Сайловчилар ҳайъати кўпчилик овоз билан демократ Жо Байденни АҚШ президенти сайловларининг ғолиби дея тасдиқлади. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.
Байденга 306 сайловчи, унинг рақиби, амалдаги АҚШ президенти Дональд Трампга 232 сайловчи овоз берди. Ғалаба учун 270 та овоз тўплаш керак — Байден ушбу маррадан сайловчиларнинг Калифорниядаги мажлисидан кейин ўтган эди. Овоз беришда 50 та штат ва Колумбия округидан жами 538 сайловчи қатнашади.
АҚШда президент икки босқичли тизим асосида сайланади. Номзоднинг ҳар битта алоҳида штатдаги умумхалқ сайловидаги ғалабаси сайловчилар ҳайъати аъзоларининг муайян сонига мувофиқ келади — уларнинг сони штат аҳолиси сонига пропорсионал бўлади, Калифорния (55), Техас (38), Нью-Йорк (29) ва Флорида (29) энг кўп овозга эга.
Сайловчилар ҳайъати аъзолари ўзлари вакиллик қилаётган штат аҳолисининг кўпчилиги қўллаб-қувватлаган номзодни расман президентликка сайлайди.
23 декабргача сайловчилар ҳайъати овозларидан иборат бюллетенлар Вашингтонга етказилади. 2021 йил 6 январь куни овозлар АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси ва Сенатнинг қўшма мажлисида ҳисоблаб чиқилади. 20 январь куни сайланган президентнинг инаугурацияси бўлиб ўтади.
АҚШ президенти сайловларида, дастлабки натижаларга кўра, демократ Жо Байденга 81,2 миллион америкалик овоз берди, бу тарихий максимум ҳисобланади.
Сайловлардан кейин Дональд Трамп овоз бериш натижаларини тан олмади ва улар юзасидан судга даъво берди. Унинг ҳуқуқшунослари судларга ўнлаб турли даъволар билан мурожаат қилиб, овозларни қайта санаш ёки натижаларни бекор қилишни талаб қилди. Судлар улардан баъзиларинигина қондирди, аммо бу сайлов натижаларига аҳамиятли таъсир ўтказмади.
Ноябрь охирида Трамп журналистларга агар сайловчилар ҳайъати Жо Байденга овоз берса, Оқ уйдан кетишини айтганди.
Изоҳ (0)