АҚШ президенти Дональд Трамп Америка маъмуриятининг Эронга тинчлик ядро дастурини ривожлантириш учун 30 миллиард долларга яқин инвестиция олишда ёрдам бериш режалари ҳақидаги маълумотни рад этди. Бу ҳақда у Truth Social ижтимоий тармоғида ёзди.

Қайси ёлғончи ОАВ “Президент Трамп Эронга ҳарбий бўлмаган ядро объектлари қурилиши учун 30 миллиард доллар бермоқчи” деб айтмоқда? Бу бемаъни ғоя ҳақида ҳеч қачон эшитмаганман. Бу шунчаки ёлғончи ОАВ томонидан мени камситиш учун ўйлаб топилган навбатдаги уйдирма. Бу одамлар касал!”, дея таъкидлади Трамп.
CNN телеканали маълумотларига кўра, бундай ғоя сўнгги ҳафталарда Яқин Шарқ ва АҚШдаги асосий иштирокчилар томонидан муҳокама қилинмоқда. Хусусан, таклифлардан бири Эрон ядро дастурига 20-30 миллиард доллар миқдорида инвестиция киритишни назарда тутади. Бунда маблағлар Қўшма Штатлардан эмас, балки араб давлатларидан келиб тушади.
Таъкидланишича, инвестициялар масаласи Эрон-АҚШ музокараларининг бир неча босқичида муҳокама қилинган. Бундан ташқари, бу мавзу АҚШ президентининг махсус вакили Стивен Уиткоффнинг Форс кўрфази мамлакатлари вакиллари билан норасмий учрашувида ҳам кўтарилган.
CNN хабар беришича, бошқа таклифлар қаторида Эронга қарши санкцияларни қисман юмшатиш, шунингдек, Теҳронга хорижда музлатилган активларига киришни қайтариш имконияти ҳам тилга олинган. Бундан ташқари, Фордо шаҳридаги ядро объектини уранни бойитишни назарда тутмайдиган ядро дастури билан алмаштириш ғояси кўриб чиқилмоқда.
Изоҳ (0)