АҚШ ҳукумати Хитойнинг икки фуқаросини жосусликда гумонлаб ҳибсга олди. Бу ҳақда мамлакат Адлия вазирлигига таяниб Associated Press хабар берди.

Улар АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари ва уларнинг базалари ҳақида махфий маълумотларни тўплашда айбланмоқда. Шунингдек, хитойликлар АҚШ ҳарбий хизматчиларини Хитой Давлат хавфсизлик вазирлиги фойдасига ёллашга уринганликда ҳам гумон қилинмоқда.
Иккала эркак ҳам 27 июнь куни Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) ва АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари Жиноят қидирув хизмати ходимлари томонидан қўлга олинган. Улардан бири Орегон штатида, иккинчиси Техас штатининг Хюстон шаҳрида ушланган.
Терговга кўра, улар Хитой разведкаси топшириғи билан бир қатор вазифаларни бажарган, жумладан, махфийликни сақлаган ҳолда молиявий маблағларни ўтказишни ташкил қилган.
Айбланувчилар хорижий разведка хизмати топшириғи билан ҳаракат қилган. Бу — Хитой Коммунистик партиясининг Америка институтларига кириб бориш ва уларнинг фаолиятига путур етказишга қаратилган кенг кўламли саъй-ҳаракатларининг бир қисмидир. Биз бу уринишларга чек қўйдик ва аниқ баён қиламиз: АҚШ ўз ҳудудида жосуслик билан муроса қилмайди, деди ФҚБ директори Кеш Пател.
Маълумотларга кўра, бир неча йил аввал айбланувчилар АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари объектларига ташриф буюриб, у ерда ҳарбий хизматчиларнинг шахсий маълумотлари ёзилган эълонлар тахтасини суратга олган. Кейинчалик ушбу материаллар Хитой Давлат хавфсизлик вазирлигига топширилгани айтилмоқда.
Изоҳ (0)