2022 йил февралда Россия армияси Украинага бостириб киргач, НАТОга аъзо давлатлар дарҳол бу босқинга қарши зарур чоралар кўриш масаласида келишиб олди. Бироқ 2024 йил кузда Дональд Трамп АҚШ президентлигига қайта сайлангач, Украинага ёрдам беришни тўхтатишини маълум қилди ва амалда шундай бўлди. Таҳлилчилар ҳозир Трамп туфайли АҚШ ва Европа давлатлари ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик энг паст даражага тушганини таъкидлашмоқда. Бироқ бу вақтинчалик бўлиши ва вазият Трампдан кейинги президент даврида яна ўз ўрнига тушиши мумкин.

1945 йил май ойида фашистлар Германияси сўзсиз таслим бўлгач, 17 июлдан 2 августгача Подстам шаҳрида халқаро конференция ўтказилади. Шу жойда СССР раҳбари Иосиф Сталин Москва совет ҳарбийлари озод қилган ҳудудларни ўз таъсир доирасида сақлаб қолишини маълум қилади.
Ўшанда Британия бош вазири Черчилл ва АҚШ президенти Ҳарри Трумен Сталиндан ҳеч бўлмаганда полякларни “ўз ҳолига қўйиш” ва Лондонда қувғинда бўлган Польша ҳукуматини Варшавага қайтаришга рухсат сўрашади. Бироқ СССР раҳбари бу таклифни рад этади.
Шундан сўнг АҚШ нафақат Германия балки Ғарбий Европадаги аксарият давлатларда ўз ҳарбий контингентини жойлаштириш масаласини кўриб чиқади ва кўп ўтмай бу иш амалга оширилади.
Шу тариқа Европа иккига бўлинади. “Кўҳна қитъа”нинг шарқий қисмида жойлашган қарийб барча давлатлар СССР таъсир доирасига тушади ва советлар уларда социалистик тузум ўрнатади.
Қитъанинг ғарбий қисмидаги давлатлар эса капиталистик йўлдан кетишади ва уларга АҚШ ҳарбий базалари жойлаштирилади.
Япония таслим бўлганидан кейин ўзини урушнинг асосий ғолиби деб атайдиган СССР ва Ғарб дунёси лидери АҚШ янги ҳудудларни ўз таъсир доирасига олиш учун кескин рақобат бошлайди.
Ҳар икки томон энг аввал Хитойни ўз таъсир доирасига олишга уриниб кўради. Бу рақобатда СССР ютиб чиқади ва советлардан ҳарбий ёрдам олган Мао Сзедун бошчилигидаги Хитой коммунистлари ғалаба қозонади. Хитойнинг расмий ҳукмдори Чан Кайши ўз тарафдорлари билан Тайван оролига қочиб кетишга мажбур бўлади.
Кейин навбат Корея яриморолига келади. Бу ерда 1950-1953 йиллар мобайнида фуқаролар уруши бўлиб ўтади ва охир-оқибат яриморол иккига бўлинади. Шимолда советлар таъсири остида бўлган Корея халқ демократик республикаси, жанубда Американинг “этагини тутган” Корея республикаси ташкил этилади.
Ана шундай шароитда Европадаги қатор мамлакатлар АҚШ ҳимоясида яшашни қонунийлаштириб қўйиш мақсадида ҳарбий блок тузишга қарор қилишади.
НАТОнинг ташкил топиши
1948 йил мартда Бельгия, Британия, Люксембург, Нидерландия ва Франция “Ғарбий Европа иттифоқи” номланган ҳарбий блог ҳақидаги келишувни имзолайди. Кўп ўтмай бу иттифоққа АҚШ ва Канада ҳам қўшилиш хоҳишини билдиради. Кўп ўтмай иттифоқ Ғарбий Европадаги бошқа давлатларда ҳам қизиқиш уйғотади.
Орадан бир йил ўтгач, 1949 йил 4 апрель куни Европанинг ўнта, Шимолий Американинг иккита давлатидан келган вакиллар коллектив хавфсизликни таъминлаш мақсадида ҳарбий блок шартномасини имзолашади.
Европадан Бельгия, Буюк Британия, Дания, Исландия, Италия, Люксембург, Нидерландия, Норвегия, Португалия, Франция, Шимолий Америкадан АҚШ ва Канада томонидан ташкил этилган бу блокга НАТО (North Atlantic Treaty Organization) – Шимолий Атлантика ҳарбий ташкилоти деб ном берилади.

