консерватив тузумни ғазаблантирган турли сиёсий ташаббусларни гапириб, ҳеч қачон тинч ўтирмаган. Сўнгги ойларда унинг асосий ташвиши БМТни ташкил қилиш эди, шунинг учун эрининг вафотидан кейин ҳам бу ишдан воз кечмади.
Яхшиямки, янги президент Трумен собиқ биринчи хонимнинг фаол ҳаракатини юқори баҳолади. Элеонора нафақат ташкилотнинг биринчи сафида турди, балки АҚШнинг Бош ассамблеядаги биринчи делегати бўлди. Кейинчалик собиқ биринчи хоним Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини ишлаб чиқишда бевосита иштирок этди, шунингдек, феминизм ғояларини илгари сурди. Иккинчиси унга президент Кеннеди маъмуриятига киришига яшил чироқ бўлиб йўл очди – Элеонора президентнинг аёллар мақоми бўйича қўмитаси раиси бўлди. Бир сўз билан айтганда, Қўшма Штатларнинг биринчи хоними урушдан кейинги инсоният тарихидаги деярли барча муҳим воқеаларга бевосита муносабат билдира олган. Президент Труменнинг уни тез-тез «Дунёнинг биринчи хоними» деб атагани ҳам бежиз эмас.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)