2024 йил 29 январь куни босқинчи Исроил ҳарбийлари Ғазо секторида 6 ёшли қизча ва унга ёрдамга шошилаётган тиббиёт ходимларини ваҳшийларча ўлдиради. Унгача эса босқинчилар қизчанинг опаси ва қариндошларини унинг кўз ўнгида ўлдиришганди. Афсуски, босқинчиларнинг бу иши ҳам Исроилга ён босаётган айрим давлатлар позициясини ўзгартира олмаяпти.

Бундан бир неча кун олдин ОАВда Малта ва Франция тез орада Фаластин мустақиллигини тан олиши ҳақида хабарлар чиқди. Франциянинг Фаластин давлатини шу пайтгача тан олмай келаётгани ажабланарли эмас. Чунки нафақат французлар, балки АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатларнинг аксарияти Фаластин мустақиллигини тан олмаган.
Жумладан, АҚШ, Канада, Мексика, Британия, Франция, Испания, Португалия, Германия ва яна бир қатор Европа давлатлари Исроил оккупацияси остида қолиб келаётган бу араб давлатини тан олишни истамай келяпти.
Бунинг асосий сабаби — уларнинг аксарияти босқинчи Исроилни ўзининг яқин сиёсий ва иқтисодий ҳамкори деб билишида. Бироқ 2023 йилнинг кузида Ғазо секторини назорат қилиб келган ҲАМАС ҳаракати ва Исроил ўртасида қуролли можаро бошлангач, яҳудийлар давлати ҳаддидан ошди ва кўплаб тинч аҳолини ўлдирди.
Бу ҳолат айрим Ғарб давлатларини Фаластин мустақиллигини тан олишга ундади. Жумладан, Франция, Испания ва Малта тез орада Фаластин мустақиллигини тан олишга тайёрланмоқда.
Энди Ғазодаги қуролли можарога қайтсак, Исроил ҳарбийлари қарийб икки йилдан буён ҲАМАСга қарши кураш баҳонасида кўплаб фаластинликларни қириб юборди. Уларнинг деярли барчаси тинч аҳоли вакиллари – болалар, аёллар ва қариялар эди.

Бундан ташқари, Исроил ҳарбийлари кўплаб халқаро ташкилотлар ходимларини, жумладан, Халқаро қизил хоч ва Халқаро ярим ой ташкилоти кўнгиллилари, БМТ ходимлари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти шифокорларини ўққа тутиб, кўпчиликни ўлдириб юборишди.
БМТ резолюциялари ва бошқа кўплаб халқаро ташкилотларнинг чақириқларини писанд қилмай келаётган яҳудий давлати ҳарбийлари Ғазо секторини ўраб олиб турли хунрезликларни амалга оширяпти.
2024 йил январь ойида 6 ёшли қизча – Ҳинд Ражаб ва унинг қариндошлари, шунингдек, яраланган қизчага ёрдам бериш учун бораётган тиббиёт ходимларининг ўлдирилиши, Исроил давлати содир этган навбатдаги ваҳшийлик бўлди. Бироқ ҳар томонлама Исроилни қўллаб келаётган Ғарб давлатлари бу фожиага ҳам шунчаки кўз юмди.
Ваҳшийлик
2024 йил 29 январь куни Ҳинд Ражаб, унинг опаси ва ва яна беш нафар қариндошлари босқинчи Исроил ҳарбийлари томонидан ўққа тутилаётган Ғазо секторидан тинчроқ жойга чиқиб кетишга қарор қилади.
Оила Ғазодаги Тел ал-Ҳава туманидан енгил машинага ўтириб йўлга тушади. Шу пайтда ўша атрофда бўлган Исроил танки машинага қарата снаряд отади. Оқибатда қизчанинг холаси, тоғаси ва уларнинг уч нафар фарзанди ҳалок бўлади.
Ҳинд Ражаб ва унинг 15 ёшли опаси Ҳамада яраланиб, тирик қолишади. Шундан сўнг Ҳамада Фаластин Қизил ярим ой жамиятига қўнғироқ қилади ва ёрдам сўрайди.
Ташкилот ходимлари билан гаплашаётган қиз йиғи аралаш “Рўпарамизда танк турибди, улар бизни ўққа тутишяпти. Биз енгил машинадамиз. Қариндошларимиз ҳалок бўлишди” дейди.
Қиз Қизил ярим ой жамияти ходимлари билан гаплашиб турганда босқинчилар унга ўқ узишади ва Ҳамада ҳам ҳалок бўлади. У билан гаплашиб турган ходимлар ўқ овозларини ва қизнинг қичқириб йиқилганини эшитиб туришарди.
Ҳамада жон бергач, алоқа узилиб қолади. Қизил ярим ой жамияти ходимлари такроран қўнғироқ қилишганда телефонни олти ёшли Ҳинд Ражаб олади ва опаси босқинчилар ўқидан ҳалок бўлганини айтади.