НАТОнинг 14та бўлимдан иборат низоми бор. Низомда 6-бўлим энг муҳим ҳисобланиб, унда “Ташкилотга аъзо давлатлардан бирига ҳужум қилинса, бу ҳолат ташкилотнинг бошқа аъзоларига ҳам агрессия қилинган деб баҳоланади ва жавоб чоралари кўрилади”, деб ёзилган.
НАТО асосан СССР агрессиясига қарши тузилган. Ташкилот бош котиблари ёки Ғарб давлатлари буни ҳеч қачон сир тутишмаган ва бу ҳақда очиқ гапириб келишган.
Жумладан, 2009-2014 йилларда НАТО бош котиби лавозимида фаолият юритган даниялик сиёсатчи Андерс Фог Расмуссен альянс СССРнинг Европага эҳтимолий тажовузлари олдини олиш учун ташкил этилгани ҳақида гапириб, шундай деганди:
“НАТО дунёдаги вазият анча хавфли бўлиб турган пайтда тузилган эди. СССРнинг Европага таъсири кучайиб борар экан, ўшанда ўн иккита давлат нафақат хавфсизлик учун, балки инсоният учун энг асосий қадриятлар – эркинлик, демократия, инсон ҳуқуқлари кафолатлари, қонун устуворлигини ҳимоя қилиш учун бирлашди”.
НАТО штаб-квартираси Бельгия пойтахти Брюссел шаҳрида жойлашган. Ташкилотнинг ўнлаб бўлимлари бўлиб, уни асосан бош котиб бошқаради.
2024 йил маълумотларига кўра НАТОга аъзо давлатларда жами 3 млн 368 минг нафар ҳарбий хизматчи бор. Ташкилотнинг энг қудратли давлати АҚШ ҳисобланади ва бу давлат армияси таркибида қарийб 1,5 млн нафар ҳарбий хизматчи бор. Шунингдек, АҚШ армияси энг замонавий қуроллар, ҳарбий самолётлар ва кемаларга эга.
НАТОдаги энг йирик армияга эга иккинчи давлат – бу Туркия. Бу давлатда 350 мингдан ошиқ ҳарбий хизматчи бор. Польша ва Францияда – 200 минг, Британия – 185 минг, Германия – 181 минг ҳарбий хизматчи бор.
Ташкилотга аъзо давлатлар орасида энг кам ҳарбий хизматчи Люксембургда – 1 000 киши. Исландияда эса ҳарбий хизматчи умуман йўқ.

НАТОнинг кенгайиши
Таркибида дастлаб ўн икки давлат бўлган НАТОга 1952 йил 18 февралда Греция ва Туркия аъзо бўлиб киради. Грециянинг ташкилотга аъзо бўлиши “Туркиядан бўлаётган хавф” туфайли эди. Туркия эса СССР томонидан уюштирилаётган босимларга жавобан НАТОга аъзо бўлади.
1955 йил май ойида Германия НАТО аъзосига айланади. Урушдан кейин ҳозирги Германия иккига бўлинган, унинг шарқий қисмида советлар таъсири остида бўлган Германия демократик республикаси, ғарбий қисмида Германия федератив республикаси ташкил этилганди.
Ўша пайтларда ҳатто Берлинни ҳам иккига бўлиб олган советлар ГДРда жуда катта армияга эга эди ва ГФРга доимий равишда босим ўтказарди. Натижада ГФР Шимолий Атлантика ҳарбий блогига қўшилишга мажбур бўлади. 1982 йил 30 майда Испания НАТОга аъзо бўлади ва шу тариқа ташкилот аъзолари сони 16 тага етади.
1991 йилда СССР тарқаб кетгач, Шарқий Европадаги давлатлар зўравонлик устига қурилган социалистик тузумдан воз кечиб, Ғарбга юзланишади. Сўнг бирин-кетин НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топшира бошлашади.
Ташкилот энди ўзига аъзо бўлмоқчи бўлган давлатларга бир қатор шартлар қўя бошлайди ва уларни бажарганларни навбати билан ўз сафига қўшади.
Жумладан, 1999 йил 12 мартда Венгрия, Польша, Чехия, 2004 йилда Болгария, Латвия, Литва, Руминия, Словакия, Словения, Эстония НАТОга қўшилади.
Орадан ўн йил ўтгач, 2009 йил 1 апрелда Альбания ва Хорватия 2017 йил 5 июнда Черногория, 2020 йил 27 март куни Шимолий Македония ташкилот сафига қўшилади. Шу тариқа дастлаб 12 та давлат иштирокида тузилган альянс аъзолари сони 30 тага етади.
