АҚШнинг Эронга берган зарбалари ядро қуролини яратиш учун зарур бўлган инфратузилмани йўқ қилгани ҳақида мамлакат вице президенти Жей Ди Венс маълум қилган. Бу ҳақда Fox News хабар берди.

“Биринчидан, президент битта ҳам америкалик қурбонсиз Эрон ядровий дастурини йўқ қилди. Биз ҳозир бир ҳафта олдин тасаввур қилиб бўлмайдиган ҳолатдамиз. Ўша пайтда Эрон ядро қуролига эга бўлишга жуда яқин эди. Энди Эрон ўзида мавжуд бўлган ускуналар билан ядро қуролини яратишга қодир эмас, чунки биз уни йўқ қилдик”, деди Венс.
Қўшма Штатлар 21 июнь куни кечқурун “Тунги болға” операцияси доирасида Эроннинг Фордо, Натанз ва Исфаҳон ядровий объектларига зарба берганди. Исфаҳонга АҚШ сувости кемасидан йигирмадан ортиқ Томаҳаw ракеталари учирилган.
“Якуний жанговар зарарни баҳолаш бир оз вақт талаб қилади. Аммо дастлабки маълумотлар шуни кўрсатадики, ҳар учала объект ҳам ўта оғир зарар ва вайронагарчиликка учраган”, деди Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси Ден Кейн.
Кейннинг қўшимча қилишича, миссияда 125 дан ортиқ АҚШ самолёти, жумладан Б-2 яширин бомбардимончи самолётлари, ўнлаб ёқилғи қуйиш танклари, бошқариладиган ракета сув ости кемаси ва бошқалар қатнашган.
Венснинг Fox News’га айтишича, Қўшма Штатлар Эрон зарбалардан кейин келажакда ядровий салоҳиятини тиклашга уринмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун ҳаракат қилади.
“Бу жуда зўр иш бўлди. Исроил муҳим ҳарбий вазифани уддалади. Улар бизга Эрон ядро дастурини йўқ қилишда ёрдам берди. Шунингдек, яҳудий давлати уларга таҳдид солган Эроннинг анъанавий ракета салоҳиятини йўқ қилди”, деб қўшимча қилган вице президент.
Изоҳ (0)