Ҳинд йиғлар экан, машинада, ёнида олти кишининг жасади борлигини, исроилликлар танки яқинлашиб келаётганини маълум қилади. Шундан сўнг ходимлар унга алоқани узмасликни, тез орада ёрдамга боришларини айтишади.
Ҳинд Ражаб йиғлар ва “Илтимос, қўрқяпман, мени олиб кетинглар” деб ёлворарди. Қизил ярим ой жамияти ходимлари унга ҳаракатланмай жим ётишни ва босқинчилар эътиборини жалб қилмасликни сўрашади. Қизча улар айтгандай йўл тутади.
Ўша пайтда Ҳинд турган жой исроиллик босқинчилар томонидан ўраб олинганди. Шу учун Фаластин Қизил ярим ой жамияти тез ёрдам машинасини қизча турган жойга ўтиши учун босқинчилар билан музокара ўтказади.
Бир неча соат деганда босқинчилар тез ёрдам машинасини Ҳинд турган жойга ўтказиш учун йўлак очишга рози бўлишади. Бу пайтда ходимлар Ҳинд билан телефон алоқасини узишмайди ва у билан гаплашиб қизга далда бериб туришади.
Тез ёрдам машинаси қизча турган жойга қараб борар экан, босқинчи Исроил ҳарбийлари уни лазерли қурилма билан нишонда ушлаб туришади. Тиббиёт ходимлари бу ҳақда ташкилотга хабар беришади. Кўп ўтмай ўқ овози эшитилади ва тез ёрдам машинасида бораётган тиббиёт ходимлари билан алоқа узилади. Бошқа томондан узилган ўқ овозидан сўнг Ҳинд Ражаб билан ҳам алоқа йўқолади.
Қизча ва унга ёрдамга ошиқаётган Фаластин Қизил ярим ой жамияти тиббий ходимлари бедарак кетишади. Ўша пайтда босқинчилар ўраб олган ҳудудга кириб, уларни қидиришнинг мутлақо имконияти йўқ эди.
Орадан 12 кун ўтгач Ҳинд Ражабнинг оиласи босқинчилар ўқига учраган Kia ва тез ёрдам машинасини топади. Енгил машинада Ҳинд Ражаб, унинг опаси ва қариндошларидан иборат етти кишининг жасади бор эди. Сал нарида снаряд билан зарба берилган тез ёрдам машинаси пачақланган ҳолда турар, унинг ичида эса икки нафар Қизил ярим ой жамияти тиббий ходимлари жонсиз ётарди.
Дастлабки суриштирув
Ҳинд Ражаб ва унинг қариндошлари ҳамда тез ёрдам ходимлари босқинчилар томонидан ўлдирилгани ошкор бўлгач бир нечта халқаро ташкилотлар суриштирувни бошлаб юборади.
Унда тез ёрдам машинасига АҚШда ишлаб чиқарилган снаряд билан зарба берилгани, босқинчилар бу ваҳшийликни кундузи, атрофни кўриш мумкин бўлган пайтда амалга оширгани аниқланади.

Шунингдек, Фаластин Қизил ярим ой жамияти диспетчерларида Ҳамада ва Ҳинднинг қўнғироқ пайтида гапирган гаплари, уларга узилган ўқ ва тез ёрдам машинасига берилган снаряд зарбаси овозлари сақланиб қолганди.
Халқаро ташкилотлар барча далилларни ўрганиб чиқиб босқинчилар халқаро гуманитар ёрдам қоидаларни бузгани ва тинч аҳоли вакилларини ўлдирганини маълум қилади.
Бироқ Исроил томони айбловларни рад этади. Босқинчилар Kia ичида кимлар ўтирганини кўриш мумкин бўлмаган узоқликда бўлгани ва Исроил ҳарбийлари унда ҲАМАС аъзолари бор деб гумон қилганини айтишади.
Ҳинд Ражабга эса тез ёрдам машинаси бориши шарт эмаслиги ва Фаластин Қизил ярим ой жамиятига тегишли тез ёрдам машинаси лозим бўлмаган йўлдан юриб жанговар ҳаракатлар давом этаётган жойга ўзбошимчалик билан кириб борганини ва тасодифий отилган снарядга дуч келгани айтилади.
The Washington Post, Sky News ва Forensic Architecture суриштирувлари
Кўп ўтмай АҚШнинг The Washington Post нашри ва Британиянинг Forensic Architecture мустақил тадқиқот ўтказувчи ташкилоти томонидан суриштирувлар ўтказилади.
Сунъий йўлдошдан олинган кадрлар Исроил томони ёлғон маълумот берганини ва уларнинг танки енгил машинага жуда яқин жойда бўлганини кўрсатади.
Шунингдек, нашр босқинчилар танки тез ёрдам машинасига айнан АҚШ Исроилга етказиб берган снаряд билан зарба берганини тасдиқлайди.
Бундан ташқари, тез ёрдам машинаси Исроил мудофаа вазирлиги томонидан тасдиқланган тез тиббий ёрдам машиналари ҳаракатланиши белгиланган маршрутдан юргани маълум бўлади.
2024 йил июнь ойида Forensic Architecture ташкилоти Исроил танкидан Ҳинд Ражаб ва унинг қариндошлари кетаётган енгил машина тинч аҳоли вакиллари борлигини кўриш мумкин бўлган узоқликда ҳаракатланганини ва Kia’га босқинчилар томонидан жами 335 та ўқ узилганини маълум қилади.