Юқоридаги давлатлар орасида Македониянинг НАТОга қўшилиши бир оз мураккаб кечади. Бунинг ўзига хос сабаблари бор эди.
Ташкилотга аъзо бўлишнинг муҳим шартларидан бири унга аъзо давлатларнинг барчасидан алоҳида розилик олиш ҳисобланади. Македония 2008 йилгача ариза топшириб бўлган ва аксарият давлатлар розилигини олганди. Бироқ 2008 йил Бухарестда ўтказилган саммитда қўшни Греция Македониянинг НАТО аъзоси бўлишига қарши чиқади ва бир нечта шарт қўяди.
Ана шу шартлардан энг асосийси – греклар Македониядан ўз расмий номини ўзгартиришни талаб қилишади. Улар Македония номи тарихан грекларга тегишли эканини ва мамлакат шимолидаги вилоятлар Македония деб номланишини айтишади.
Узоқ йиллар давом этган баҳслардан сўнг, Македония ўз номини Шимолий Македония деб ўзгартиради ва шундан сўнг Греция бу давлатнинг НАТОга аъзо бўлишига рози бўлади. Охир-оқибат 2020 йил 27 март куни Шимолий Македония ташкилот сафига қабул қилинади.
Сўнги кенгайиш
2022 йил 24 февраль куни Россия армияси Украинага бостириб кирди ва қисқа вақтда қўшни давлатнинг анча ҳудудини босиб олди.
Россиянинг Украинага босқини давом этар экан, у билан чегарадош бўлган Финляндияда хавфсизлик масаласи асосий ўринга чиқади.
Шунингдек, Скандинавияда жойлашган ва узоқ йиллар давомида бетараф давлатлардан бири ҳисобланиб келган Швеция ҳам ташқи сиёсатини ўзгартиради.
Ҳар икки давлат ўз хавфсизлиги учун НАТОга аъзо бўлишга қарор қилади ва ташкилотга ариза билан мурожаат қилади.
Аъзо давлатларнинг розилигини олиш Финляндия учун осонроқ кечади ва 2023 йилда бу давлат Шимолий Атлантика блогига қўшилади.
Швециянинг аризасини Туркия бир муддат қаноатлантирмай туради ва шведлар олдига бир қатор шартлар қўяди. Охир-оқибат шведлар Туркиянинг шартларига рози бўлади ва 2024 йилда ташкилот аъзосига айланади. Шу тариқа НАТО аъзолари сони 32 тага етади.
НАТОнинг бошқа давлатлар билан ҳамкорлиги
Бугун НАТО дунёнинг энг қудратли ҳарбий ташкилоти сифатида кўплаб давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади. Жумладан, ташкилот 1994 йилдан бошлаб дунёнинг кўплаб мамлакатлари билан “Тинчлик йўлида ҳамкорлик” дастури асосида ўзаро мулоқот олиб бормоқда.
Бу дастур бўйича ҳамкорлик қилинадиган давлатлар бир неча гуруҳга бўлинади. Масалан, Босния ва Герцоговина “Аъзолик учун ҳаракат” гуруҳига кирса, Украина ва Грузия “Ўзаро мулоқотни жадаллаштириш” доирасида ҳамкорлик қилади.
Озарбайжон, Арманистон, Қозоғистон, Молдавия ва Сербия билан “Якка тартибдаги ҳамкорлик” режаси бўйича ҳамкорлик қилинади.
“Тинчлик йўлида ҳамкорлик” йўналишидаги умумий гуруҳда эса Австрия, Беларусь, Ирландия, Қирғизистон, Малта, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Швейцария давлатлари билан ҳамкорлик қилинади.
Ўзбекистон ва НАТО ўртасида “Тинчлик йўлида ҳамкорлик” битими 1994 йил 13 июлда имзоланган. Ўшандан буён Ўзбекистон ҳам НАТО билан ўзаро ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бироқ сўнгги йилларда бу ҳамкорлик жуда пассив кўринишга келиб қолди.

Янги номзодлар
Россия Украинага бостириб киришидан аввал яна уч давлат – Босния ва Герцоговина, Украина ҳамда Грузия НАТОга аъзо бўлиш учун мурожаат қилганди.
Бироқ бу уч давлатнинг ташкилотга аъзо бўлиши яқин йилларда амалга ошмаса керак. Сабаблари қўйидагилар:
Босния. Бу давлат Босния ва Герцоговина федерацияси, Серб республикаси ва Брчко округидан иборат. Мамлакатнинг насроний серблар яшовчи қисми бўлган Серб республикаси Босниянинг НАТОга қўшилишини хоҳламайди. Шу сабабли бу давлатнинг ташкилотга аъзо бўлиши ҳозирча сўроқ остида.
