Туриннинг “Ювентус” клуби Мадриднинг “Реал” жамоаси сафида ўз ўрнини топа олмаётган бразилиялик ҳужумчи Эндрикни ижарага олиш бўйича музокараларни бошлади. Бу ҳақда Sport.es нашри хабар бермоқда.

Манбага кўра, “Ювентус” 18 ёшли футболчини ёзги трансфер ойнасида ижарага олиб, унга Италия чемпионатида мунтазам ўйин амалиёти беришни режалаштирмоқда. Эндрик бу борада ҳали аниқ қарор чиқармаган бўлса-да, кўплаб ОАВларда ҳужумчининг “қаймоқранглилар”ни тарк этиши эҳтимоли юқори баҳоланмоқда. Сабаби — у ҳозирча “қироллик клуби”да асосий таркибдан жой ололмаяпти. Айни шу омил уни “Реал”ни вақтинча тарк этишга ундаши мумкин.
Бразилиялик истеъдодга “Ювентус”дан ташқари яна икки клуб — “Милан” ва “Комо” ҳам қизиқиш билдирган. Шунга қарамай, Эндрикнинг ўзи ҳозирча “Реал Мадрид”ни тарк этиш ниятида эмас.
Эслатиб ўтамиз, ўтган мавсумда Эндрик “Реал” сафида Ла Лига доирасида 22 та ўйинда майдонга тушиб, атиги битта гол киритган эди.
Изоҳ (0)