Шунингдек, Британия ташкилоти Ҳинд Ражабни қутқариш учун бораётган тез ёрдам машинаси рухсат этилган ва белгиланган йўналиш бўйича ҳаракатлангани, бироқ Исроил ҳарбийлари халқаро нормаларга зид равишда унга зарба берганини таъкидлайди. Британиянинг Sky News нашрининг ёзишича, Ҳинд Ражаб ва унинг қариндошлари ўлдирилган кунда улар ўтирган тюбик машинадан 300 метр узоқликда Исроилнинг 15 тача ҳарбий техникаси бўлган.
Бу Исроил томонининг ўша куни қизча ва унинг яқинлари кетаётган атрофда яҳудий давлати қўшинлари йўқ эди деган даъвосининг ёлғонлигини исботлайди.
Ҳодисага БМТ муносабати
Маълумки, бундан қарийб 80 йил аввал дунёда уруш ва бошқа қуролли можароларга йўл қўймаслик мақсадларида ташкил этилган Бирлашган миллатлар ташкилоти ўтган асрда ҳам, 21-асрда ҳам ўз вазифасини бажара олмаяпти. Оқибатда қудратли давлатлар халқаро майдонда хоҳлаган ишини қиляпти. Шу жумладан, асосан АҚШга суянадиган ва шу давлатдан ёрдам оладиган Исроил ҳам.
Шу сабабли ҳам 1948 йилда БМТ резолюцияси билан ташкил этилган Фаластин давлати АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатларининг босими туфайли ҳануз бу ташкилот аъзоси эмас ва ҳозирча кузатувчи мақомида қоляпти.
Шунингдек, БМТнинг сиёсий иродаси заифлиги учун 1948 йилдан ҳозиргача Исроил Фаластинга тегишли бўлган катта ҳудудларни босиб олди. Яҳудийлар давлати Фаластиндан босиб олинган ҳудудлардан арабларни қувиб чиқариб, у ерларда яҳудийлар учун турар-жойлар барпо этмоқда.
Ҳинд Ражаб ва унинг қариндошларининг ўлдирилиши билан боғлиқ ҳодиса ОАВда хабар қилиб берилар экан, чалажон бўлиб қолган БМТ ҳам тилга киради ва Исроил ҳарбийларининг бу ҳаракатини қоралайди.
Жумладан, 2024 йил июлда БМТ томонидан ёлланган мустақил экспертлар Исроил ҳарбийлари амалга оширган хунрезлик ҳарбий жиноят эканини айтиб чиқади. Бироқ ҳанузгача БМТ босқинчиларнинг бу ишини ҳарбий жиноят деб малакаламади.