Грузия. Бу давлатга тегишли бўлган Абхазия ва Жанубий Осетия 1990 йиллар бошларида ўзини мустақил деб эълон қилган. Ўшандан буён бу икки республика расмий Тбилиси назоратида эмас. Ана шу омил Грузиянинг НАТОга қўшилишига акс таъсир кўрсатади.
Агар келажакда Грузия Абхазия ва Жанубий Осетияга нисбатан даъволаридан кечса, балки НАТОга қўшилиши осон кечар. Бироқ грузинлар иккита “ўзбошимча” республикадан воз кечмоқчи эмас. Демак, ҳозирча Грузиянинг НАТОга аъзо бўлиши бўлиши имконсиз.
Украина. 2014 йилда Янукович Европа Иттифоқи билан Украина ўртасидаги интерация ҳақидаги шартномани имзолашдан бош тортди. Натижада украинлар уни ағдариб ташлашди ва Янукович Москвага қочди.
Шундан сўнг Россия Украина шарқида қуролли можаро келтириб чиқарди ва рус айирмачиларини ҳар томонлама қўллаб, Донецк ва Луганскни алоҳида бўлишига ёрдамлашди. Камига сохта референдум ўтказиб, Қримни босиб олди.
Бундай ҳолатда Украина ички муаммоларни бартараф қилмасдан, НАТОга қўшила олмасди. Камига 2022 йил 24 февраль куни Россия армияси Украинага бостириб кирди ва кенг кўламли уруш бошланди. Оқибатда Украинанинг муаммолари кўпайди ва бу давлат яқин йилларда НАТОга қўшила олмаса керак.
НАТОнинг кенгайишига СССР ва Россиянинг муносабати
Юқорида ёздик, НАТО ташкил этилганидан сўнг 1991 йил СССР парчаланиб кетганча ташкилотга бор-йўғи уч давлат қўшилган ва улардан фақат бир нафари – Туркия советлар билан чегарадош бўлган.
Шундай бўлса ҳам СССР ташкил этилган кунидан бошлаб НАТОни ўзига жиддий хавф деб билган ва бунга қарши чора кўришга киришган.
Жумладан, 1955 йил 14 май куни советлар ўз қўл остидаги “социалистик лагер”га кирувчи давлатлар: Альбания, Болгария, Венгрия, ГДР, Польша, Руминия, Чехословакия билан биргаликда ҳарбий иттифоқ тузади. Бу иттифоқ “Варшава шартномаси ташкилоти” деб номланади.

“Варшава шартномаси ташкилоти” тузилгандан сўнг СССР унга аъзо давлатлардаги ҳарбий контингенти сонини сезиларли оширади. Ташкилот 36 йил фаолият олиб боради ва СССР парчаланишидан бир оз аввал, 1991 йил 1 июль куни тарқатиб юборилади.
СССР парчалангач, Шарқий Европа давлатларининг НАТОга қўшилиши Россияга учун жиддий сигнал эди. Бироқ Ғарбнинг етакчи давлатлари раҳбарлари Россия раҳбари Ельцинни хавотирга ўрин йўқлигини, НАТО ҳеч қачон Россияга ҳужум қилмаслигини таъкидлаб келишган.
Россия “тахти”га Владимир Путин келгач вазият ўзгара бошлайди. Айниқса, 2008 йил 8 август куни Россия “ўз фуқароларини ҳимоя қилиш мақсадида” Грузияга бостириб киргач кескинлик ортади.
Бироқ ўшанда на НАТО ва на Ғарбнинг қайсидир давлати Грузияга ёрдам беришга ботина олмайди. Оқибатда Россия Грузия шаҳарларини бомбалайди, қуруқликдаги қўшинлар пойтахт Тбилисига қараб ҳаракатланади.
Россия армияси Тбилисига яқинлашиб қолганда Грузия президенти Михаил Сакашвили Грузия таслим бўлгани ҳақидаги ҳужжатга имзо чекишга мажбур бўлади.
Орадан олти йил ўтгач, Россия Украина шарқига бостириб киради ва Донецк ҳамда Луганскни, сўнг Қримни Украинадан тортиб олади. НАТО бу можарога ҳам аралашмайди.
