BBC’нинг 100 дан ортиқ ходими телерадиокомпаниянинг бош директори Тим Девига очиқ хат ёзиб, директорлар кенгашини Ғазодаги урушни ёритишда “Исроил тарафдори” бўлганликда айблади. Бу ҳақда Daily Sabah хабар берди.

Хатга 300 дан ортиқ оммавий ахборот воситалари мутахассислари, жумладан, актёрлар Мириам Марголес, Чарльз Данс ва режиссёр Майк Ли томонидан ҳам имзо чекилган.
Унда BBC ўз таҳририятининг стандартларига жавоб бермаганликда танқид қилиниб, Ғазодаги гуманитар инқирозни “етарлича ёритмаётгани” айтилган. Норозичиларнинг таъкидлашича, контентлар кўпинча “Исроил ҳукумати ва ҳарбийлари учун пиар” вазифасини бажармоқда.
Шунингдек, ички цензурага ҳам тўхталиб ўтилган. BBC ходимлари ижтимоий тармоқларда “Исроилни танқид қилувчи мақолаларни тарқатгани” учун айбланган. Баъзи контент яратувчилари эса таҳририят босимига учраганини айтмоқда. Мактубда BBC директорлар кенгаши аъзоси Робби Гиббнинг яҳудийлар билан алоқалари туфайли истеъфога чиқиши талаб қилинган. У Фаластинга қарши мақола нашр этишда ҳам айбланмоқда.
Таъкидланишича, BBC суратга олган “Ғазо: шифокорлар ҳужум остида” ҳужжатли фильм ҳам анча зиддиятларга сабаб бўлган. Дастлаб, фильм таҳририятнинг юқори даражадаги ходимлари томонидан маъқулланган. Бироқ фильм якуний таҳририят текширувларидан ўта олмаган. Бунга фильм муаллифларидан бири, журналист Рамита Наваи Исроилни “фирибгар давлат” деб атагани сабаб бўлгани айтилмоқда. BBC директорлар кенгаши эса фильмни тўхтатиш қарорига улар таъсир ўтказмаганини таъкидлаган. Кейинчалик ҳужжатли фильмни Channel 4 телеканали сотиб олган.
Изоҳ (0)