Ҳодисага омманинг муносабати
Ҳинд Ражаб ва қариндошларининг жасади топилганидан сўнг мунтазам яҳудий давлати тарафини олиб хабар тарқатувчи айрим Ғарб нашрлари Исроилни тилга олмай “бедарак йўқолган 6 ёшли қизча ўлик ҳолда топилди” деб хабар беришди.
Бу иш бутун дунё бўйлаб Фаластин учун жон куйдириб, оммавий намойишларга чиқиб юрган фаолларнинг жаҳлини чиқарди ва улар Ғарб ОАВларини яна иккиюзламачиликда айлаб чиқишди.
Ҳинд Ражабнинг онаси қизининг ўлимидан сўнг халқаро ташкилотлар, яҳудийлар давлатини қўллаётган Ғарб давлатларига ва Исроил армиясига “Яна қанча оналарнинг боласини йўқотишини ва айрилиқ оғриғини ҳис қилишини кутяпсизлар? Яна қанча боланинг ўлишини хоҳлайсизлар?” деб хитоб қилиб чиқади.
Халқаро Қизил ярим ой ташкилоти ҳодисада Исроилни айблаб, тез ёрдам машинасини нишонга олганликда айблади. Фаластин Ташқи ишлар вазирлиги Халқаро жиноий судни Ҳинд Ражаб ва қариндошларининг ўлими айбдорларини жавобгарликка тортишга чақирди.
2024 йил 13 февраль куни “Ҳамма учун адолат” (Justice For All) инсон ҳуқуқлари гуруҳи Исроил армиясини бир нечта ҳарбий жиноятларда айблаб, Ҳинд Ражабнинг ўлими бўйича Халқаро жиноят судига даъво аризаси киритади.
Ҳинд Ражабнинг ўлимидан сўнг Америкадаги олий таълим муассасаларида норозилик намойишлари бошланиб кетади. Жумладан, 2024 йил апрелда Фаластин тарафдори бўлган талабалар Нью Йорк шаҳридаги Колумбия университети кампусидаги ўқув биноси – Ҳемилтон Ҳоллни эгаллаб олишади.
Улар бино номини Исроил ҳарбийлари ўлдирган қизча шарафига Hind’s Hall деб ўзгартиришни талаб қилиб катта баннер илишади. Ўша куни CNN телеканалида ўқув биноси номини ўзгартириш муҳокама қилинаётганда бошловчи Кейси Хант томошабинларга “Ҳинд Ғазода ўлдирилган аёлга ишора”, деб тушунтиради.
Унинг бу таърифи CNN телеканалининг Исроилга мойиллиги ва фаластинлик болаларни катталардек кўрсатиш орқали камситиш мисоли сифатида танқид қилинади.
2024 йил 16 май куни Берклидаги Калифорния университетида Фаластин мустақиллиги учун намойиш ўтказган талабалар кампусдаги тарихий бинони эгаллаб олишади ва уни “Ҳинд уйи” деб номлашади.
Ҳинд Ражабнинг ўлдирилиши АҚШдаги бир қатор санъаткорларни ҳам таъсирлантиради ва уларнинг айримлари исроиллик ҳарбийлар томонидан ўлдирилган 6 ёшли қизчага қўшиқлар ёзишади.
Жумладан, 2024 йил май ойида америкалик реп ижрочиси Макклемор Ҳинд Ражабга бағишланган ва талабалар норозиликларини қўллаб-қувватловчи Hind’s Hall норозилик қўшиғини чиқаради. Шунингдек, қўшиқчи жаҳон мусиқа индустриясини уруш каби муҳим глобал муаммолардан кўра “майда масалаларни” биринчи ўринга қўйгани учун танқид қилади.
2024 йил сентябрь ойида у Hind’s Hall 2 қўшиғини оммага тақдим этади. Янги қўшиқда фаластинлик рэпер МC Абдул, келиб чиқиши фаластинлик бўлган америкалик қўшиқчи Аnееs, ёзувчи ва фаол Амер Заҳр вокаллари ва L.А. Palestinian Kids хор жамоаси, Lifted! Youth Gospel Choir хори, Tiffani Uilson and Friends каби мусиқачилар ҳам иштирок этишади.
Хулоса
Ҳинд Ражаб ва қариндошларининг ўлдирилиши бу Исроил ҳарбийлари томонидан содир этилган ягона ҳодиса эмас. Бу ҳолат 1948 йилдан буён муттасил тарзда давом этиб келяпти.
Узоққа бормайлик, маълумотларга кўра, 2017 йилдан 2021 йилгача 4 йил давомида Исроил ҳарбийлари 1 260 та ҳолатда Фаластиннинг турли ҳудудлари тинч аҳолисига нисбатан турли кўринишда ҳарбий жиноятларни содир этган.

Бироқ ўша хунрез Исроил аскарларининг атиги 1 фоизи ҳарбий жиноятларда айбланган. Қолганлари бўйича БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар Исроил фойдасига сукут сақламоқда.
Бу шуни англатадики, Фаластиннинг тинч аҳолисига нисбатан турли зўравонликлар ва ҳарбий жиноятлар содир этаётган Исроил ҳарбийлари ва давлати ҳеч қандай жазо олмаяпти учун бундай ғайриинсоний ишлар САХАЛ аскарлари учун оддий ҳолга айланиб бўлган.
Яна бир маълумот, 2023 йил октябрдан ҳозиргача Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган ҳужумлари оқибатида қарийб 55 минг одам ҳалок бўлган. 124 мингдан ошиқ одам яраланган.
Исроилнинг узоқ йиллардан буён содир этаётган ҳарбий жиноятларига британиялик журналист Оуен Жонс The Guardian нашрида берилган мақоласида шундай таъриф берган:
“Ҳар бир ваҳшийлик билан амалга оширилган хунрезликдан сўнг Исроил давлати анчадан буён фойдаланиб келаётган стандарт тактикасини қўллайди: жиноят содир этганини рад этади, ёлғонларни қалаштириб, оммани чалғитади ва жамоатчилик диққатини бошқа нарсага тортишга ҳаракат қилади”.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади
Изоҳ (0)