Ўшанда 2014 йил 25 декабрда Владимир Путин янги ҳарбий доктринани тасдиқлайди ва унга кўра НАТОнинг Россия чегаралари томон кенгайиб келиши мамлакат учун жиддий хавф деб ҳисобланиши қайд этилади. Бу НАТО ва Россия муносабатларининг янада совуқлашишига олиб келади.
2016 йилда НАТО ва Россия муносабатлари бир оз изга тушади. Томонлар ўзаро мулоқотни қайта тиклайди. Бироқ 2018 йилда муносабатлар яна таранглашади. Оқибатда Россия ўзининг НАТОдаги вакилини Москвага чақириб олади.
2022 йил 24 февраль куни Россия армияси Украинага бостириб киргач, НАТО ва расмий Москва муносабатлари батамом издан чиқади. Тўғри, НАТО Украинага қўшин юбормайди. Лекин унга аъзо давлатлар украинларга индивидуал тарзда ёрдам бермоқда ва Украинага қурол-яроғ жўнатмоқда.
Россия ҳар доим НАТОнинг шарққа кенгайиши туфайли ўз хавотирларини билдирган. Украинага босқинни ҳам бу давлатнинг НАТОга аъзо бўлишининг олдини олиш учун бошлаганини айтади.
Бироқ русларнинг бу иши тескари эффект берди ва Россия билан жуда катта ҳудудда чегарага эга бўлган Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлишига олиб келди.
Келажакда нима бўлишини айтиш қийин, бироқ Россиянинг Украинага бостириб кириши дунёдаги тартибни бузиб юборди. Бугун НАТО Россияни жанубда ва шимолда тўлиқ ўраб турган бўлса, келажакда Европа томондан бутунлай ўраб олиш эҳтимоли ҳам бор. Буни вақт кўрсатади.
Трамп НАТОда қисқартириш қилмоқчи
Маълумки, НАТО ҳарбийларининг, ҳарбий техникаларининг ва молиявий манбаларининг асосий қисми АҚШ ҳиссасига тўғри келади. Бироқ 2024 йил кузда АҚШда ўтказилган сайловда Дональд Трамп ғалаба қозонгач, вазият ўзгармоқда.
2025 йил 20 январь куни Трамп АҚШ президенти вазифасига киришгач, ташқи сиёсатда кўплаб ўзгаришларни амалга оширишини маълум қилди.
Жумладан, у АҚШнинг Европада жойлашган ҳарбий контингенти сонини кескин қисқартиришини ва бундан буёғига Америка “Кўҳна қитъа” хавфсизлигига эътибор қарата олмаслигини маълум қилди.
Яна у НАТОга аъзо давлатлардан ташкилот харажатларини молиялаштириш учун ЙAIМ ҳажмининг 5 фоизигача маблағ ажратишларини талаб қилди. Ҳозирда бу кўрсаткич 1-2 фоизни ташкил этади.
АҚШ президентининг бу гаплари Европа давлатларида хавотирлар келтириб чиқарди. Шундан сўнг НАТО альянс мудофааси учун Германиядан еттита бригада, тахминан 40 мин аскар тақдим этишни сўради.

Маълумот учун, НАТОда ҳозир бригадалар сони 80 та, ташкилот келажакда уларнинг сонини 120-130 тагача оширишни режалаштирмоқда. Бироқ АҚШ Европадаги қўшинлари сонини кескин камайтирса, бу осон бўлмайди.
Бу орада Трамп Россияни НАТО ва Европа иттифоқи учун таҳдид деб ҳисоблашдан бош тортди. АҚШ етакчисининг бу қараши Россияни Европа ва НАТО учун таҳдид сифатида кўрадиган Ғарб етакчилари учун кутилмаган иш бўлди.
Трампнинг НАТО ва уни молиялаштириш ҳақидаги гапларидан сўнг Европа давлатлари келажакда агар АҚШ НАТОни молиялаштиришни камайтирса бунга тайёр туриш ва ташкилотни умумевропа миқёсида молиялаштиришни муҳокама қилмоқда.
Умуман олганда Дональд Трамп АҚШ президентига айлангач НАТОдаги бирдамлик путур етгандай туюляпти. Тўғри, Трампдан бошқаларнинг фикри ҳозирча бир жойдан чиқиб турибди. Бироқ ташкилотни асосан Америка молиялаштириб келаётгани инобатга олинса, бундан буёғига НАТОни аввалги ҳолатида ушлаб туриш осон бўлмайди. Балки, Трампдан кейин келадиган президент барчасини яна ўз ўрнига қўяр. Буни вақт кўрсатади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади
Изоҳ (0)