Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Исроил билан 12 кунлик уруш давомида кўрилган зарар “жиддий” эканини таъкидлади. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.

Ароқчи урушда кўрилган зарар ҳозирда Эрон Атом энергияси ташкилоти томонидан баҳоланаётганини айтмоқда.
“Зарарни батафсил баҳолаш Эрон Атом энергияси ташкилоти экспертлари томонидан амалга оширилмоқда. Зарарни ундириш масаласи ҳукуматнинг кун тартибида юқори ўринда турибди”, деди вазир.
У Эрон Қўшма Штатлар билан ядровий музокараларни қайта бошлашга тайёрланаётгани ҳақидаги тахминларни қатъиян рад этган.
“Музокаралар қайта тикланиши ҳақидаги баъзи тахминларни жиддий қабул қилмаслик керак. Шуни аниқ айтмоқчиманки, янги музокараларни бошлаш учун ҳеч қандай келишув ёки суҳбат ўтказилмаган. Музокараларни бошлаш режаси тузилмаган”, деб изоҳ берган Ароқчи.
Вазирнинг айтишича, БМТ билан ядровий ҳамкорликни тўхтатиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси қонунчилар томонидан қабул қилинган.
“Бундан буён Халқаро атом энергияси агентлиги билан муносабат ва ҳамкорлигимиз янгича тус олади”, деди у.
АҚШнинг Эрон ядровий объектларига ҳужуми
22 июнга ўтар кечаси АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШ қуролли кучлари Эрондаги учта ядровий объект — Фордо, Натанз ва Исфаҳонга муваффақиятли ҳужум уюштирганини маълум қилган. У Теҳрон можарони тўхтатишга рози бўлиши кераклигини таъкидлаган.
23 июнь куни Эрон Қатардаги Америка ҳарбий базаларига қарши операция бошлаган. АҚШнинг Ироқдаги базаси ҳам ҳужумга учраган. Қатар ўз ҳудудидаги ҳарбий базага берилган зарбалардан сўнг Эроннинг ҳаракатларини қатъий қоралаган. Мамлакат бевосита жавоб беришга ҳақли эканини билдирган. Қатарнинг баёнотини Саудия Арабистони ҳам қўллаб-қувватлаган. Шундан сўнг, Яқин Шарқдаги можаро кучайиши сабабли бир қатор давлатлар ўз ҳаво ҳудудини ёпган. 24 июнь куни Исроил ва Эрон ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича сулҳ кучга кирган.
Изоҳ (0)