Дубай валиаҳд шаҳзодаси Шайх Ҳамдон бин Муҳаммад Dubai Mall’даги машҳур ресторанлардан бирида овқатланиб, у ерда бўлган барча меҳмонларнинг чекини тўлаб берди. Бу воқеа интернетда катта шов-шувга сабаб бўлди. Интернет фойдаланувчилари Бирлашган Араб Амирликларининг иккинчи йирик амирлигининг бўлажак ҳукмдорини олқишлай бошлади.

42 ёшли Шайх Ҳамдон Ла Маисон Ани ресторанига Абу Даби валиаҳд шаҳзодаси ва БАА бош вазири ўринбосари Шайх Холид билан бирга ташриф буюрган.
“Улар очиқкўнгиллик билан ресторандаги барчага салом беришди, сўнг ҳисобни сўраганимда, Шайх Ҳамдон ҳамма учун тўлаб кетганини айтишди. Фақатгина БААда шундай воқеанинг гувоҳи бўлиш мумкин”, дейди меҳмонлардан бири Khaleej Times нашрига. Гувоҳларнинг айтишича, шаҳзода тахминан 30 минг БАА дирҳами (8 минг долларга яқин) тўлаган.

Шайхнинг бундай сахийлиги ижтимоий тармоқларда турли изоҳларга сабаб бўлди. Кимдир унинг саховатини мақтади, бошқалар эса Шайх Ҳамдоннинг бойлигини ҳисобга олган ҳолда бу жуда кичик харажат эканини айтди.

Шайх Ҳамдон — Дубай ҳукмдори ва БАА бош вазири Муҳаммад ибн Рошид Ал Мактумнинг биринчи рафиқасидан туғилган ўғли. У Буюк Британиядаги Сандҳёрст ҳарбий академиясида, сўнг Лондон иқтисодиёт мактабида таҳсил олган.

Маълумот учун, Британия шаҳзодалари Гарри ва Уилям ҳам айнан шу ҳарбий академияда ўқиган. 2008 йилда 25 ёшида акаси Рошид тахтдан воз кечгач, у валиаҳд шаҳзода сифатида тайинланган. Forbes журнали 2011 йилда унинг бойлигини 18 миллиард долларга баҳолаган. 2019 йилда эса амакиваччаси Шайха бинт Саид бин Тани Ал Мактумга уйланган. Ҳозирда у тўрт фарзанднинг отаси.

Сўнгги йилларда Дубай ҳукмдори оиласи кўп бора жамоатчилик эътиборида бўлди. Жумладан, Шайх Ҳамдоннинг ўгай синглиси Шайха Маҳра турмуш ўртоғи билан тўйдан бир йил ўтиб ажрашганини Instagram саҳифасида эълон қилганди. Орадан кўп ўтмай у “Ажрим” номли атир ишлаб чиқариб, яна эътибор марказига тушди.
Изоҳ (0)